Собиқ судья ва суд ходимларига оид жиноят иши бўйича ҳукм ўқилди

Собиқ судья ва суд ходимларига оид жиноят иши бўйича ҳукм ўқилди

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати собиқ судья ва суд ходимларига оид жиноят иши бўйича баёнот берди.

Қайд этилишича, бир неча ой муқаддам қатор босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида пойтахт маъмурий судларининг айрим судья ва суд ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилганига оид хабарлар тарқалган.

Судьялар олий кенгаши томонидан терговга таъсир этиши эҳтимолидан келиб чиқиб, ўша пайтда уларга изоҳ ёки муносабат билдириш мақсадга мувофиқ эмас, деб топилган.

Бугун Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати турли тушунмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида Жиноят ишлари бўйича Зангиота тумани судида собиқ судьялар, суд ходимлари ва бошқа судланувчиларга нисбатан ҳукм ўқилганини маълум қилди.

Жиноят иши доирасида 13 нафар шахс судланувчи сифатида жалб этилган бўлиб, уларнинг 3 нафари собиқ судья, 3 нафари собиқ судья ёрдамчиси, 7 нафари Тошкент шаҳар ИИББ ЙХҲБ собиқ ходимидир.

Суд ҳукмига кўра, судланувчилар Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисмининг “а,в” бандлари (жуда кўп миқдордаги ўзганинг мулкини уюшган гуруҳ томонидан ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш), 209-моддаси 2-қисмининг “а,б” бандлари (мансаб сохтакорлиги) ва 227-моддаси 2-қисмининг “а” банди (ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳужжатларни эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) билан айбли деб топилиб, тегишли жазолар тайинланди.

Ҳукм чиқаришда дастлабки тергов даврида аниқланган 3 миллиард 353 миллион 456 минг 647 сўм зарардан 2 миллиард 991 миллион 456 минг 647 сўм қоплангани эътиборга олинган (аввал тарқатилган хабарларда зарар миқдори 8 миллиард сўмдан кўп эканига урғу берилган).

- Айни пайтда судланувчиларнинг шахси ва жиноят иши тафсилотлари очиқланиши мақсадга мувофиқ эмас, — дейди кенгаш матбуот хизмати раҳбари Турсунали Акбаров. — Чунки ҳукм қонуний кучга кирмаган. Қонуний кучга кирмаган ҳукм бўйича судланувчиларнинг шахси ва иш тафсилотларини очиқлаш айбсизлик презумпцияси тамойилига зид ҳисобланади. Ҳукмга нисбатан судланувчилар томонидан апелляция шикояти берилган. Ушбу собиқ судьялар фаолияти жиноят иши қўзғатилишига қадар ўрганилиб, йўл қўйган жиддий хато ва камчиликлари учун Судьялар олий кенгаши томонидан вазифасидан озод этилган.