Шавкат Мирзиёев ва депутат Расул Кушербаев диалоги (видео)

Шавкат Мирзиёев ва депутат Расул Кушербаев диалоги (видео)

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис қонунчилик палатасига қилган мурожаати давомида фаол депутатларни эътироф этиб ўтди.

“Орангизда жонкуяр депутатлар бор. Амалдорларнинг тартиб бузиши, ахлоқ-одоб қоидаларига бўйсунмаслигига депутатлар бир четда жим қараб турмаслиги керак”, — деб таъкидлади давлат раҳбари.

Сўнгги икки йилда 14 марта ҳукумат соати ташкил этилган бўлиб, 17та вазирлик, идоралар раҳбарлари парламентда ҳисобот берди. Президент уч нафар депутат номини айтиб, ўрнидан туришини сўради. Уларга жонкуярлиги учун миннатдорлик билдирди.

“Мухолифат ўзимизда етишиб чиқмоқда. Бу тўғри! Мухолифат ичимиздан чиқиши лозим. Бу шунчаки оппозиция эмас, бу — Ватанпарварлик!

Мана, Расул Кушербаев кўпчиликка ёқмаса ҳам, менга ёқади. Бу гапларим ижро ҳокимиятидаги кўпчиликка ёқмаяпти, кўриб турибман. Уларнинг ранги ўзгаряпти, қўрқяпти. Майли, қўрқаверинглар. Аммо мен қўрқмайман! Бизга шундай депутатлар керак!

Бир нарсани тўғри тушунайлик — биз бирга ишлашни ўрганишимиз шарт. Ҳозир бир фикр пайдо бўлган — гўёки танқид қилинган одам ишдан кетади. Ҳеч ким кетмайди ишдан. Хато қилмайдиган одам бор эканми? Ўша хатолардан тўғри хулоса чиқаришни ўрганиш лозим.

Бизга Парламент назорати керак”, — деди Шавкат Мирзиёев.

Ўз навбатида депутат Расул Кушербаев президент Шавкат Мирзиёевга миннатдорчилик билдирди:

“Мамлакатимизда ошкоралик бўйича ислоҳотларнинг янги босқичга чиққани бизни ўзгаришларга мажбур қиляпти. Давлат раҳбари сифатида бу сизнинг сиёсий иродангиз билан боғлиқ.

Менга саволлар бўлади: илгари қаерда эдинг, орқангда ким турибди? Очиғи, ортимда сайловчилар турибди. Шиддат ва шижоатни сиздан оляпман.

Айрим бюрократлар сабаб, шижоатимиз синиб қолиши мумкин эди. Сизнинг ишончингиз куч бермоқда. Ҳокимлар ҳам ўзгаришга мажбур бўляпти”.