Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Сўз эркинлиги, дин ва давлат, Azon.uz атрофидаги баҳслар
20.02.2018 08:06,  
202

«Севги изтироби» сериалининг эфирдан олиниши, бу сериал устида ишлаганларнинг «хоин»ликда айбланиши ва бу сўз эркинлиги масаласида диндорларнинг ҳаддидан ошаётгани ҳақида кўп гап-сўзлар бўляпти. Одамларнинг бу каби мавзуларни эркин муҳокама қилаётгани, бир томондан, қувонарли ҳодиса. Чунки мустақил Ўзбекистоннинг охирги 20-25 йиллик тарихида фикрларни эркин ифода қилиш анъанаси мавжуд эмас эди. Баҳс-мунозаралар бўлаётганининг ўзи катта гап.

Шу билан бирга, айримлар сўз эркинлигини суиистеъмол қилиб ҳаддидан ошяптими, уларни чеклаш керакми, деган саволлар ўртага ташланди.

Сўз эркинлигининг чегараси борми?

Эркин фуқаролик жамиятида энг муҳим ҳуқуқлардан бири бу сўз ва фикр эркинлигидир. Исталган шахс ёки фуқаро ўз фикрини эркин ифода эта олиш имкониятига эга бўлиши керак. Зўравонликка ундаш, айирмачилик, диний ва ирқий камситиш каби қонун билан тақиқланган фикр ва баёнотлар бундан мустасно.

Зиёвуддин Раҳимнинг «Севги изтироби» сериали намойишига қарши ёзган мақоласи, бу сериал устида ишлаганларни хоинга тенглаштиргани сўз эркинлиги тамойили билан ҳимоя қилинадиган фикрми ёки туҳмат ва ҳақоратдан иборат, бутун жамиятга ўз яшаш тарзини мажбуран ўтказишга қаратилган сўз зўравонлигими?

Мен бу мақолани сўз эркинлиги ҳуқуқи асосида ҳимоя қилинадиган фикр деб ҳисоблаган бўлардим (Эслатма: мен муаллиф фикрини ҳимоя қилмаяпман). Нега? Чунки бу унинг шахсий фикри. У бирор расмий лавозимдаги одам эмас ва ҳукумат ёки канал мутасаддилари унинг бу айтган гапини қабул қилиш ва амалга татбиқ этиш мажбуриятига ҳам эга эмас. Муаллиф сериал ижодкорларига, мусулмон бўлсанг, бундай ишларни қилгани уялмайсанми, бу халққа хиёнат эмасми, мазмунида мурожаат қилиб, эътирозини ғазаб ва ҳиссиёт билан ифодаламоқда.

Дунёнинг ривожланган демократик мамлакатларида бундай баҳсли чиқиш ва фикрлар кўп янграши оддий ҳолат ҳисобланади. Масалан, яқинда АҚШ Президенти Доналд Трамп халққа мурожаати пайтида унга қарсак чалмаган демократларни хоинларга тенглаштирди. Ёки демократлар ва республикачилар ўртасидаги азалий кураш мавзуларидан бири – аборт масаласини олиб кўринг. Республикачилар абортга кескин қарши ва уни қотилликка тенглаштириб, бундай амалиётни қонун билан тақиқлаш тарафдори. Демократлар эса аборт қилиш-қилмаслик ҳақида қарор бериш масаласини ҳар бир аёлнинг узвий ҳуқуқи деб билади.

Агар жамиятнинг бирор қатлами ёки аъзоси Зиёвуддин Раҳимнинг хоинлик ҳақидаги фикридан ўзини ҳақоратланган деб ҳисобласа, марҳамат, туҳмат ёки ҳақорат даъвоси билан судга мурожаат қилсин. Унинг оғзини ёпиб, унга минбар берган сайт ёки нашрни маломат қилиб, жамиятда энди уйғонаёган сўз эркинлиги муҳитини ҳали туғилиб улгурмасдан бўғишга ҳаракат қилмайлик.

Юқорида айтганимдек, демократик жамиятларда бунданда баттар ва қўрқинчли фикр ва айбловлар тез-тез янграб туради ҳамда жамоатчилик уларни оддий ҳолат сифатида қабул қилишга ўрганиб қолган. Яъни, бундай фарқли ёки кескин фикр жамиятни ўзгартириб юбориши эҳтимоли жуда кам. Бизнинг жамият бундай амалиётга ўрганмагани боис, ноанаъанавий ёки кескин фикрлар ижтимоий тармоқларда тез аланга олиб, баҳсларга айланиб кетмоқда. Аслида баҳс ва мунозаралар кучли фуқаролик жамиятида табиий ҳол ва ҳатто бўлиши керак бўлган жараён. Қонун билан тақиқланган ҳолатлар, албатта, бундан мустасно.

Аммо шу ўринда айтган бўлардимки, аниқ шахс нишонга олинмаган бундай мавҳум фикр ва баёнотларга қарши даъволарни кўриб чиқишда судлар сўз эркинлиги фуқаролик жамияти учун муҳим, деган тамойил асосида иш кўриши керак. Айниқса, бу фикр оммавий ахборот воситалари томондан тарқатилган бўлса.

Масалан, АҚШда судлар журналистлар ёки нашрларга қарши даъво қилинган туҳмат ва ҳақорат ишларини кўриб чиқишда масалага автоматик равишда журналист ёки ОАВни ҳимоя қилиш мавқеидан келиб чиқиб ёндашади. Журналист ёки нашр маълумотларни қасддан, атайлаб бузиб кўрсатиш нияти билан ёлғон ахборот беришга урингани (reckless disregard for the truth) аниқлансагина, айбдор деб топилади («New York Times Co. v. Sullivan» суд ишига қаранг).

Бу ерда фактлар ҳақида гап кетяпти; фикр деярли ҳеч қачон судга тортилмайди. Шунчаки, эътиборсизлик билан, техник хато билан ёки қасддан қилинмаган ҳолатда юз берган хатоликлар учум журналистлар, одатда, жазоланмайди. Чунки сўз эркинлиги, жамоатчиликнинг маълумот олиш ҳуқуқи бу ҳуқуқни чеклашга қаратилган даъводан муҳимроқ кўрилади.

Шунингдек, АҚШда сўз эркинлиги ва туҳматга оид суд ишларида «public figure» (жамоатчилик эътиборидаги шахс) деган тушунча бор. Агар туҳматга учраган шахс машҳур одам ёки бирор лавозимдаги расмий бўлса, бундай тоифадаги шахслар журналистларга қарши даъвода ютиб чиқиши деярли имконсиз. Чунки у оддий шахс эмас, балки жамоатчилик эътиборидаги одам бўлгани боис, у ҳақда аҳолининг маълумот олиш ҳуқуқи ўша шахснинг ўз шаънини ҳимоя қилиш ҳуқуқидан афзалроқ кўрилади. Шу боис АҚШ каби демократик давлатларда ҳукумат аъзолари, президент ва бошқа расмийларнинг тинимсиз матбуот ҳужумига учраши одатий ҳолга айланган. Халқ олдига чиққан, бирор лавозимни эгаллаган ёки машҳурликни даъво қилган ҳар қандай одам шундай ҳужум ва бошоғриқларга тайёр ва рози бўлган ҳолда майдонга чиқади, уларнинг шахсий ҳаётлари (privacy) доираси жуда тор бўлади.

Бизда ҳам шу анъана суд-ҳуқуқ амалиётига кириб бориши керак. Яъни амалдорлар, расмийлар ўз шаънини ҳимоя қилиб журналистларни судга берса, суд аҳолининг маълумот олиш ҳуқуқи расмийнинг шахсий ҳаёти ҳимоясидан кўра муҳимроқ, деган тамойил асосида ишни кўриб чиқиши керак.

Сўз эркинлиги, дин ва давлат муносабатлари

Ўзбекистон дунёвий-секуляр давлат. Яъни, барча дин ва эътиқоддаги фуқароларнинг ҳуқуқлари бирдек ҳимоя қилинади. Ҳар бир фуқаро хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки қилмаслик ҳуқуқига эга. Виждон эркинлиги тўла ҳимоя қилинади (қилиниши керак).

Ўзбекистон аҳолисининг аксарияти мусулмонлар. Шу нуқтаи назардан, улар ўзларининг диний талабларини олға суриши, ибодат ва яшаш тарзларига мос шароитлар яратилишини сўраши мумкин ва бунга қонуний ҳақлари бор. Аммо бу нарса уларга ўз эътиқодлари ва яшаш тарзларини бутун жамиятга, барча фуқароларга мажбуран ўтказиш ҳуқуқини бермайди. Ўзбекистонда мусулмонлар орасида ҳам диний даражаси, эътиқоди ва яшаш тарзи турлича бўлганлар, бундан ташқари, бошқа диндагилар, дунёвий ва секуляр қатлам ва даҳрийлар (атеистлар) бор. Ўзбекистон ҳукумати бу тоифаларнинг барчасини бирдек ҳимоя қилиши керак. Барчасига ўз динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятини яратиб бериши керак. Дин, эътиқод – булар шахсий ҳаётга оид узвий ҳуқуқлар. Давлат, агар хавфсизликка таҳдид солмаса ёки бошқа фуқаролар ҳуқуқларига дахл қилмаса, ҳеч кимнинг шахсий ҳаётига аралашиши мумкин эмас.

Сериал эфирдан олинди, аммо…

Диний нашрлар ёки диндорлар нимани талаб қилиш ҳуқуқига эга ва қайси нуқтада бу ҳуқуқ чегараланиши керак?

Улар, эътиқоди талаб қилгани боис, аёллар рўмол ўраши, эркаклар соқол қўйиши, иш пайтларида намозларини ўқиб олишлари учун танаффус берилиши каби шароитлар яратилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга ҳамда давлат, миллий ва халқаро қонун нормалари асосида, бу ҳуқуқларнинг таъминланиши ва бузилмаслигини кафолатлаш мажбуриятига эга. Шунингдек, улар, хоҳласа, ўз оммавий ахборот воситаларини, теле ва радиоканалларини, ибодатхоналарини очиш ва қонун доирасида фаолият юритиш ҳуқуқига эга. Аммо улар барча хусусий ёки давлат каналларидан, бошқа ОАВлардан ёки давлат идоралари ҳамда бошқа хусусий-жамоат муассасаларидан ўз эътиқодлари ва яшаш тарзларини ҳисобга олган ҳолда фаолият юритишларини талаб қилишга ҳақли эмас. Шу ерда улар ҳаддиларидан ошган бўлади, бошқалар ҳуқуқига дахл қилишга ўтган бўлади. Демак, уларнинг ҳуқуқлари шу нуқтада чегараланади.

Мусулмонлар телеканаллардан эътиқодларига ёки яшаш тарзларига зид материалларни эфирга узатмасликни сўраши мумкин, яъни бундай материалларни қоралаб баёнот чиқариш ҳуқуқига эга. Бу фикр эркинлиги, лекин давлат ёки ўша канал мутасаддилари уларнинг бу талабини бажариш мажбуриятига эга эмас (диний эътиқодлари таҳқирланадиган материаллар бундан мустасно; уларни тўхтатишни талаб қилиш мумкин).

Улар фақат жамоатчилик босими асосидагина телеканални баҳсли кўрсатув ёки филмни эфирдан олишга ундашлари мумкин, лекин бу ҳукумат буйруғи ёки зўравонлик таҳдидига асосланган босим орқали амалга оширилмаслиги керак. Ўзбекистон аҳолисининг аксарияти мусулмон эканини ҳисобга олсак, «Зўр ТВ» каналидан «Севги изтироби» сериалининг эфирдан олинишини ана шу жамоатчилик босими натижаси дейишимиз мумкин. Лекин сериал фақат бош вазирга ёки маълум бир қатламга ёқмагани учунгина буйруқ билан эфирдан олиниши тўғри эмас.

Қонун бўйича, одатда, эфирга кетадиган материаллар мазмуни аудитория ёши бўйича таснифланади. 16+, 18+ каби таснифлар шу асосда ишлаб чиқилган. Лекин таснифлаш талаблари универсал эмас. Масалан, АҚШ ёки Европада 14+ деб топилган филм Ўзбекистонда фақат 18 ёшдан катталар учун мос деб топилиши мумкин. Жамиятнинг ўзига хос ахлоқий қадриятларидан келиб чиқиб, давлат филм ва бошқа кўрсатувларни ёш бўйича таснифлаш тартибини ишлаб чиқиши керак.

Диндорлар мана шу тартиб асосида филмларга қарши курашишлари мумкин. Масалан, агар «Севги изтироби» сериали 16+ сифатида таснифланган бўлса, унинг эфирдан олинишини истаганлар аслида унинг 18 ёшдан катталар учун эканини даъво қилиб, филм қайта таснифланишини ва унинг эфир вақти ўзгартирилишини талаб қилишлари мумкин.

Диндорлар учун идеал жамият?

Мусулмонлар учун идеал жамият бу халифалик ёки қонунлари шариатга асосланган давлат бўлиши мумкин. Аммо реал ҳаётга қаралса, улар учун ҳозир энг идеал жамият дунёвий тузум эканини кўпчилик тушунмайди.

Диндорлар нега давлатдан ислом дини тамойилларини ҳимоя қилишни сўраши, ҳукуматга дискотекаларни ёпиш; телеканалларга нимани қўйиш ва нимани олиб ташлаш бўйича зуғум ўтказиши мумкин эмас? Чунки бу талаблари ўзларига фойдадан кўра кўпроқ зиён келтиради. Қандай қилиб?

Агар диндорлар давлат раҳбари ёки ҳукумат исломий қадриятларни давлат сиёсатига олиб чиқиши керак, деб даъво қилса, улар диктатура ёки авторитаризмни хоҳлаётган бўлади. Ҳукумат қайси мазҳабни, мазҳаб ичидаги қайси йўналишни, қайси талқинни тарғиб қилиши керак?

Эҳтимол, зиёли, исломпарвар одам давлат бошига келса, диктатура улар хоҳлаган идеал жамиятга бошлаши мумкин. Лекин эртага ундан кейин келадиган навбатдаги раҳбар ана шундай одам бўлишига ким кафолат бера олади? У, аксинча, мусулмонларни ёки бошқа диний гуруҳларни тазйиққа оладиган режим ўрнатиши мумкин-ку.

Шунинг учун, шахсларга боғлиқ бўлмаган, давлат институтлари, қонунлар мустақил ва барча учун бирдек ишлайдиган, барчанинг ҳуқуқларини бирдек ҳимоялайдиган ва таъминлайдиган тузум диндорлар учун энг идеал жамиятдир. Шунда мусулмонлар ибодатини, хоҳлаган амалини қилиб эркин яшайди. Бошқа гуруҳлар ҳам қонун доирасида ўз билганича ҳаёт кечиради.

Диннинг бирор талқини давлат сиёсати даражасида тарғиб қилиниши нима оқибатларга олиб келиши мумкинлигини аллақачон кўрдик. Соқол ўстириш ва рўмол ўрашга қўйилган тақиқ; иймоннинг амалда эмас, қалбда бўлиши муҳим экани ҳақидаги тарғиб аслида исломга қарши кураш эмас, балки ҳукуматдаги маълум тоифалар талқинидаги исломнинг мусулмон жамиятига ёппасига мажбуран ўтказилишидир. Шу пайтгача ҳукумат исломга, динга қарши курашмади; аксинча, ўз талқинидаги динни барчага мажбуран ўтказишга уринди ва бунинг оқибатида виждон эркинлиги ҳуқуқи бузилди.

Хулоса

90-йиллар бошида диний эркинлик ҳуқуқи амалда таъминланганда, диний идора мусулмонларни бошқара олмай қолгани, масжидлар орасида, мусулмонлар ўртасида баҳс ва тортишувлар, ҳатто зўравонлик ҳолатлари юз бергани кўпчиликнинг эсида бўлса керак. Ўшанда ҳукумат аралашиб, назоратни тўлиқ ўз қўлига олган эди. Ҳозир ҳам, агар мусулмонлар эркинликдан эси кетиб, ҳаддиларидан ортиқроқ нарсани талаб қилишни бошласа, тарих яна қайтарилади. Диний фаолият устидан назорат қайта кучайтирилиши мумкин, ҳуқуқлар чекланиши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, Зиёвуддин Раҳимнинг фикри хато бўлиши мумкин, лекин уни ўз фикрини эркин айтиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайлик. Унинг фикрига қарши фикр айтиш, эътирозимизни билдириш ҳуқуқи ҳар доим бизда бор. Фикрга қарши фикр билан курашиш лозим.

Azon.uz каби диний нашрлар эса маълум бир гуруҳнинг ҳаёт тарзи ва эътиқодини бошқаларга мажбуран ўтказишни эмас, балки фуқаролар ўз динига эркин эътиқод қила олиши учун шароит яратилишини талаб қилиши, бу йўлдаги тўсиқларга қарши курашиши керак.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан