Швейцарияда ҳайвонот боғи ходими йўлбарс ҳужумидан вафот этди

Швейцарияда ҳайвонот боғи ходими йўлбарс ҳужумидан вафот этди

Швейцариянинг Сюрих шаҳридаги ҳайвонот боғининг ходими Амур йўлбарсининг ҳужуми оқибатида вафот этди. Бу ҳақда 20 Minuten порталига асосланиб Daryo.uz хабар бермоқда.

Кўнгилсиз ҳодиса 4 июль, шанба куни содир бўлган. Йиртқич жонзот ҳайвонот боғининг 55 ёшли ходими волер (ҳайвон учун атрофи ўралган майдонча) ичида турганида унга ташланган. Воқеа жойига етиб келган қутқарувчилар ҳайвоннинг эътиборини бошқа нарсага қаратиб, жабрланувчини олиб кетишга муваффақ бўлган. Бироқ кўрилган тезкор чораларга қарамай, аёлнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган.

Маълумотларга кўра, аёл ходимга «Ирина» лақабли урғочи йўлбарс ташланган. Полиция, прокуратура ва криминалистика институти мутахассислари мазкур ҳолат юзасидан тергов ишларини бошлаб юборган. Улар нима сабабдан ҳайвонот боғи ходими ва йўлбарс бир вақтда волерда пайдо бўлиб қолганини аниқлаши лозим.

Сюрихдаги ҳайвонот боғида 5 ёшли «Ирина»дан ташқари, «Саян» лақабли йўлбарс ҳам сақланади. 4,5 ёшли «Саян» 2018 йилнинг февралидан буён ҳайвонот боғида яшаб келади.