Шайх Муҳаммад Содиқ ҳазратларининг Ислом Каримов билан муносабатлари қандай эди?

Шайх Муҳаммад Содиқ ҳазратларининг Ислом Каримов билан муносабатлари қандай эди?

Мовароуннаҳр ҳудудида ислом оламида машҳур, илм аҳли ҳурмат қилган кўплаб уламолар етишиб чиққан. Улардан бири биз билан замондош шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфдир ҳазратларидир.

Шайх ҳазратлари Ўзбекистонда сиёсий нотинч даврларда дин пешволари қаторида эди. Бу инсон СССР Олий Кенгашининг халқ депутати, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси – муфтийси, мустақил Ўзбекистоннинг биринчи муфтийси бўлган. Уларнинг ислом илмига бахшида умр йўллари паст-баландликлар, турли диний ғавғолар ичра ўтган.

Шайх ҳазратлари нега Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлган эди?

ЎзА мухбири Анора Содиқова шайх ҳазратларининг фарзандлари Исмоил Муҳаммад Содиқ билан 1993 йилда ҳазратнинг муфтийликдан истеъфога чиқиб, Ўзбекистонни тарк этиши, ҳижратдаги ҳаёти, юртга қайтиш сабаблари, ҳаётий тамойиллари ҳақида суҳбатлашди.

Шайх ҳазратлари билан Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ўртасида муносабатлар ёмонлашгани ҳам айтилади. Бироқ, бу гап-сўзларни шайхнинг фарзандлари тасдиқламади. Унинг далолат қилишича, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф авваллари баъзи масалалар юзасидан шахсан биринчи президент билан учрашиб турган. Кейинчалик ўртадаги одамлар орқали мулоқот қилган. Юқоридаги туҳматлар ҳам ўртадаги айрим иғвогарларнинг уйдирмаси бўлган. Шайхга шахсан учрашиб вазиятни тушунтиришга, муносабатларни жойига қайтаришга имкон берилмаган. Улар ўртасидаги низо орадаги айрим кимсалар туфайли келиб чиққан. Келишмовчилик юзма-юз рўй бермаган. Шу сабабли ҳам ҳар икки тарафни айблаш ноўрин бўлади.

— Биз, биламизки шайх ҳазратлари СССР Олий Кенгашининг халқ депутати ҳам бўлган. Уларда депутатлик, сиёсий партия тузиш каби мақсадлар ҳам бўлганми?

— Менинг билишимча, шайх ҳазратлари сиёсатга аралашишга доим қарши бўлганлар. Яъни бевосита сиёсатчи бўлишни мақсад қилмаганлар. Ўз ваколатларига кўра, сиёсатчилар билан мулоқот қилишларига тўғри келарди. Лекин, ўзлари партия очиш, сиёсий оқим қилишни истамаганлар. Партия тузиш таклифларига ҳам рад жавобини берган эдилар. Ҳазратнинг сиёсат йўлида дин суиистеъмол қилинмаслиги бўйича алоҳида фикрлари бўлган. Ўзлари ҳам ҳаракат қилмаганлар ва таклиф қилганларни ҳам рад этганлар. Депутат бўлишдан мақсадлари сиёсатчи бўлиш эмасди. Шайх 5 та республика — Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идорасининг муфтийси бўлганлар шу сабабли ҳам депутатлик мандатидан фойдаланган ҳолда, мусулмонларнинг баъзи масалаларини ҳал қилишни мақсад қилгандилар. Шунда ҳам улар аввалдан депутатликни кўзлаб номзодларини кўрсатмаганлар, бошидан режа қилмаганлар. Муфтийликка сайлангач, охирги кунларда депутатликка номзодларини илгари сурган эдилар" - дея хотирлайди Исмоил Муҳаммад Юсуф.