Расул Кушербаев:"Шахсан мен ҳам йўл бўйларига ҳар қандай реклама конструкцияларини ўрнатиш ва ҳайдовчиларни чалғитишларига қаршиман".

Расул Кушербаев:

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев Тошкент шаҳридаги талабларга жавоб бермайдиган ташқи рекламалар ҳақида фикрларини билдириб ўтди.

Тошкент шаҳрида талабларга жавоб бермайдиган 3 207 та ташқи реклама объектларининг 1 459 таси йўл қатнов қисмида жойлашган, 124 тасида оралиқ масофага риоя қилмаган, 1 104 тасининг эгаси аниқланмаган ҳамда 520 тасида бошқа камчиликлар аниқланган.

Бир неча кундан бери мажбурий бузиб ташланаётган реклама конструкциялари масаласи кўп муҳокама қилинмоқда.

Бир жиҳатдан қонуний фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар ҳам ҳақ. Чунки ўз вақтида ҳокимлик тўғри, деб йўл бўйига реклама конструкциясини ўрнатишга рухсат берган. Ва тадбиркор бунга пул тикиб қўйган. Лекин рухсатсиз, тартиб ва қоидаларга риоя қилмай реклама шитларини ўзбошимча ўрнатиб олаётганлар ҳаракатини оқлаб бўлмайди. Нима бўлганда ҳам ҳар икки томон ҳам қонун талабларига риоя этиши керак.

Тўғриси бу борада энг яхши ва тўғри ечим ҳайдовчи ва йўловчилар фикри билан қизиқиш: улар йўл бўйлари, чорраҳалардаги реклама воситалари ҳаракатланишга ҳалақит беришини айтишмоқда.

Айниқса LED экранли конструкциялар кечаси йўлни кўришга салбий таъсир кўрсатади. Афсуски шундай рекламалар сабаб кўплаб ЙТХ содир бўлиб, инсонлар вафот этмоқда экан.

Шахсан мен ҳам йўл бўйларига ҳар қандай реклама конструкцияларини ўрнатиш ва ҳайдовчиларни чалғитишларига қаршиман. Замонавий ҳориж  шаҳарларидаги йўлларда бундай воситалар деярли йўқ.

Озгина даромад фуқаролар учун пайдо бўлаётган хавфни оқламайди.  Йўл бўйларини тинч қўйиб, ўрнига одамлар гавжум янги нуқталар ва муқобил реклама майдонларини топиш устида ишласак яхши бўларди”, – дейди Кушербаев.