Сирдарё вилояти ҳарбий блок раҳбарлари мадҳия вақтида қандай жест кўрсатишни билмай шошиб қолишди. Аслида улар нима қилиши керак эди?

Сирдарё вилояти ҳарбий блок раҳбарлари мадҳия вақтида қандай жест кўрсатишни билмай шошиб қолишди. Аслида улар нима қилиши керак эди?

9 май куни бутун мамлакат бўйлаб Хотира ва қадрлаш куни байрам қилинди. Сирдарё вилоятида ўтказилган тадбирларда қизиқ воқеа содир бўлди ва ҳолат камераларга тушиб қолди.

Гап шундаки, Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаевнинг ортида турган ҳарбийлар давлат мадҳияси янграй бошлаши билан қандай жест кўрсатишни билмай шошиб қолишди. Улар аввалига қўлларини бош кийимларига қўндириб ҳарбий чест бериб туришди, кейин эса қўлларини кўкракларига қўйиб туришди. Бу тушунмовчилик тўрт ҳарбий иштирокида бир неча марта такрорланди ва бу вақт давомида камера кулгили ҳолатни ёзишда давом этди.

Kun.uz манбасига кўра, видеода кўринган ҳарбийлар Сирдарё вилояти ҳарбий блок раҳбарлари, яъни ДХХ, прокуратура, ИИБ ва божхона хизматларининг ҳудудий раҳбарлари.

Ҳолат тасвирланган видео интернетда шунчалик машҳур бўлдики, у ҳақда аллақачон мемлар, ҳазиллар пайдо бўлди. Шу ўринда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган бу ҳолатда ҳарбийлар ўзини қандай тутиши кераклигига қонуний назар ташласак. Бу борада иккита норматив ҳужжат ҳарбийларнинг ҳаракатларини тартибга солади.

1996 йил 9 октярбдаги президент фармони билан тасдиқланган. Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучларининг ички хизмат низомида бу борада шундай ёзилган: «Давлат мадҳияси ижро этилаётган пайтда сафда турган аскарлар команда берилмасдан қад ростлаган ҳолатга ўтадилар. Взвод командири ва ундан юқорида бўлганлар, бундан ташқари, қўлларини бош кийимларига қадайдилар. Сафдан ташқарида бўлган ҳарбий хизматчи мадҳия ижро этилаётган вақтда сафона қадрост ҳолатига киради, агар бош кийими бўлса, қўлини унга қадайди».

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси тўғрисидаги қонунда ҳам бу ҳолатни тартибга солувчи модда бор. Қонуннинг 7-моддасида шундай ёзилган«Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси кўпчилик ҳузурида ижро этилганда, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, ҳозир бўлган кишилар мадҳияни тик туриб ва ўнг қўл кафтини кўкракнинг чап томонига қўйиб, ҳарбий ёки давлатнинг бошқа хизматидаги махсус кийимдаги шахслар эса қўлини бош кийимига қўйиб тинглайди».

Демак, юқоридаги қонун ва президент фармони билан тасдиқланган низомга кўра, Сирдарёда ҳарбийлар қўлини кўксига қўйиш орқали ҳарбий протокол тартибига риоя қилмаган. Улар кейинчалик қўлларини бош кийимига қўндириб, тўғри қарор қабул қилган.