Собиқ ДХХ раиси, унинг ўринбосари ва собиқ бош прокурорга суд ҳукми ўқилди

Собиқ ДХХ раиси, унинг ўринбосари ва собиқ бош прокурорга суд ҳукми ўқилди

Бугун, 2020 йил 25 февраль, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддаси ва бошқа моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланган собиқ бош прокурор Отабек Муродов ҳамда ДХХ собиқ раиси И. Абдуллаев ва унинг ўринбосари Ж. Игамовларга нисбатан жиноят иши бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва ҳукм эълон қилинди.

Олий Суд матбуот хизматининг хабарига кўра, ўтказилган ёпиқ суд мажлисида судланувчиларнинг, етмишдан ортиқ жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланиб, муҳокама қилинди. Дастлабки тергов органи томонидан тўпланган далилларга баҳо берилиб, судланувчиларнинг важлари текширилди.

МАВЗУГА ДОИР: 2019 йилда Ўзбекистонда содир бўлган энг шов-шувли жиноятлар

Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчи О. Муродовнинг содир этган жиноятлари учун чин кўнгилдан пушаймон эканлиги ва жиноий қилмишларни фош қилишда фаол ёрдам берганлиги ҳамда жиноят оқибатида етказилган зарар тўла қопланганлиги эътиборга олинди.

Натижада, содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, судланувчининг шахси, оилавий аҳволи, яшаш жойидан ижобий тавсифлангани каби жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар эътиборга олиниб, О. Муродовга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Шунингдек, суднинг ҳукмига кўра, И. Абдуллаевга 19 йил, Ж. Игамовга 19 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, ҳар бири муайян муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.