Сирдарёда банк бошқарувчиси 520 млн. сўм кредит маблағларини ўмарган

Сирдарёда банк бошқарувчиси 520 млн. сўм кредит маблағларини ўмарган

Фото: Халқ сўзи

Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманидаги Агробанк филиалининг собиқ бошқарувчиси бир нечта хўжалик юритувчи субъектга жами 520 миллион сўм кредит расмийлаштириб, бу маблағларни ҳам ўз манфаатлари йўлида ишлатиб юборган. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Сирдарё вилояти Мирзаобод туманидаги “Т.П.” фермер хўжалигининг 17,6 миллион сўм маблағи бошқа хўжалик юритувчи субъект ҳисоб рақамига ўтказилган. “Д.В.” фермер хўжалиги раҳбарининг кредит қарздорлигини сўндириш учун банкка тўлаган 17 миллион сўм нақд пули эса изсиз ғойиб бўлган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Мирзаобод тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда тадбиркорларларнинг маблағи собиқ бошқарувчи А.Г. томонидан суиистеъмол қилингани аниқланган.

Бундан ташқари, у яна учта хўжалик юритувчи субъектга жами 520 миллион сўм маблағни ўмарган. Мазкур талон-торож қилганлик ҳолати бўйича А.Г. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Шунингдек, Наманган вилояти Мингбулоқ туманида эса “Тоза ичимлик суви” унитар корхонаси собиқ мансабдор шахслари томонидан сув учун аҳолидан йиғиб олинган 190 миллион сўм нақд пул маблағи банк кассасига топширилмасдан талон-торож қилинган.

Бу ҳолат ҳам Департмаментнинг Мингбулоқ тумани бўлими ходимлари томонидан фош этилиб, корхона раҳбарининг собиқ биринчи ўринбосари М.Б.га нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

 

Upd. Ушбу хабар ЎзАнинг Телеграм каналига соат 13:40 да жойланган эди. Ўша вақтда сайтдаги хабарда тадбиркорларнинг маблағини ўзлаштирган банк бошқарувчиси Агробанк собиқ ходими эканлигини ёзилган эди.

Соат 17:00 ҳолатига кўра сайтдаги хабардан банк номи олиб ташланган.