Шавкат Мирзиёев президент мактаби фахрий меҳмонлар китобига нима деб ёзди?

Шавкат Мирзиёев президент мактаби фахрий меҳмонлар китобига нима деб ёзди?

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги президент мактабига ташрифи чоғида фахрий меҳмонлар китобига ўз изоҳини ёзиб қолдирган. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

" ...Янги Ўзбекистонимизни юксак тараққиёт босқичига кўтаришдек эзгу ниятимизга янгича ва мустақил фикрлайдиган, ўз Ватанини жонидан ортиқ севадиган, унинг ёруғ келажаги учун садоқат билан хизмат қиладиган, фидойи ёшларни тарбиялаш орқали эришамиз.

Ана шундай салоҳиятли ва баркамол кадрларни тайёрлаш мақсадида республикамизнинг ҳар бир ҳудудида мутлақо замонавий шаклдаги таълим муассасалари – Президент мактабларини ташкил этдик.

Мен ишонаман, бу масканлар жонажон Ўзбекистонимизнинг эртанги тақдирини ўз қўлига олишга, глобаллашув даврида кескин беллашув ва рақобатларда ғолиб бўлишга қодир шахсларни – янги Хоразмийлар, Фарғонийлар, Берунийлар, Улуғбекларни тарбиялаб етиштиради.

Пойтахтимиз Тошкент шаҳрида фаолият бошлаган Президент мактаби халқимизнинг улуғвор ва олижаноб орзу-ниятларини рўёбга чиқаришда барчага намуна бўлишига тилакдошман"- деб ёзган Шавкат Мирзиёев.