Шавкат Мирзиёев Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишида иштирок этади

Шавкат Мирзиёев Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишида иштирок этади

Ўзбекистон Республикасига ташкилот ҳузуридаги кузатувчи давлат мақомини бериш саммит кун тартибидаги асосий масалалардан биридир.

11 декабр куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Беларус президенти, Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши раиси Александр Лукашенконинг таклифига биноан Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)нинг видеоанжуман шаклида ўтадиган саммитида иштирок этади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

 Хабарда айтилишича, тадбирда ЕОИИга аъзо давлатлар – Россия, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон, шунингдек, кузатувчи мақомидаги Молдова ва таклиф этилган мамлакат сифатида Куба етакчилари иштирок этади.

 Ўзбекистон Республикасига ташкилот ҳузуридаги кузатувчи давлат мақомини бериш саммит кун тартибидаги асосий масалалардан биридир.

“Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ўзаро манфаатли ҳамкорлигининг устувор йўналишларини белгилаб бериши кутилмоқда”, дейилади хабарда.

Шу йил май ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи фаолиятида кузатувчи давлат мақомида иштирок этиши тўғрисидаги таклифни маъқуллаган эди.