Американинг Microsoft корпорацияси глобал иқтисодиётдаги пасайиш шароитида тахминан 11 минг ходимни қисқартириши мумкин. Бу ҳақда Sky News манбага таяниб хабар берди.
220 000 дан ортиқ киши иш билан таъминланган компания ишчи кучининг қарийб беш фоизини қисқартиришни кўриб чиқаётгани айтилмоқда. Телеканал маълумотларига кўра, ишдан бўшатилган ходимларнинг эҳтимолий сони ҳақидаги аниқ маълумотларни ҳозирча текшириб бўлмайди.
Ходимлар сонининг қисқариши ҳақидаги хабар корпорация бош ижрочи директори Сатя Наделла Microsoft компаниясининг молиявий кўрсаткичлари ҳақида инвесторларни хабардор қиладиган 24 январгача эълон қилиниши кутилмоқда.
Аввалроқ Microsoft раҳбарияти "Ўз хоҳишингизга кўра дам олиш куни" янги сиёсати доирасида 16 январдан бошлаб АҚШдаги барча ходимларга чексиз миқдорда таътил олиш ҳуқуқини беришга қарор қилгани ҳақида хабар берилган эди.