Шуҳрат Ғаниевнинг «ўтиниб кечирим сўраши» қабул қилинган Фарғонада журналист кечирилмади

Шуҳрат Ғаниевнинг «ўтиниб кечирим сўраши» қабул қилинган Фарғонада журналист кечирилмади

Ижтимоий тармоқларда фарғоналик журналист Усмонжон Қодиров билан боғлиқ турли хил хабарлар тарқаляпти.

Аввалига у Фарғона вилояти ҳокими матбуот котиби Муҳаммаджон Обидов билан суҳбатдан сўнг гўёки ғойиб бўлгани ҳақида хабар тарқалди. Сўнг унинг 15 суткага «кесилгани»га оид маълумотлар пайдо бўлди. Орадан кўп ўтмай...

Xabar.uz воқеалар ривожини бир бошдан ёритди.

Куни кеча (27 май) Фарғона вилояти ҳокими матбуот котиби М.Обидов ўзининг «Facebook»даги саҳифасида «Гап ёшда эмас, ниятда...» сарлавҳали навбатдаги раддиясини жойлаштирди. Унда «Озодлик»чилар (президентнинг вилоятга ташрифи арафасида) Марғилондаги «Ҳунармандлар маркази»да зарарсизлантириш ишларини олиб бораётган оқ кийимдаги вилоят СEОМ мутахассисларини «Марғилон шаҳар соғлиқни сақлаш тизими ходимлари» дея ёлғон ахборот бергани, Усмонжон Қодировга (Фарғона вилоят телерадиокомпанияси мухбири) эса билиб-билмай ижтимоий тармоққа «шу гаплар ростга ўхшайди-ёв», мазмунида матн жойлаб, уларнинг (яъни, «Озодлик»нинг) тергирмонига сув қуйгани учун яхшигина дакки берилади. Раддияга ёш журналистнинг узри акс этган лавҳа ҳам илова қилинадики, У.Қодиров хатосини ёшлиги ва тажрибасизлиги билан ифодалайди.

Шундан кейин журналист ҳеч қаерда кўриниш бермайди.

Унинг бу тариқа «ғойиб» бўлиши маҳаллий ҳамкасблар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг жиддий хавотирига сабаб бўлади. Хавотирлар асоссиз эмас: айнан Фарғонада кейинги бир ярим ой ичида бир журналист маҳаллий ҳокимлик вакили босимига, яна бир ҳамкасбимиз эса очиқ ҳужумга учрадида. Ҳар икки ҳолат ҳам маҳаллий бошқарув органлари билан боғлиқлиги эътиборидан вилоят ҳокимлиги матбуот котибининг «суҳбатига чиқарилган»дан кейин кўриниш бермаган ёш журналист кимда хавотир уйғотмайди?!

Фарғонада журналистлар ҳужумга учради. Гумонланувчилар ҳокимиятдан ёллангани тахмин қилинмоқда (видео)

Усмонжон Қодиров «15 суткага қамалгани»га оид маълумотлар пайдо бўлгач, хавотирларнинг иккинчи тўлқини бошланди гўё. Энди кўпчилик унинг тармоқда эълон қилган хабари ортидан жазолангани, унинг «узри» эса амалдорлар «узрлари» (хусусан, вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг «ўтиниб-ўтириб кечирим сўраши») каби инобатга ўтмагани ҳақида бонг уришга тушишди.

Шу ўринда аниқлик киритайлик. Усмонжон Қодиров 15 сутка маъмурий қамоқ жазосига тортилгани рост! Лекин у бу жазога нотўғри хабар тарқатгани учун мустаҳиқ этилмаган. Балки ички ишлар ходимининг қонуний талабига бўйсунмай, боз майда безорилик қилгани учун шундай жазога лойиқ кўрилгани ойдинлашди.

Фарғона шаҳар маъмурий суди қарорига кўра, у 2020 йил 27 май куни соат 15:30 лар чамасида шаҳарнинг Алишер Навоий кўчасида жойлашган Фарғона вилоят ҳокимлиги биноси (!) олдида карантин талабларига зид равишда қасддан юзига ниқоб тақмасдан кетаётган вақтида шу ҳудудда хизмат вазифасини бажараётган Фарғона шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ИИБ профилактика инспектори М.Ҳамралиевга дуч келади. Ўз навбатида, профилактика инспектори унга тартибга риоя қилиш кераклигини айтиб, шахсини аниқлаш учун ИИБ таянч пунктига боришлиги лозимлигини билдирганида У.Қодиров унинг қонуний талабларини узрли сабабсиз бажармасдан, камига тикка ҳақорат қилиб ташлабди... (Нималар деб ҳақорат қилгани номаълум ҳозирча, бироқ Юлдуз Усмоновадай «юю, санларга!!», «падарлаънат бўлдиларинг!» дея бўкириб, «мана, санларга ҳурмат!» деганича бош бармоғини кўрсаткич ва ўрта бармоғи орасидан кўрсатмагани аниқ!)

Қарорда У.Қодиров айбига тўла иқрорлик билдириб, профилактика инспекторидан ҳатто узр сўрагани қайд этилади. Бироқ унинг бу «узри» ҳам ўтмайди. Профилактика инспектори суддан унга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланишини сўрайди.

Қисқаси, Фарғона шаҳар маъмурий судининг раиси С.Курбанов Усмонжон Қодировни Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 54-моддаси (Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисми, 183-моддаси (Майда безорилик) ва 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг ўз вазифаларини бажариши билан боғлиқ қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисмида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топиб, узил-кесил 15 (ўн беш) суткага «кесворади».

Жазони ўташ муддати 2020 йил 27 май куни соат 19:00дан ҳисобланиши белгилангани инобатга олинса, кеча тушдан кейин «қўлга олинган» У.Қодиров кечга бориб, суддан «насибасини олиб» улгургани англашилмоқда.

Эътиборлиси, унинг ҳуқуқбузарлигига ўзининг иқрорию профилактика инспекторининг кўрсатмасидан бошқа далил йўқ.

Куппа-кундузи, боз Фарғона шаҳрининг қоқ маркази бўлган жамоат жойида журналистнинг шу-унча ҳуқуқбузарлигига бирорта одам гувоҳ бўлмаганига фақат ажабланиш мумкин. Ваҳоланки, суд қарорида у «...уятли сўзлар билан сўкиб, бақир-чақир қилиб, фуқароларнинг осойишталигини бузгани (!)» аниқ-тиниқ ёзилган...

Бу ҳали ҳаммаси эмас.

Бугун (28 май), саноқли соатлар аввал «Telegram»даги «Muxbir Daliev» каналида овози Усмонжон Қодиров экани айтилган аудио тарқалди. Унда «...шу кунларда интернет фойдаланувчилари учун ажойиб янгиликни тайёрлаш ниятида» юргани, «иш жудаям кўплиги боис бир ҳафта давомида интернетга киришга имкон бўлмагани»ни айтиб, «йўқ бўлиб қолгани»дан хавотир олаётганларга «...биз яхшимиз, ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ» деган мазмундаги гаплар янграйди (канал муаллифи — Хуршид Далиев айни аудиони У.Қодиров шахсан юборганини айтмоқда).

Буям ҳали ҳаммаси эмас.

Бугун Фарғонада бўлган ҳамкасбимиз Усмонжон Қодировнинг онаси ва опаси билан суҳбатлашди. Онаизорга кўра, кеча ўғли қўнғироқ қилиб, «15 кунга Сардобага кетаётганини» айтган...

Хуллас, жумбоқ устига жумбоқ. Бу жумбоқлар кўндаланг қўяётган савол битта: журналист қаерда ўзи: қамоқдами ёки очиқда?