Шавкат Мирзиёев «ЛУКОЙЛ» компанияси президентини қабул қилди

Шавкат Мирзиёев «ЛУКОЙЛ» компанияси президентини қабул қилди

Фото: president.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 март куни Россиянинг “ЛУКОЙЛ” компанияси президенти Вагит Алекперовни қабул қилди.

Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон нефт-газ комплексининг муҳим инвестори — “ЛУКОЙЛ“ билан стратегик шерикликда ривожланишга эришилганини таъкидлаган.

Фото: president.uz

Бугунги кунда компаниянинг қўшма лойиҳаларга киритган сармоялари ҳажми 10 миллиард доллар атрофида.

Йилига 8 миллиард куб метрдан зиёд табиий газни қайта ишлаш қувватига эга Қандим газни қайта ишлаш мажмуасида ҳам фаолият юритмоқда. Жануби-Ғарбий Ҳисор ва Устюртдаги конларни ўзлаштириш давом этяпти.

Учрашувда Ўзбекистон ҳудудида геология-қидирув соҳасида ҳамда углеводород конларини, шу жумладан, қазиб олиниши қийин бўлганларини ўзлаштириш борасида кооперацияни мустаҳкамлаш имкониятлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, илмий изланишлар ҳамда энергетика сектори учун юқори малакали кадрларни тайёрлаш соҳасида ҳамкорлик қилишга келишилди.