Шарқий Европа социализмни соғинадими?

Шарқий Европа социализмни соғинадими?

1989 йилда Европада тарихий ўзгаришлар рўй берди. Коммунизм қулади, Шарқий ва Марказий Европа Совет Иттифоқининг таъсиридан халос бўлди. 1991 йилда эса иттифоқнинг ўзи ҳам тарқалиб кетди.

Темир парда кўтарилганидан кейин Шарқий Европа мамлакатлари ҳам ижтимоий, ҳам иқтисодий жиҳатдан дунёга очила бошлади. Қитъани оптимизм тўлқини қоплаб олди.

Орадан ўттиз йил ўтиб, собиқ Шарқий блок мамлакатлари сиёсий ва ижтимоий ўзгаришларни олқишламоқда. «Пью тадқиқотлар маркази» Германиянинг Кёрбер номли жамғарма билан ўтказган ва 19 минг киши иштирок этган «Коммунизм қулагандан ўттиз йил кейин Европада ижтимоий фикр» номли сўров натижалари ана шуни кўрсатди.

«Қониқиш даражаси иқтисодий фаровонликка боғлиқ, бу эса ажабланарли эмас», – дейди Кёрбер жамғармасининг Берлиндаги филиали раҳбари Нора Мюллер.

Сўров натижаларидан маълум бўлишича, Европа Иттифоқига қўшилган ва бундан иқтисодий фойда ола бошлаган мамлакатларнинг аҳолиси посткоммунистик ўзгаришлар ҳақида кўпроқ ижобий фикр билдирган.

«Иқтисодий қийинчиликларни бошидан ўтказаётган мамлакатларда, масалан, Болгарияда қониқиш ҳисси пастроқ», – дея изоҳлайди Нора Мюллер.

Тадқиқотчилар сиёсий ва иқтисодий ривожланишга боғлиқ равишда минтақалар орасида фарқ борлигини аниқлашди. Марказий ва Шарқий Европа мамлакатлари орасида кўп партияли тизим ва бозор иқтисодиётини энг кўп қўллаб-қувватлаганлар польшаликлар экани маълум бўлди – сўровномада қатнашганларнинг 85 фоизи. Чехияда бу кўрсаткич 80 фоизга, Словакияда қарийб 70 фоизга, Литвада эса 70 фоизга тенг.

Энг паст кўрсаткич Россияда қайд этилди: сўровнома иштирокчиларининг 43 фоизи кўп партияли тизимни ва атиги 38 фоизи бозор иқтисодиётини маъқуллаган.