Сирдарёнинг сув босган ҳудудларида 50 та кўп қаватли уйлар қурилади

Сирдарёнинг сув босган ҳудудларида 50 та кўп қаватли уйлар қурилади

Сирдарё вилоятида Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши натижасида сув босган ҳудудларда 50 та кўп қаватли уйлар қурилади. Бу ҳақда Lex.uz хабар бермоқда.

1 май куни президентнинг «Сирдарё вилоятида жойлашган «Сардоба сув омбори» тўғонида юзага келган фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармойиши қабул қилинган.

Ушбу фармойишга мувофиқ Сирдарё вилоятидаги «Сардоба сув омбори» тўғонидан сув тошиши оқибатларини бартараф этиш ва ҳодиса сабабларини ўрганиш бўйича Ҳукумат комиссияси тузилган.

Молия вазирлиги томонидан юз берган фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш учун Сирдарё вилояти маҳаллий бюджетига дастлабки 100 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилган.

Эслатиб ўтамиз, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, зарар етган инфратузилма объэктларига 8 та болалар боғчаси, 16 та мактаб, 7 та тиббиёт муассасаси, 1 та коллеж, 7 та қабристон, 3 та масжид, 13 та республика аҳамиятидаги кўприк, 52 км узунликдаги йўл, 1 та деҳқон бозорини киритиш мумкин. Шунингдек, 99 та кўп қаватли турар-жой биносига қисман зарар етган.

Маълумот учун, Сардобадаги сув тошқини оқибатида 4 киши ҳалок бўлган, 1 киши бедарак йўқолган, 90 мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилинган.