Сирдарёда ҳам судья ИИБ ва Миллий гвардия ходимларининг зўравонлигига учради

Сирдарёда ҳам судья ИИБ ва Миллий гвардия ходимларининг зўравонлигига учради

Фото: Сирдарё вилояти ҳокимлиги

Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти суди судьяси Алишер Эргашев ИИБ ва Миллий гвардия ходимларининг зўравонлигига учради.

Айни маълумотни ЎзА мухбири билан суҳбатда тасдиқлаган Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов воқелик 2020 йил 13 июль куни эрталаб содир бўлганини билдирди. Яъниким, жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти суди судьяси Алишер Эргашев ўзининг бошқарувидаги «Некция» русумли автомашинасида доимий яшаш жойидан иш жойига келиш мақсадида Гулистон шаҳар ҳудудига киришда ўрнатилган «карантин блок-пости» йўналишида ҳосил бўлган тирбандликда тахминан 8.40 дан 09.35 гача бўлган вақт оралиғида кутиб турган. Ишга бориши шарт бўлгани сабаб блок-пост томон ҳаракатланган судьяни у ердаги ИИБ ва Миллий гвардия ходимлари «вилоят ҳокими келаётганлиги» айтиб, шаҳар ҳудудига киритишмайди.

А.Эргашев ўзининг судья экани, хизмат гувоҳномасини кўрсатар экан, ишга кетаётганлигини айтиб, ўтказиб юборишни илтимос қилганида ИИБ ва Миллий гвардия ходимлари унга нисбатан қўпол муомалада бўлиб, унинг автомашинасини қўли билан урганча тезроқ бу жойдан кетишини талаб қилишади. А.Эргашев ишга бориши шартлиги, бунинг учун шаҳар ҳудудига кириши лозимлигини такрор айтганида унга 3-4 ходим куч ишлатиб, автомашинасидан мажбуран туширади. Айни жараёнда унинг шахси, судьялик лавозими ва қадр-қимматини ҳақорат қилиб, ҳатто тан жароҳати етказишади. Камига шахсий мулки ҳисобланган автомашинаси нотаниш ИИБ ходими миниб, воқеа жойидан 250-300 метр узоқликдаги-йўлнинг четига олиб бориб, очиқ ҳолда ташлаб кетади!.

Шундай ғурбатлар билан ишхонасига аранг етиб келган судьянинг соғлиғи ёмонлашади ва тез тиббий ёрдам чақиртирилади. Тез тиббий ёрдам ходимлари А.Эргашевнинг танасидаги жароҳатларни кўздан кечиради, унинг қон босими кўтарилганлигини аниқлаб, зудлик билан биринчи тиббий ёрдам кўрсатгач, вилоят шифохонасининг Шошилинч тиббий ёрдам бўлимига олиб кетишади.

Айни пайтда прокуратура органи томонидан мазкур ҳолат юзасидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. А.Эргашевнинг олган тан жароҳатлари даражасини аниқлаш учун судга оид тиббий экспертиза экспертиза тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча Жарқўрғон туман ҳокими З. Давлатов томонидан судьялар обрўсизлантирилгани, туман суди ҳайдовчиси эса ИИБ ходимлари томонидан дўппосланганига оид хабарлар тарқалганди. Кенг жамоатчилик буни судьялар дахлсизлигини бузиш сифатида баҳолаб, ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалар ҳали совумай Сирдарёда бундан ҳам аянчлиси юз бериб турибди.