Сирдарёдаги мактабда муштлашган ўқувчи қизларнинг ота-оналарига чора кўрилди — видео

Сирдарёдаги мактабда муштлашган ўқувчи қизларнинг ота-оналарига чора кўрилди — видео

Сирдарё вилояти Мирзаобод туманидаги 5-умумтаълим мактабида муштлашган ўқувчи қизларнинг ота-оналарига чора кўрилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, ҳолат акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалганидан сўнг вилоят Ички ишлар бошқармаси вакиллари ҳодисага аниқлик киритган ва ҳолат юзасидан йиғилиш ўтказган. Унда муштлашган қизлар, уларнинг ота-оналари, видеони тасвирга олган йигит иштирок этган. Таъкидланишича, қизлар бу эски воқеа экани, ҳозир дўстлашиб кетганини айтган. Улар, шунингдек, ўша вақтда келишмовчиликдан тортишиб қолганини ва шу сабаб муштлашганини таъкидлаган. Маълум қилинишича, видеони тасвирга олган йигитнинг ота-онаси ҳам жаримага тортилди.

Қайд этилишича, Мирзаобод тумани ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссия мазкур ҳолатни муҳокама қилди. Унга кўра, воқеа қачон бўлганидан қатъи назар, ҳолат иштирокчиларининг ота-оналарига тегишли тартибда чора кўрилиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси билан баъзавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида, яъни 490 минг сўм жаримага тортилди.