Шовқин исканжасидаги хонадондан видео. Болани касал қилган генератор

Шовқин исканжасидаги хонадондан видео. Болани касал қилган генератор

Кўпқаватли уйдаги қўшнингиз перфоратор ишлатганми? Деворни эмас, миянгизни пармалайдиган шовқиндан оромингиз йўқолган бўлса, навбатдаги мақоламиз қаҳрамонининг дардини англай оласиз. Фақат сиз узоғи бир ҳафта перфоратор дириллашини тинглаган бўлсангиз, андижонлик Мирзоҳид Ҳакимовлар оиласи беш йилдан бери генератор шовқинида яшаб келмоқда.

Ҳакимовлар оиласи Андижон вилояти, Олтинкўл тумани, Маслаҳат қишлоғи Ҳасан-Ҳусан маҳалласи, Юксалиш кўчаси, 9-уйда тинч-омон яшаб келишаётган эди. Нима бўлдию, 2014 йилда уларнинг ҳовлиси ёнидаги антеннага каттакон электр генератори ўрнатилди. Генератор катта бўлгач, шовқини ҳам шунга яраша бўлади. Қишлоқ жойда эса электр бир соат ёнса, икки соат ўчишини яхши биласиз. Шундан кейин Мирзоҳид аканинг уйида тинчлик йўқолди.

Генераторнинг шовқинидан ташқари вибрацияси ҳам бўлади. Иккиси бир бўлиб Мирзоҳид аканинг хонадонига кечаю кундуз таъсир қилиши оқибатида кичик болакай касалликка чалиниб қўрқадиган бўлиб қолди. Отанинг ўзи соғлиғидан ажралди. Уёққа ёзди, буёққа ёзди – дардини тинглайдиган мард топилмади.

Генератор шовқини камдек 2017 йилда бир тадбиркор уй ёнбошига мини-стадион қурди. Стадион бўлгач, шовқини ҳам бўлади. Бақир-чақир бўлади, айниқса бизникилар сўкинмасдан тўп тепса тилига чипқон чиқади. Майдондагиларнинг ўзаро шалоқ гапларидан Мирзоҳид ака қизларининг олдида қизариб-бўзаришдан бўшамай қолди.

Оила бошлиғи сайтимизга ёзган хатида “арена билан уйим орасидаги масофа икки метр, генератордан уйимгача эса беш метр” дейди. У маҳалла раиси, профилактика инспектори, депутат, виртуал қабулхона, туман Ички ишлар бўлими, Ички ишлар вазирлигигача арз қилган. Вазирлик арена ёпилишига буйруқ берган, иш маъмурий судга оширилган, жавобгарга энг кам ойлик иш ҳақи миқдорида жарима солинган (мини стадион эгаси беш соатда топадиган маблағ) аммо муаммо ҳал бўлмаган. “Аксинча, аризамни кўрганлар бошқа ариза ёзсанг йўқотиб юборамиз, деб таҳдид қилди”, деди Мирзоҳид Ҳакимов бизга ёзган хатида.

Ҳакимов президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилишга қатъий қарор қилганини ёзган. “Ариза ёзсам, ҳокимият, Ички ишлар, прокуратура кўрмай ҳуқуқимни поймол қиляпти, сиз чиқараётган қарор ва қонунларнинг ижросини таъминлайдиган одамнинг, ташкилотнинг ўзи йўқ”, деб ёзган у.

Мирзоҳид Ҳакимов ва унинг оиласи Шаҳзодахон Ҳакимова ўз таъбири билан айтганда “одамларга ўхшаб тинчликда болалари дарс қилишини, тинч ётиб ухлашни” истайди. Бунинг учун стадион ва генераторни ёки ўзининг хонадони бошқа тинч ерга кўчирилишида амалий ёрдам берилишини хоҳлайди. Нияти қатъийлигига азбаройи ишонтириш учун паспорти нусхасини ҳам юборган.

Андижонлик мутасаддилар Мирзоҳид Ҳакимовни топиб муаммосини ҳал этишда қийналмасликлари учун телефон рақами: +99890 543 43 30