Сингапур ва Жанубий Корея Ўзбекистонга инсонпарварлик ёрдами юборди ​

Сингапур ва Жанубий Корея Ўзбекистонга инсонпарварлик ёрдами юборди ​

Кеча, 22 июль куни Корея Республикаси ҳукумати тақдим этган ва мамлакатимиз Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги учун мўлжалланган инсонпарварлик ёрдамининг иккинчи жўнатмаси ортилган «Korean Air» авиакомпанияси самолёти Ўзбекистонга етиб келди.

Жанубий Кореянинг мамлакатимиздаги элчихонаси маълумотига кўра, 144 минг дона тиббий ниқобдан иборат инсонпарварлик ёрдамининг биринчи жўнатмаси жорий йилнинг 10 июль куни етказиб берилган эди. Ҳозирги кўмак юкида 206 минг дона шу каби тиббий ниқоблар мавжуд.

Таъкидлаш жоиз, коронавирус инфекциясининг Ўзбекистонда тарқалишининг дастлабки кунларидан бошлаб Корея Республикаси мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимига доимий равишда техник ва маслаҳат ёрдамини кўрсатиб келмоқда.

Хусусан, коронавирус тарқалишининг дастлабки босқичида профессорлар Сой Чже Ук ва Юн Синг Жу маслаҳатчи сифатида Ўзбекистонда бўлиб, маҳаллий мутахассисларга касалликка қарши курашда ёрдам берди. Апрель ойи охирларида мамлакатимизга қиймати 250 минг АҚШ долларига тенг бўлган диагностика тўпламлари тақдим этилди. Бундан ташқари, Корея Республикасининг элчихонаси, Халқаро ҳамкорлик агентлиги, Халқаро соғлиқни сақлаш ва тиббиёт жамғармаси, Сув корпорацияси, Ер ва уй-жой корпорацияси (ЛҲ) ижтимоий ҳимояга муҳтож гуруҳларга ёрдам кўрсатди. Жанубий Корея компаниялари ҳам бу жараёнда ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишди.

Мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик бундан кейин ҳам ўзаро ёрдам ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга имкон беради, дея қайд этилади Корея Республикасининг Тошкентдаги элчихонаси хабарида.

Шунингдек, «Дунё» ахборот агентлигининг маълум қилишича, Cингапурнинг «Temasek Foundation» фонди 30 дона «Yuwell 7F-5» кислород концентраторини беғараз асосда тақдим этди. 22 июль куни юкларни Ўзбекистон томонига расмий топшириш маросими бўлиб ўтди.

Кислород концентраторини мамлакатимизга жўнатиш билан боғлиқ ташкилий жараён Ўзбекистоннинг Cингапурдаги элчихонаси томонидан амалга оширилди.

Cингапур томонининг 30 та кислород концентраторини етказиб бериш бўйича қарор Ўзбекистонда CОВИД-19 га қарши комплекс чора-тадбирлар ва қатъий ҳаракатларни амалга ошириш мақсадида ўз вақтида ва манзилли кўрсатилган ёрдам бўлди.

Эслатиб ўтамиз, бу ҳамкор мамлакатнинг Ўзбекистон тиббий муассасаларининг самарали фаолият юритиши учун тақдим қилган иккинчи инсонпарварлик ёрдамидир. Бундан олдин Cингапур мамлакатимизга 5 минг дона ПСР тест тизимларини юборган эди.

Ускуналарни мамлакатимизга олиб келиш учун 22 июль куни «Uzbekistan Airways» авиакомпанияси томонидан Шанхай шаҳри орқали рейс ташкил қилинди. Айни пайтда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги кислород концентраторларини қабул қилиб олди.