Шавкат Мирзиёев Венгрия ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазирини қабул қилди

Шавкат Мирзиёев Венгрия ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазирини қабул қилди

Фото: Президент матбуот хизмати

18 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш учун амалий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган Венгрия  ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазири Петер Сийярто бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Президент матбуот хизматининг хабарига кўра, давлат раҳбари Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги анъанавий дўстлик ва кўп қиррали шериклик муносабатлари охирги йилларда изчил ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Турли даражада самарали мулоқотлар йўлга қўйилди. Мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ўтган йил якунларига кўра 45 фоизга ортди. Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, фармацевтика ва бошқа тармоқларда қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Таълим, маданият ва туризм соҳасидаги алмашинувлар кенгаймоқда.

Петер Сийярто самимий қабул учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдириб, Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг энг эзгу тилакларини етказди.

Учрашувда икки томонлама ҳамкорлик ва минтақавий, жумладан, Европа Иттифоқи билан мулоқот форматидаги шерикликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Венгриянинг етакчи компаниялари илғор тажрибаси ва замонавий технологияларини жорий этган ҳолда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда уларни молиялаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш, банк, транспорт соҳаларига оид дастурларни амалга ошириш, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш истиқболлари муҳокама қилинди. Бўлажак олий даражадаги учрашувлар режаси ҳам кўриб чиқилди.