Шавкат Мирзиёев қарор қабул қилди

Шавкат Мирзиёев қарор қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти «Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида» қарор қабул қилди.

Мамлакатимизда 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва Қадрлаш кунини кенг нишонлаш, Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага муносиб ҳисса қўшган, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг хотирасини абадийлаштириш, орамиздаги барча фахрийларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш мақсадида:

Ёлғиз ва кам таъминланган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг турар жойи ва уй хўжаликларини таъмирлаш, ободонлаштириш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилади;

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига, фронт орти меҳнат фахрийларига, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш мақсадида тегишли вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар ҳамда ҳарбий қисмлар раҳбарлари томонидан ушбу тоифадаги шахсларни қутлаш учун уларнинг яшаш жойига ташрифлари ташкил этилади;

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатиш, уларни парвариш қилиш мақсадида тиббий билимларга эга ходимларни (шартнома асосида) бириктирган ҳолда доимий равишда патронаж хизмати йўлга қўйилади;

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг истаклари асосида уларни республика ҳудудидаги санаторийларга бепул юборилиши таъминланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

вилоятлар, шаҳарлар ва туманларда байрамга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича комплекс тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;

Тошкент шаҳрида «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасида, вилоятларда «Ватанпарварлар» боғлари ва бошқа белгиланган жойларда ҳарбий техникалар намойиши, Иккинчи жаҳон уруши вақтидаги композициялар инсталляциясини, жумладан, уруш йилларининг қўшиқ ва куйлари ҳамда тегишли шароитлар яратиш билан боғлиқ тадбирларни ташкил этади;

кўчалар ва майдонлар байрамга бағишланган плакатлар ва стендлар билан безатилишини таъминлайди.

Байрам тадбирлари ҳамда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши ва фронт орти меҳнат фахрийлари вакилларининг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган асосий маросимларга темир йўл ёки автомобиль транспортида келиб-кетиши, меҳмонхоналарда жойлашиши, овқатланиши, маданий ҳордиқ чиқариши билан боғлиқ харажатлар, шунингдек, зарур ҳолларда, тегишли кийим-кечаклар билан таъминланиши:

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – тегишли маҳаллий бюджетлар ҳамда ҳомийлик хайриялари ҳисобидан;

Тошкент шаҳрида – Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда қопланади.

Мудофаа вазирлиги Тошкент шаҳрида 2021 йил 9 май соат 21:00 да Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган байрам салютини ташкил қилади.