Шавкат Мирзиёев ягона электрон рақамли имзо ишлаб чиқишга топшириқ берди

Шавкат Мирзиёев ягона электрон рақамли имзо ишлаб чиқишга топшириқ берди

Фото: president.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 9 январь куни давлат хизматлари кўрсатиш самарадорлигини ошириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

2017 йил 12 декабр куни “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга мувофиқ, Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилди.

Ҳозирда мамлакатимиз бўйлаб Агентлик тасарруфидаги Давлат хизматлари марказлари 80 дан ортиқ инновацион бинолар жисмоний ва юридик шахсларга хизмат қилиб келаётган бўлса, яна 94 та шундай иншоотларни қуриш ишлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, олис жойларга чиқиш орқали (“мобил давлат хизматлари”) қулай ва шаффоф тарзда сайёр хизматлар ҳам кўрсатиляпти.

Бугунги кунга келиб, Давлат хизматлари марказлари орқали “ягона дарча” тамойили асосида 130 турдан зиёд хизматлар тақдим этилмоқда. 2017 йилда аҳолига кўрсатилган хизматлар сони 12 мингтани ташкил этган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 13 миллионтадан ошган.

Энг кўп мурожаат қилинадиган 36 турдаги хизматлар бўйича ҳужжатлар сони 112 тадан 52 тага камайтирилди, хизмат кўрсатиш муддати 280 кундан 126 кунга қисқартирилди.

Ўтган йил 1 июндан бошлаб фуқароларнинг яшаш жойидан ва ташкилотларнинг манзилидан қатъи назар, исталган марказ орқали давлат хизматлари кўрсатиш йўлга қўйилди.

Ҳозирги кунда давлат хизмати кўрсатувчи 80 та идорадан атиги 27 таси Давлат хизматлари агентлиги билан ўзаро интеграция қилинган. 53 идорада маълумотлар рақамлаштирилмаган. Мисол учун, соғлиқни сақлаш, экология, қурилиш, архив билан боғлиқ давлат хизматлари соҳасида ҳалигача электрон маълумот базаси шаклланмаган.

Шундай маълумот алмашинуви йўқлиги сабабли 2019 йилда қурилиш, табиий газ, иссиқ сув ва ичимлик суви таъминоти борасида хизмат кўрсатиш муддатлари бузилган.

Шу боис йиғилишда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Адлия вазирлигига барча идораларнинг давлат хизматлари билан боғлиқ ахборот тизимлари ва маълумотлар базасини яратиш бўйича манзилли дастур ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.

Электрон давлат хизматларидан фойдаланувчилар сонини йил якунигача камида 5 бараварга ошириш, 2025 йилгача тўлиқ электрон хизмат кўрсатишга ўтиш мақсад қилиб қўйилди.

Аҳолининг 75 фоизи интернетга мобил қурилмалар орқали кираётганини инобатга олиб, Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг мобил версиясини ишга тушириш муҳимлиги қайд этилди. Узоқ ҳудудларда яшайдиган аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида давлат хизматлари марказининг 50 дан ортиқ филиалини ташкил этишни жадаллаштириш зарурлиги таъкидланди.

Хорижий тажрибани қўллаган ҳолда, одамларга бир мурожаат асосида қўшимча комплекс хизматлар кўрсатиш ҳамда фуқаронинг мурожаатисиз ҳам унга керакли хизмат турларини таклиф қилиш мумкинлиги қайд этилди.

Мисол учун, фарзанд туғилиши билан унга туғилганликни қайд этиш, нафақа белгилаш, яшаш жойига рўйхатга ва тиббиёт муассасасига ҳисобга қўйиш, болалар боғчасига навбат каби хизматлар бирйўла тақдим этилса, ота-оналарга ғоят қулай бўлади.

Йиғилишда ушбу тизимни эксперимент тариқасида Тошкент шаҳрида, кейинчалик бошқа ҳудудларда босқичма-босқич жорий этиш юзасидан топшириқ берилди.

Президентимиз кўплаб хизматлар учун электрон рақамли имзо талаб қилиниши одамларга қийинчилик туғдираётгани, айниқса, бу тадбиркорларнинг энг оғриқли нуқтаси эканини таъкидлади.

Электрон рақамли имзодан компьютер орқалигина фойдаланиш мумкин. Тадбиркор рўйхатдан ўтиш учун солиқ идораси калити, божхона ҳужжатлари учун божхона калити ва ҳисоб рақами билан ишлаш учун банкнинг электрон рақамли имзосини олиши шарт. Бу калитларни олиш учун ҳар бир идорага алоҳида-алоҳида бориб, уни харид қилиши, тағин муайян муддатда яна маблағ сарфлаб янгилаши керак.

Президентимиз томонидан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига мутасадди ташкилотлар билан биргаликда электрон рақамли имзо талаб этиладиган хизмат турлари учун шахсни тасдиқлашнинг муқобил, хавфсиз ва содда усулларини жорий қилиш вазифаси қўйилди. Шу йил 1 июлгача ҳамма хизматлар учун ягона бўлган электрон рақамли имзо ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берилди.