Сирдарёда эркак жанжал сабаб хотинини пичоқлаб қўйди

Сирдарёда эркак жанжал сабаб хотинини пичоқлаб қўйди

Сирдарё вилояти Сайхунобод туманида аёли билан ярашиш мақсадида қайнотасининг уйига борган эркак — ўзаро келишмовчилик оқибатида турмуш ўртоғини қасддан пичоқлади. Бу ҳақида «Сирдарё Хабарлари» маълум қилди.

Сирдарё вилоят прокуратурасининг хабарига кўра, 2021 йил 24 январ куни соат соат 16:30ларда Сайхунобод туман ИИБга туман тиббиёт бирлашмаси томонидан тезкор хабар келиб тушган. Унга кўра, 1988 йилда Сайхунобод туманида туғилган фуқаро, 2 нафар фарзанднинг онаси Ш.Р, Сайхунобод тумани «Шодлик» маҳалласида яшовчи отаси Н.С.нинг хонадонида истиқомат қилаётган вақтида 1987 йилда Гулистон шаҳрида туғилган турмуш ўртоғи Н.Э. ярашиш учун келиб, Ш.Р. билан гаплашаётган вақтида ўзаро жанжаллашиб қолган.

Оқибатда Н.Э. ўзи билан олиб келган ошхона пичоғи билан Ш.Р. танасининг турли жойларига уч маротаба қасддан урган. Ушбу жанжални эшитиб қолган қайнотаси Н.С. келиб қолганлигини кўриб, ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда қўлида бўлган ошхона пичоғини ташлаб, ҳодиса содир бўлган жойдан қочиб кетган.

«Ш.Р. ўнг қовурға ости соҳаси, орқа икки курак ораси соҳаси ҳамда юз соҳаси чап чаккаси лўнж қисми жароҳатлари, пост гематомик шок 1-2 даражаси” ташхиси билан РШТЁИМ Сайхунобод тумани тиббиёт бирлашмаси жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Судга оид тиббиёт экспертизасининг дастлабки маълумотига кўра, фуқаро Н.Расулжановага етказилган тан жарохатининг оғирлик даражаси бўйича “ҳаёт учун хавфли бўлган оғир шикаст» дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан 24-январ куни Сайхунобод тумани прокуратураси томонидан фуқаро Н.Э.га нисбатан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, Н.Э. Жиноят просессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган