Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Шавкат Мирзиёев бирорта тармоқни “зўр ишлади” дея олмаслигини айтиб ўтди
31.10.2019 17:27,  
590

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 31 октябрь куни макроиқтисодий кўрсаткичлар, солиқ-бюджет сиёсати, давлат бюджетининг жорий йилда кутилаётган ижроси ва 2020 йилга мўлжалланган параметрлар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Давлат бюджети деганда, аввало, давлат пул маблағларининг жамғармаси тушунилади. Солиқлар, божхона йиғимлари ва бошқа турдаги тўловлар кўринишида йил мобайнида давлат ғазнасига келиб тушган маблағлар, яъни, тушумлар орқали мамлакат бюджети шакллантирилади. Ушбу маблағлар, ўз навбатида, ҳаётимизнинг турли жабҳалари, қатор ижтимоий соҳалар ривожи учун мақсадли йўналтирилади.

Эслатиш жоиз, 2018 йилнинг 22 август куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев «Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга имзо чекди.

Мазкур қарорга мувофиқ, бюджет маълумотларининг очиқлигини янада ошириш мақсадида бюджет маблағларининг шаклланиши ва сарфланиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатишнинг янги тартиби белгиланган.

Ушбу тизимга кўра, 2020 йилдан бошлаб давлат бюджети қонун шаклида қабул қилинади ва халқ вакиллари томонидан назоратга олинади. Парламентга тақдим этиладиган Бюджет тўғрисидаги қонун лойиҳасида ва Бюджетномада аҳоли ва ташқи ҳамкорларимизга мамлакат бюджетининг ҳолати очиқ-ойдин, халқаро стандартларга мувофиқ тарзда кўрсатилади.

Республика бюджети борасидаги норматив ҳужжатлар Олий Мажлис томонидан, маҳаллий бюджетлар эса жойлардаги халқ депутатлари кенгашлари томонидан қабул қилинади. Қолаверса, харажатлар соҳалар бўйича эмас, вазирлик ва идоралар кесимида тасдиқланади. Идоралар мустақиллигини ошириш билан бирга, харажатларнинг самараси учун масъулияти ҳам кучайтирилмоқда.

Жорий этилаётган янги тизимнинг яна бир ўзига хос жиҳати – марказлашган бюджет сиёсатидан босқичма-босқич воз кечиш. Масалан, маҳаллий бюджетлар даромадини мустаҳкамлаш мақсадида автомототранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш йиғимлари маҳаллий бюджетга ўтказилмоқда. Алкоголь маҳсулотлари ва мобил алоқа хизматини кўрсатиш учун акциз солиғи тушумлари аҳоли сонидан келиб чиқиб ҳудудлар ўртасида қайта тақсимланади. Қўшилган қиймат солиғи ва юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи бўйича прогноздан орттириб бажарилган қисми тўлиқ худудларда қолдирилади.

2020 йилдан бошлаб маҳаллий бюджетларнинг қўшимча даромадлари кенгашлар томонидан маъқулланган йўналишларга ажратилади. Фақат кечиктириб бўлмайдиган харажатларгина ҳокимликлар томонидан тасдиқланиши ва кейинчалик уларнинг тўғри сарфлангани ҳақида кенгашлар олдида ҳисобот берилиши лозим.

Йиғилишда мамлакатимиз иқтисодиётининг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари, келгуси йилга мўлжалланаётган прогноз параметрлари, иқтисодиётга таъсир этиши мумкин бўлган ички ва ташқи омиллар чуқур таҳлил қилинди.

Халқаро экспертлар, хусусан Халқаро валюта жамғармаси жорий йилда жаҳон ялпи маҳсулоти ўсиши дастлабки прогнозга нисбатан 1 фоизгача камайиб, 3 фоиз бўлишини баҳолаган. Мамлакатимизнинг асосий савдо ҳамкорлари бўлган давлатларда ҳам иқтисодий суръатлар сустлашган. Жаҳон бозорида рақобат тобора кучайиб, айрим давлатлар ўртасида «иқтисодий урушлар» давом этмоқда. Бу омиллар Ўзбекистон иқтисодиётига таъсир этмай қолмайди, албатта.

Президентимиз макроиқтисодиёт ва давлат бюджети параметрларини ушбу хавф-хатарларни ҳисобга олиб белгилаш лозимлигини таъкидлади.

– Иқтисодиёт тармоқларини «оёққа турғазиш», рақобатбардош қилиш учун кейинги икки йилда уларга барча имкониятлар берилди. Бироқ, бу имкониятлардан фойдаланиб, қайси тармоқ меҳнат унумдорлигини оширди, маҳсулотлар рақобатбардош бўлиши ва экспорт таркибида тайёр маҳсулотлар улуши кўпайишини таъминлай олди? Афсуски, бирорта тармоқни бугунги кунда «зўр ишлади ёки юқори натижа берди», деб айта олмаймиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Иқтисодиёт тармоқларидаги тизимли муаммолар, инфляция даражасининг 16 фоиздан пасаймагани аҳоли тўлов қобилиятига салбий таъсир этаётгани кўрсатиб ўтилди.

– Асосий вазифамиз – халқимизга муносиб иш ўринлари яратган ҳолда, даромадларни ошириш. Жойларда иқтисодий фаол аҳоли кўп. Одамларимиз даромад топиб, турмуш шароитини яхшилаш учун меҳнат қилишни хоҳламоқда. Бунинг учун аҳоли тўлов қобилиятини ошириш ва бозорда маҳсулотларга барқарор талаб шакллантириш орқали ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш ва иқтисодий ўсишни таъминлашимиз керак, – дея таъкидлади давлатимиз раҳбари.

Мисол учун, қандолат, тайёр сут ва гўшт маҳсулотлари, шарбат ва салқин ичимликлар ишлаб чиқариш бўйича 100 дан зиёд муҳим инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши натижасида истеъмол талаби қондирилиб, инфляция меъёрлашиши мумкинлиги қайд этилди.

Озиқ-овқат, гўшт, ун ва қандолат маҳсулотлари, кийим-кечак, чарм-пойабзал, электротехника, фармацевтика ишлаб чиқариш ҳажмини 2020 йилда сезиларли кўпайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.

Инфляция даражасига таъсир этаётган яна бир омил маҳсулотлар таннархи юқорилигидир. Шу боис мутасаддиларга давлат улуши бўлган барча корхоналарда маҳсулот таннархини таҳлил қилиб, қувватларни модернизация қилиш ва кенгайтириш, зарур ҳолларда хусусий секторга бериш бўйича вазифалар қўйилди.

Келгуси йилда 153 та йирик инвестиция лойиҳасини шунчаки фойдаланишга топшириш эмас, балки рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариб, ялпи ички маҳсулот ҳажми ва иш ўринларини кўпайтириш муҳимлиги қайд этилди.

Охирги йилларда ташкил этилган 23 та корхона паст қувватларда ишлаётгани, режалаштирилган айрим лойиҳалар ўз вақтида фаолият бошламагани танқид қилинди.

Вазирлар Маҳкамасига иқтисодий ўсиш ва экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қиладиган, бюджетга тушумларни кўпайтирадиган инвестиция лойиҳаларини шакллантиришга масъул бўлган доимий Ишчи комиссия тузиш, инвестиция лойиҳалари ва ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ижросини муҳокама қилиб бориш бўйича топшириқ берилди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан