Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги сайёҳлик элчиси: COVID-19 туризмга етказган зарарни қоплаш учун йиллар керак, айрим компаниялар жарга қулади
31.03.2020 01:09,  
641

Софи Иботсон, “Ўзбекистон” номли асар муаллифи ва 2008 йилдан буён Марказий Осиё мамлакатлари сайёҳлик салоҳияти масалаларини ўрганиб келаётган мустақил тадқиқотчи. Софи Ибботсоннинг Марказий Осиё бўйича тайёрлаган мақолалари ва илмий ишлари Буюк Британия Қироллик География Жамияти томонидан эълон қилинган. Sof.uz нашри Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги сайёҳлик элчиси Софи Ибботсон билан интервюсини диққатингизга ҳавола қилади.

 Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги сайёҳлик элчиси сифатида қачондан буён фаолият юритиб келмоқдасиз?

2019 йилнинг июн ойида расмий равишда Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги сайёҳлик элчиси сифатида тайинландим.

Ўзбекистоннинг сайёҳлик элчиси сифатида асосий вазифаларингиз нималардан иборат?

Асосий вазифам Ўзбекистоннинг сайёҳлик нуқтаси эканлиги борасида оммавий ахборот воситалари ва британиялиrларга маълумот бериш. Шунингдек, «Ўзбектуризм», маҳаллий ҳокимиятлар, туризм бизнесида фаолият юритаётган хусусий секторга сайёҳликни ривожлантириш, Ўзбекистоннинг туризм имижини ёйиш, маҳаллий бизнесга туризм соҳасида халқаро майдондаги шериклар топишдан иборат.

Ўзбекистонга илк марта ташриф буюрганингизда кўнглингиздан нималар кечди?

Ўзбекистонга илк марта келганимда жуда тўлқинландим. Бунгача Қирғизистонда икки йил мобайнида ишлаб юргандим. Орада Қозоғистонга ҳам ташриф буюрдим. Аммо Ўзбекистон маданияти билан танишиш, Ўзбекистондаги гўзал гўшаларни ўз кўзим билан кўриш орзуим эди. Ўзбекистонга илк марта 2010 йилда ташриф буюрдим. Шундан сўнг яна бир неча марта сафарлар қилдим.

Ўзбекистондан олган илк кечинмаларингиз ҳақида икки оғиз гап…

Ўзбекистонга ташриф буюрганимда икки нарса диққатимни тортди ва ҳайрон қолдирди. Бири - Тошкент. Шаҳарнинг замонавийлиги, озодалиги ва ўзига хос бўлган архитектураси. Иккинчиси - Самарқанд. Самарқанд кўплаб тарихий обидаларнинг мавжудлиги, уларнинг ҳар бири ташриф буюрувчига сўзлаб берадиган қадимий тарихи.  Шундан сўнг бу шаҳар ҳақида яна кўп нарса ўрганиш учун битта ташрифнинг камлик қилишини тушундим.

Ҳукуматда Ўзбекистонда сайёҳлик соҳасини ривожлантириш учун нималарга эътибор бериши керак, нималардан эса тийилиши лозим?

Ҳукумат туризмни ривожлантириш учун стратегик режага эга бўлиши лозим ва бу режа аҳоли ҳамда хусусий секторда туризмда банд бўлган компаниялар билан биргаликда амалга оширилиши керак.  Режа эса ҳаётга тадбиқ этилиши осон бўлиши мақсадга мувофиқ. Шунингдек, Ўзбекистон ўзининг сайёҳлик салоҳиятидан келиб чиқиб ўзининг кучли қирраларини ҳам намойиш эта олиши керак: озиқ-овқатларининг хилма-хиллиги, меҳмондўстлиги, об-ҳавоси, қулай географик ўрни ва ҳоказолар. Назаримда, ҳукумат оммавий сайёҳликни кўзламоқда. Оммавий сайёҳлик эса мамлакатга атроф-муҳит борасида зиён ҳам келтириши мумкин. Шундай экан, асосий мақсад сайёҳлик соҳасининг мамлакат иқтисодиётига қанчалик ҳисса қўшаётганлигини эътиборга олиш бўлиб, сайёҳлар миқдорини ошириш бўлмаслиги керак.

Мамлакатда сайёҳликни ривожлантиришнинг муҳим жиҳатлари нималардан иборат?

  • Мақсадларнинг аниқ бўлиши;
  • Сайёҳлик бизнесидан мафаатдорларнинг сохани ривожлантиришга жалб қилиш;
  • Сайёҳлик бозорини тадқиқ қилиш;
  • Ижтимоий-сиёсий барқарорлик;

Ўзбекистонга сафарингиз чоғида қандай таомлар сизга кўпроқ ёқди?

Ўзбек ошхонаси ўзига хос. Айниқса мевалари мазали. Йил бўйи мен қулупнай, ўрик, қовун ва гилосларни истеъмол қиламан. Шунингдек, янги узилган қовоқли сомсани ҳам суйиб тановул қилдим.

Ўзбекистон ҳукуматининг амалдаги ислоҳотлари, айниқса, сиёсат, иқтисодиёт ва солиқчилик борасидаги ислоҳотлар мамлакатдаги туризм соҳаси келажагига қандай таъсир қилади?

Назаримда, Ўзбекистоннинг сиёсат ва иқтисодиёт борасида амалга ошираётган ислоҳотлари туризмни ривожлантиришга йўналтирилган.  Виза сиёсатини енгиллаштирилиши ортидан Ўзбекистонга ташриф буюрувчи сайёҳлар оқими кўпайди. Қолаверса, валюта бозорининг эркинлаштирилиши хорижлик сайёҳлик операторларига пулни Ўзбекистонга ўтказишни осонлаштирди ва ўз навбатида сайёҳлар ҳам Ўзбекистонда ўз валюталарини айирбошлаши енгиллашди.

Brexitдан сўнг Буюк Британия Ўзбекистон учун виза сиёсатини юмшатадими?

Фикримча, Brexitдан сўнг Буюк Британия ҳукумати Ўзбекистон учун виза енгилликлари бериши ҳақиқатдан узоқ. Буюк Британия консерватив мамлакат ва айни пайтдаги имиграция қонунчилиги эскирган, талабга жавоб бермайди, бу тизим ислоҳ қилинишга муҳтож. Сайёҳлик борасида, Буюк Британия Ўзбекистон каби йўл тутиши ва виза сиёсатини енгиллатиши лозим.

Сайёҳлик соҳасини атроф-муҳит масалаларига эътибор берган ҳолда ривожлантириш мумкинми? Қандай чоралар кўриш лозим?

Сайёҳлик бизнесини ривожлантиришда атроф-муҳит масаласи энг биринчи даражали мақсад бўлиши лозим. Экологияси бузилган минтақага ким ҳам саёҳат қилиш истагини билдириши мумкин?! Сайёҳликни ривожлантириш режасига атроф-муҳитни ўрганувчи, муҳофаза қилувчи меъёрлар ҳам киритилиши лозим.

Ўзбекистонда экотуризмнинг истиқболларини қандай баҳолайсиз?

Ўзбекистонда экотуризм истиқболлари жуда юқори. Ўзим Навоий ва Тошкент вилоятида бўлган чоғимда экотуризм Ўзбекистоннинг энг асосий сайёҳлик маҳсулоти бўлиши мумкинлиги ҳақида хаёлимдан ўтказгандим. Экотуризмни ривожлантириш сайёҳларни гавжум шаҳар ҳаётидан ташқарига олиб чиқади ва молиявий ресурсларни чекка ҳудудларга йўналтиришга ёрдам беради.

Ҳукумат мамлакатга сайёҳлар оқимини кўпайтриш учун нималарга эътибор бериш лозим?

Назаримда бундай мақсад қўйиш нотўғри. Молиявий, атроф–муҳитни ҳимоя қилиш ва маданият жиҳатидан, мамлакатга келувчиларнинг миқдорига эмас, уларнинг мамлакатда кўпроқ қолиши, шу давр мобайнида мамлакат билан яқинда танишиш имконини яратиш ва сайёҳларнинг кунлик пул сарфланмаларини кўпайтиришга эътибор қаратиш лозим. Оммавий сайёҳлик Непалда бўлгани каби мамлакатга кам пул билан келувчилар миқдорини кўпайтиради ва натижада атроф-муҳитга кўп зарар келтиради. Ўзбекистон учун Бутандаги каби сайёҳлик сиёсати яхши самара беради. Бутанда самарали ва айни пайтда кам сонли сайёҳлик амалиёти яхши натижа бермоқда.

Хавфсиз туризм иборасини қандай изоҳлайсиз ва хавфсиз туризм Марказий Осиё минтақаси мамлакатларига қандай наф беради?

Умуман олганда, Марказий Осиё сайёҳлар учун хавфсиз туризм маконидир, хусусан, Ўзбекистон. Минтақада жиноятчилик ва сайёҳларга нисбатан зўравонлик деярли кузатилмайди. Терроризм хавфи ҳам деярли йўқ, ҳисоби. Мен, кўпинча, Ўзбекистонни ёлғиз саёҳат қилувчиларга ва аёлларга хавфсиз сайёҳлик манзили сифатида тавсия қиламан, чунки улар жамоат транспортида юрганларида, сафарга чиққанларида кўнгилсиз ҳодисаларга дуч келмайдилар. Ўзбекистонда аллақачон сайёҳлик плосияси фаолияти йўлга қўйилди ва бу сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлайди. Қолаверса, маҳаллий аҳолининг ҳам бағри кенглиги сайёҳларда ишонч ҳиссини ҳосил қилади.

Бугунги даврда COVID-19 пандемияси бутун дунё диққат марказида бўлиб турибди. Сайёҳлик соҳаси ҳам мазкур вирусдан жабр кўрмоқда. Ўзбекистон ва дунё бу пандемиядан қай даражада зарар кўради? Зарарнинг кўлами қандай бўлади?

Вирус аллақачон Ўзбекистондаги ва дунёдаги сайёҳлик соҳасига мисли кўрилмаган даражада зиён келтириб бўлди. Зарарнинг ўрнини қоплаш учун йиллар керак бўлади, айрим сайёҳлик компаниялари эса ўзини тиклаб ололмайдиган даражада жарга қулади.  Сайёҳлик соҳасида фаолият юритаётган авиакомпаниялар, туроператорлари ва сайёҳларни суғурта қилувчи компаниялар иш фаолияти ўзгаришга учрамоқда. Ҳозирча, бу зарарнинг кўлами қандай бўлишини ҳисоб-китоб қилиш жуда мушкул, сабаби пандемия қанча вақт давом этиши ҳам номаълум.

Ўзбекистонда зиёрат туризми келажаги ҳақида нималар дея оласиз?

Зиёрат туризми Ўзбекистон учун янги бир соҳа. Ўзбекистон Ислом маданияти меросини қайта тиклашга ҳаракат қилмоқда. Бошқа дин вакилларининг Ўзбекистонга зиёрат учун келиш истиқболлари ҳам юқори. Бухорода яҳудий жамоаси тарихи ҳам қадимий, Самарқанддаги Авлиё Дониёл қабри ҳам тенг равишда уч дин эътиқодидагилар учун муҳим. Бундан ташқари, Ўзбекистонда буддистлар ва зардуштийлар тавоф қилиши мумкин бўлган тарихий зиёратгоҳлар мавжуд.

Ўзбекистонда тиббий туризмни ривожлантириш келажаги қандай ?

Ўзбекистонда тиббий туризмни ривожлантириш истиқболлари юқори, агарда қўшни Афғонистон ва Тожикистондаги соғлиқни сақлаш соҳаси ривожланмаганлигини эътиборга оладиган бўлсак. Ўзбекистон агарда Исроил ва Туркиядаги каби тиббий туризмни ривожлантиришни мақсад қилган бўлса, у ҳолда тиббиёт соҳасига кўпроқ сармоя киритиши, тиббиёт туризми қулайликларини яратиши, мамлакатнинг рақобат бозорида мустаҳкам ўрин олишига ёрдам беради.

Бўлғуси сайёҳлик элчиларига тавсияларингиз

Буюк Ипак Йўли манзилларида жойлашган Ўзбекистонни яхшироқ ўрганиш лозим. Ўзингиз кўрмаган ва билмаган мамлакатларнинг сайёҳлик элчиси бўлиш назаримда мушкул.

Суҳбатни Жаҳонгир Эргашев ташкил қилди

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан