Шоҳи-Зиндадан ўғриланган кошинлар Лондондан қайтарилади

Шоҳи-Зиндадан ўғриланган кошинлар Лондондан қайтарилади

Ўғриланган олти кошиндан бири. Фото: Британия музейи

Британия музейи Лондонга контрабанда йўли билан олиб кетилган XIII асрга оид кошинларни Ўзбекистонга қайтаришга ёрдам беради. Бу ҳақда The Guardain нашри хабар бермоқда.

Самарқанднинг четида жойлашган ўрта асрларга оид мемориал мажмуадан олтита сирланган кошин шу йилнинг январ ойида Лондондаги Ҳитроу аэропортига чамадонда олиб келинган. Уларни Дубайдан яширинча олиб чиққан одам, плиткаларни артефактлар – 1:1 кўчирилган нусхалар эканини даъво қилмоқда. Бунинг исботи сифатида у кошинларни тахминан 70 фунт стерлингга Шаржада сотиб олинганлиги тўғрисида квитанцияни кўрсатган.

Буюк Британия чегара хизмати ходимлари кошинларнинг ҳақиқийлиги ва қаердан келганини аниқлаш учун Британия музейи хизматчилари билан боғланади. Музейнинг Яқин Шарқ бўлимининг катта мутахассиси Сент-Жон Симпсонинг айтишича, кошинлар ҳақиқий ва улар бир неча ўнг минглаб фунт туради. Мутахассис Яқин Шарқ ва Марказий Осиё ҳамда АҚШ ва Россиядан келган мутахассислардан ёрдам сўради. Натижада, кошинлар XIII аср охири - XIV асрнинг ўрталарига тўғри келиши аниқланди.

Ўзбек мутахассислари ушбу кошинлар Самарқанддаги Шоҳи-Зинда мажмуасидан кўчириб олинганини тасдиқлади. Уларнинг сўзларига кўра, 1996 йилда ва 2000 йил бошларида у ерда қазиш ишлари ва тиклаш ишлари олиб борилган ва ўша пайтда топилган бир қатор сирланган буюмлар ҳали ҳисобга олинмаган.

Самарқанднинг қадимий артефактлари Ўзбекистонга қайтарилишидан олдин 2-3 ой Британия музейида намойиш этилиши режалаштирилган.

“Ноқонуний равишда сотилган маданий бойликларни аниқлаш музей ишининг жуда муҳим қисмидир. Сўнгги ўн йил ичида биз 2500 дан зиёд буюмларни Ироқ, Афғонистон, Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларга қайтаришда ёрдам бердик”, - деди Британия музейи директори Ҳартвиг Фишер.

Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчиси Саид Рустамов музей ва Буюк Британиянинг чегара хизматчиларига миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон Маданият вазирлиги ва бошқа давлат органлари Британия музейи ва Буюк Британиянинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан антиқа буюмларнинг ноқонуний савдосига қарши курашда ҳамкорликни янада мустаҳкамлашини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилда Британия музейи Бухоро вилоятининг Вобкент туманида жойлашган ўрта асрлар обидаси Чашмаи-Аюб мақбараси жабҳасининг ўғирланган қисмини Ўзбекистонга қайтаришга ёрдам берди.