Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Шавкат Мирзиёев: олинган мева нобуд бўлиб, тупроққа қорилмоқда
5.11.2019 22:02,  
507

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтказган йиғилишда узумчиликни ривожлантиришда виночилик корхоналарининг ўрни сезилмаётгани танқид қилинди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, йиғилишда келгуси йилда мева-сабзавот экспортини 2,5 миллиард долларга етказиш, кейинги уч йилда бу кўрсаткични 5 миллиард долларга етказиш имкониятлари мавжудлиги қайд этилган.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, бунга эришиш учун экин ва навларни тўғри танлаш, ҳосилдорлик ва даромадни камида икки-уч баробарга ошириш, исрофгарчиликларни олдини олиш, маҳсулотларни сақлаш, логистика масалалари, экспортни тўғри ташкил этиш лозим.

Бугунги кунда дунё бозорларида гилос, ўрик, олхўри, анор, узум, бодом, цитрус мевалар каби маҳсулотларга талаб юқори ва ушбу маҳсулотлар экспорт тушумининг асосий қисмини ташкил этмоқда.

Ўзбекистонда бундай мевазорлар, айниқса интенсив усулдаги боғлар етарлича ташкил этилмаётгани, боғ ва токзорлар яроқсиз ҳолатга келиб қолгани сабабли уларнинг иқтисодий самарадорлиги ўта паст даражада қолаётгани, қатор туманларда минглаб гектар эски боғлар йиллар давомида ҳосил бермаётгани танқид қилинди.

Ҳанузгача “маҳсулот етиштириш – харид қилиш – сақлаш ва қайта ишлаш – экспорт” занжирини ташкил этадиган кооперация тизими жорий қилинмаган.

Яна бир салбий ҳолат узумчиликни ривожлантиришда виночилик корхоналарининг ўрни сезилмаётгани билан боғлиқ.

“Бу каби муаммолар таъсирида мамлакатимизда маҳсулотларни йиғиштириш ва сақлашдаги йўқотишлар ҳажми 30 фоиздан камаймаяпти, – деди президент. – Яъни, олинган мева нобуд бўлиб, тупроққа қорилмоқда. Бундай шароитда қандай янги боғ ва токзорлар ҳақида гапириш мумкин?”

Қайд этилишича, бир қатор туманлар пахта етиштиришни қисқартириб, мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилди. Афсуски, ушбу йўналишда ҳам ишлар қониқарли даражада бўлганича йўқ.

Селекция борасида илмий тадқиқотлар етарлича йўлга қўйилмагани боис мамлакат уруғликни импорт қилишга мажбур бўлмоқда.

Таъкидланишича, соҳада ечимини топиши лозим бўлган масалалар талайгина. Шунинг учун эскирган тизимдан бутунлай воз кечиб, мутлақо янги узлуксиз занжирни яъни, кооперация ва кластер тизимини ташкил этиш кераклиги таъкидланди. Бундай йўл жаҳон тажрибасида ўзининг самарадорлигини исботлади, кластернинг жорий этилиши соҳада юқори натижаларга олиб келаётганини кўрсатмоқда.

Шу муносабат билан президент Ўзбекистонда бир нечта йирик экспортёр кластер ташкил этиш, қишлоқ хўжалигида қўшилган қиймат занжирини яратиш ва даромадни ошириш, маҳсулот ишлаб чиқарувчиларни аниқ бозор, аниқ молиявий манба билан ишлайдиган тадбиркорга бириктириш зарурлигини таъкидлади.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан