Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Сизда ҳозир кун бўйи уйда ўтириб, миллат қаҳрамони бўлиш имконияти бор. Уйда қолинг
25.03.2020 09:02,  
400

Мен эпидемиолог ёки шифокор эмасман. Мутахассислигим бўйича математикман, университетнинг амалий математика факультетини битирганман, ҳозирда иқтисодий тадқиқотлар билан шуғулланаман. Шу боис, мутахассислигимдан келиб чиқиб айтмоқчиманки, математикани тушунмаслик коронавирус хавфини тўла англаб етмасликка, оқибатда катта офатларнинг юзага келишига сабаб бўлмоқда.

Коронавирус инфекциясининг тарқалиши экспоненсиал ўсувчи процесслар қаторига кириши ҳақида кўплаб далиллар кўрдим. Экспоненсиал ўсиш — бу жуда шиддатли, инсон ақли бовар қилмайдиган даражадаги тез ўсиш. Мисол учун, Италияда коронавирус эпидемияси бошланган вақтда касалланганлар сони кунига икки баробарга кўпайган. Агар ўсиш суръати Италиядаги эпидемия бошида кузатилганидек кунига икки баробарни ташкил этса, касаллик икки кишидан 30 миллион аҳолига юқиши учун атиги 25 кун — бир ойдан ҳам камроқ вақт етарли бўлади.

Ўзбекистонда ҳозиргача 46 кишида коронавирус инфекцияси аниқланди. Агар инфекциянинг тарқалиш суръати кескин пасайтирилмаса, бутун мамлакат неча кун ичида бу касалликка чалинишини ҳисоблаб чиқиш қийин иш эмас. Шунинг учун ҳам, коронавирус инфекцияси тез тарқалаётган бир вақтда заруратсиз уйдан чиқиш, одамлар тўпланадиган жойларга бориш жуда катта масъулиятсизлик ва шафқатсиз ҳаракат эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.

Айримлар коронавирусни гриппдек бир касаллик, унинг бир тури-да, деб енгил қараётган бўлиши мумкин, аммо коронавируснинг тарқалиш суръати унинг нақадар жиддий муаммо эканини англаб олишга ёрдам беради. Коронавируснинг гриппдан асосий фарқи — унинг ҳаддан ташқари юқумли эканлигида. Эътибор қилинг, оддий гриппнинг юқумлилик даражаси — 1,3; бу — грипп билан хасталанган бир бемор касалликни ўрта ҳисобда 1,3 кишига юқтиради, дегани. Янги касалланган киши яна 1,3 одамни гриппга йўлиқтиради ва жараён шу тариқа 10 марта такрорланса, касаллик умумий ҳисобда 14 кишига юқади.

Коронавируснинг юқумлилик даражаси эса камида 3 га тенг, яъни ўрта ҳисобда бир бемор 3 кишига касалликни юқтириши мумкин (бу ҳали анча хотиржам кўрсаткич, аслида эса бир бемор ўртача 5—6 кишига юқтириши мумкин, дейишмоқда). Бир қарашда 1,3 ва 3 ўртасида катта фарқ йўқдек, бироқ юқтириш жараёни мана шу «ўртача 3» деган кўрсаткич билан ҳам грипп эпидемиясидаги каби 10 марта такрорланса, якунда 59 минг киши касалликка чалинади. Агар юқумлилик даражаси 5 га тенг бўлса, у ҳолда жараён 10 марта такрорлангач, беморлар сони 10 миллионга етади.

Шундай экан, ҳозирда ҳукумат томонидан кўрилаётган фавқулодда чораларни жуда жиддий қабул қилишингизни сўраб қолар эдим.

Иккинчи масала — коронавирусдан вафот этганлар фоиз нисбати ҳақида. Ушбу касалликдан ўлим фоизи паст бўлса-да, катта рақамга кўпайтирилса, қўрқинчли манзара ҳосил бўлади. Биргина мисол: АҚШнинг энг катта ва энг бой штати ҳисобланган, 40 миллион аҳоли яшайдиган Калифорния ҳам коронавирус сабаб тўлиқ ёпилди. Штат губернаторининг баёнотига кўра, ҳудуд аҳолисининг 56 фоизи касалликни юқтириб олиши хавфи остида. 40 миллионнинг 56 фоизи — 22,4 миллион киши. Бу ҳолатда ўлим 1 фоизга тенг бўлса ҳам, 0,1 фоизга тенг бўлса ҳам, минглаб одамлар вафот этади, дегани.

Учинчи масала, Ўзбекистонда ҳам, бошқа мамлакатларда ҳам вирусни аниқлаш осон кечмаяпти, тестлар етишмаяпти. Ўзбекистонда неча киши касалланганини билсак ҳам, аслида қанча одам тест қилингани номаълум. Агар бир миллион киши тест қилиниб, шунда 46 кишида коронавирус аниқланган бўлса, бу бир масала. Мабодо 100 киши тест қилинган бўлса-ю, уларнинг 46 нафари касаллиги аниқланган бўлса... Иккинчи мисол ҳақиқатга яқин бўлса, у ҳолда ниҳоятда хатарли рақам пайдо бўлади. Расмийларимиздан ўтказилган тестлар миқдорини, жумладан, тест топширган, бироқ коронавирус аниқланмаган одамлар сонини ҳам эълон қилишни сўраб қолардим. Маҳражни билиш ниҳоятда зарур, бу бошқа қарорларни қабул қилиш учун ҳам муҳим.

Тўртинчи масала тиббий инфратузилма билан боғлиқ. АҚШ, Италия, Франция каби мамлакатлар соғлиқни сақлаш инфратузилмаси, тиббий хизматлари сифати бўйича дунёда энг илғорлардан саналарди. Бироқ коронавирусга чалинганлар сони ниҳоятда кўплиги туфайли ҳатто шу мамлакатларда ҳам реанимация ўринлари ва ўпкани сунъий нафас олдириш аппаратлари етишмаяпти. Шифокор ва ҳамширалар ишдан кетмай ишлашига тўғри келмоқда. АҚШда штат губернаторлари федерал ҳукуматдан ҳарбий шифохоналар ва кема госпиталларини тақдим этишни сўраяпти. Францияда эса куни кеча ҳарбийлар дала госпиталларини — яъни жанг майдони учун мўлжалланган касалхоналарни шаҳар ичида ўрнатишни бошлади.

Демоқчиманки, одамлар ёппасига касалликка чалинадиган бўлса, энг бой ва ривожланган мамлакатларнинг инфратузилмаси ҳам бу юкламани кўтаролмай қоларкан. Биргина Италиянинг ўзида 5 мингга яқин тиббиёт ходими коронавирус инфекциясини юқтириб олгани айтилмоқда. Биз Ватанимиз Ўзбекистоннинг молиявий имкониятлари ва тиббий меҳнат ресурслари анча кам эканлигини ҳисобга олган ҳолда иш тутишимиз керак — мабодо бизда ҳам касалланганлар сони кескин ошса, жиддий қийналиб қолишимиз мумкин.

Бешинчи (жуда жиддий) масала — коронавируснинг асимптоматик тарқалиши. Бу нима дегани? Баъзи одамлар аллақачон коронавирусни юқтириб олган, бироқ уларда касаллик аломатлари ё кеч намоён бўлади, ёки умуман сезилмайди. Масалан, Хитойда тест орқали коронавирус аниқланган одамларнинг деярли учдан бирида касаллик белгилари умуман бўлмаган. Улар — энг хавфли касаллик ташувчилар, таъриф жоиз бўлса, «овозсиз қотиллар»; улар, катта эҳтимол билан, касалликни «оёқда ўтказиб» юборади. Шундай экан, ҳозир бирор киши, айниқса, ёшлар ўзини яхши ҳис қилаётган бўлса, буни одамлар тўпланадиган жойга бориш учун сабаб деб билмаслиги керак. Чунки улар аслида хаста эканликларини сезмай, билмай, касалликни иммунитети кучсиз ёки хавф гуруҳига кирувчи ёши катта инсонларга — жамиятдаги саломатлиги энг заиф гуруҳ вакилларига юқтириши мумкин.

Юқорида келтирилган рақам ва фактларни инобатга олиб, сиздан уйдан чиқмасликни сўраган бўлардим. Ҳозир уйдан ҳеч қаерга чиқмасангиз, одамлар билан кўришмасангиз, юзлаб, эҳтимол минглаб ҳаётларни сақлаб қолишга ҳиссангизни қўшишингиз мумкин. Сизда ҳозир кун бўйи уйда ўтириб, миллат қаҳрамони бўлиш имконияти бор — бундан фойдаланиб қолинг! Жамиятдан узоқлашиш ҳақидаги даъватларни жиддий қабул қилишингизни, атрофингиздагиларга ҳам буни уқтиришингизни сўрардим. Коронавирус эпидемияси қачон тўхташини ҳали ҳеч ким аниқ билмайди — ҳаво исиганда касаллик чекиниши ҳақидаги таъкидлар ҳали тўла тасдиқланмаган. Шунинг учун уйда ўтиринг.

Айни вақтда, жамиятдаги энг заиф инсонларга ёрдам беришингизни ҳам илтимос қилиб қолардим. Ён-атрофингизда ёши улуғ инсонлар яшаса, уларнинг ташқарига умуман чиқмасликлари учун имконият яратиб беринг, масалан, бозорликларини қилиб беринг. Эпидемия туфайли вақтинча ишсиз қолганларга имкон қадар молиявий ёрдам кўрсатинг. Сиз раҳбарлик қилаётган корхона карантин сабаб ёпилган бўлса-да, ходимларга иложи борича маошларни тўлаб боринг. Давлат ҳам эпидемия сабаб қийин аҳволга тушиб қолган ватандошларимизга пул билан ёрдам берса, иқтисодий инқироз оқибатларини бартараф этиш учун қийналган фуқароларга пул тарқатса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Бугунгидек ҳодисалар тарихда ҳам кўп эмас. Бундай вақтда биз бирлашиб, жамият сифатида бир-биримизни қўллаб-қувватлашимиз, ижтимоий масъулиятли инсон бўлиб, касаллик тез кунларда барҳам топишига ҳиссамизни қўшишимиз керак. Қувонарлиси, ҳукуматимиз ва шахсан президент Шавкат Мирзиёев масала нақадар жиддий эканлигини қайд этиб, кўрилажак чораларни тўғридан-тўғри эълон қилиб келмоқда. Мамлакат раҳбарияти кўраётган чоралар тўғри эканлигини эътироф этмоқ зарур.

Хулоса ўрнида бир ниятим бор. Коронавирус эпидемияси ортда қолгач (ўша кунлар тезроқ келишидан умидворман), «сиёсатчилар, таҳлилчилар жуда ошириб юборибди, аслида бу унчалик катта хатар эмас экан», деган мазмунда кўплаб мақола ва китоблар ёзилишини, телекўрсатув ва фильмлар суратга олинишини жуда хоҳлардим. Дўстларим ва яқинларим ҳам мени хатарнинг кўламини ошириб юборганликда айблашларини истардим. Келажакда шундай дейишса, бу ўз вақтида тўғри чоралар кўрганимиз далили бўлади. Менинг ниятим шу.

"Иқтисодчи кундалиги"дан

"Дарё.уз"дан олинди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан