Шавкат Мирзиёев сўнгги уч йилда 4 мингдан зиёд маҳкум афв этилганлигини маълум қилди

Шавкат Мирзиёев сўнгги уч йилда 4 мингдан зиёд маҳкум афв этилганлигини маълум қилди

Шавкат Мирзиёев Мустақилликнинг 28 йиллигига бағишланган маросимда сўзлаган нутқида 2016-2019 йилларда 4 мингдан ортиқ жазо муддатини ўтаётган фуқаролар афв этилганини маълум қилди.

Ўзбекистонда маҳбусларни афв этиш институти жорий этилгани ва сўнгги уч йилда етти марта афв эълон қилинганини таъкидлади. Натижада қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган 4 мингга яқин маҳбус жазони ўташ жойларидан озод этилган.

“Куни кеча афв этиш ҳақидаги яна бир фармонга имзо чекдим. Унга кўра жазо муддатини ўтаётган 65 нафар фуқаро афв этилди.

Тасаввур қилинг, ўз уйига, яқинлари бағрига қайтаётган бу инсонларнинг, уларнинг ота-онаси, фарзандларининг қувончи, хурсандчилигини “ойнаи жаҳон” орқали кўрган одам, бу ҳақиқатан ҳам  эзгу ва савобли иш эканига яна бир бор ишонч ҳосил қилади”, деган давлат раҳбари.

Мустақиллик байрами арафасида Қорақалпоғистон Республикаси Жаслиқ қўрғонидаги жазони ижро этиш колонияси ёпилиши олиб борилаётган инсонпарвар сиёсатнинг яна бир ифодаси эканлиги қўшимча қилинди.

"Бу тарихий қадам мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш вақтинчалик кампания эмас, балки давлат сиёсати даражасидаги узлуксиз жараён эканини кўрсатади.

Бугунги кунда Ўзбекистон ўз фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини, улар қаерда бўлишидан қатъи назар, ҳимоя қилишга қодир мамлакат сифатида ўзини намоён этмоқда", деган президент.

Президент жорий йилда асосан аёллар ва болалардан иборат 156 нафар ўзбекистонликлар жанговар ҳаракатлар давом этаётган Суриядан қайтариб олиб келингани ва уларнинг фуқаролик ҳуқуқлари тикланганини алоҳида таъкидлаган.

1