2022 йилнинг 15 июль санасида "Sof.uz"да “На суд хабар берган ва на банк: иштирокимсиз ўтган суд қароридан норозиман” деб номланган шикоят-мақола эълон қилинган эди. Ушбу мақолага “Асакабанк” аксиядорлик жамияти ахборот хизмати Раддия эълон қилди.
Фуқаро Шоҳистахон Деҳқонова ва "Асакабанк" АЖ Андижон филиали ўртасида 2019 йил 14 декабр кунги №2539-сонли кредит шартномаси тузилган (Ипотека кредити ажратиш ҳақида). Шартномага биргаликда қарз олувчи сифатида Раҳматов Азимжон ва Деҳқонов Шавкатжон имзо қўйишган. Кредит шартномасига кўра, "Асакабанк" АЖ Андижон филиали 254.845.333,18 сўм миқдорида, 240 ой муддатга дастлабки 5 йили 7 фоиз миқдорида, кейинги даврда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида устама фоиз тўлаш шарти билан Андижон шаҳар, 9-сон МФЙ, Найман кўчаси 3-уйда жойлашган турар жой умумий майдони 79,54 квадрат метр, яшаш майдони 48,92 квадрат метр 3 та хонадан иборат 15-хонадонни сотиб олиш учун миллий валютада кредит маблағлари ажратилган.
Кредит таъминоти сифатида кредит ҳисобига сотиб олинган фуқаро Шоҳистахон Деҳқоновага тегишли бўлган Андижон шаҳар, 9-сон МФЙ Найман кўчаси, 3-уйда жойлашган турар жой умумий майдони 79,54 квадрат метр, яшаш майдони 48,92 квадрат метр 3 та хонадан иборат 15-хонадонни гаровга қабул қилиниб, тарафлар томонидан 283.161.481,31 сўм гаров баҳоси сифатида келишилган.
Кредит шартномасининг 8-бўлимида томонларнинг ҳуқуқлари кўрсатилган бўлиб, банкнинг ҳуқуқларидан бири сифатида "қарз олувчига ажратилган кредит ва унга ҳисобланган фоизларни 30 кун мобайнида тўловларни амалга оширмаса қарз олувчи билан тузилган, бирламчи уй-жой сотиб олиш учун ипотека кредит бериш тўғрисидаги тузилган шартнома бекор қилиниши, қарз олувчидан кредитнинг ҳаммасини ёки унинг бир қисмини кредит шартномасида белгиланган тартибда муддатидан олдин қайтаришни талаб қилиш ва кредитни ундирув таъминотига қаратиш" ҳуқуқи борлиги кўрсатилган.
Жавобгар кредит шартномаси асосида кредитдан фойдаланиш жараёнида кредитлашнинг асосий қайтаришлик, тўловлилик, таъминланганлик, муддатлилик, мақсадга мувофиқлик тамойилларига риоя этиши, кредит шартномасини ажралмас қисми ҳисобланган "кредитни қайтариш графиги"га асосан тўлаб бориши қатъий белгиланган бўлсада, фуқаро Ш.Деҳқонова 2021 йил 11 сентябрь кунидан 2022 йил 24 март кунига қадарли, яъни 6 ойдан ортиқроқ вақт давомида кредит қарздорлигини умуман тўламаганлиги сабабли қарздор Ш.Деҳқонова бир неча бор огоҳлантиришларга қарамасдан кредит қарздорликни тўламаганлиги оқибатида 2022 йил 24 март куни ҳолатига муддатли кредит қарздорлиги 254.845.333,18 сўм, ҳисобланган фоиз 879.740,06 сўм, муддати ўтган фоиздан 12.184.006,98 сўм, пандемия даврида ҳисобланган фоиздан 8.675.612,66 сўм жами 276.584.692,88 сўм қарздорлик юзага келган.
Юқоридагиларни инобатга олиб, савдо-саноат палатаси Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси "Асакабанк" АЖ Андижон филиали манфаатларини кўзлаб, фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судига Шоҳистахон Деҳқонова, Рахматов Азимжон ва Шавкатжон Деҳқоновлар ҳисобидан 254.845.333,18 сўм кредит қарздорлик, 879.740,06 сўм ҳисобланган фоиз, 12.184.006,98 сўм муддати ўтган фоиз, 8.675.612,66 сўм пандемия даврида ҳисобланган фоиз жами 276 584 692,88 сўм кредит қарздорлик ва олдиндан тўланган почта ҳаражатларини ундириш, ундирув гаровдаги кредит маблағлари ҳисобига сотиб олинган Шоҳистахон Деҳқоновага тегишли бўлган Андижон шаҳар, 9-сон МФЙ Найман кўчаси 3-уйда жойлашган турар жой умумий майдони 79,54 кв.м., яшаш майдони 48,92 квадрат метр 3 та хонадан иборат 15-хонадонга қаратиш ҳақида даъво аризаси билан судга мурожаат қилинган, суд мазкур фуқаролик ишини кўриб чиқиб, 2022 йил 24 май куни иш бўйича тўпланган далиллар асосида мазкур даъони қисман қаноатлантириб, даъвогар "Асакабанк" АЖ фойдасига жавобгарлар Шоҳистахон Деҳқонова, Азимжон Раҳматов ва Деҳқонов Шавкатжондан солидар тартибда жами 276.584.692 сўм қарздорлик ва 18.900 сўм почта харажати ундириш, жавобгар Шоҳистахон Деҳқоновадан 11.063.387 сўм давлат божи давлат фойдасига ундириш, жавобгарлар мазкур сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорини қайта кўриб чиқиш ҳақида ўн беш кун ичида ариза беришга ҳақли эканлиги, ҳал қилув қароридан норози томонлар қарор эълон қилинган кундан бошлаб бир ой ичида шу суд орқали Андижон вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига апеллясия тартибида шикоят бериш мумкинлиги ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилинган.
"Асакабанк" АЖ Андижон филиали бўйича бош юрисконсулт Э.Х.Мирзааҳмедов фуқаро Ш.Деҳқоновага суднинг сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорини қайта кўриб чиқиш ҳақида ариза беришга ҳуқуқи борлигини, ҳал қилув қароридан норози бўлса фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро суди орқали Андижон вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига апеллясия тартибида шикоят бериш ҳуқуқи борлиги тушунтирилган, фуқаро Ш.Деҳқоновани ҳақорат қилмаганлиги, балки мазкур ҳолатда ўз ҳуқуқларидан қонунда белгиланган тартибда фойдаланиш имконияти борлиги тушунтирилган.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролик кодексининг 735-моддасида "қарз олувчи олинган қарз суммасини қарз шартномасида назарда тутилган муддатда ва тартибда қарз берувчига қайтариши шарт" деб кўрсатилган, 324-моддасида "қарздор мажбуриятини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги туфайли кредиторга етказилган зарарни тўлаши шарт", деб белгилаб қўйилган.
Шунингдек, раддияда ушбу мақола чуқур таҳлил қилинмасдан, даъво аризасига илова қилинган ҳужжатлар, қонунлар ҳамда банкнинг ички меъёрий ҳужжатлари ўрганилмасдан, нопрофессионал ёндашув асосида тайёрланган, деб баҳоланган ва банк брендини обрўсизлантиришга қаратилган хатти-ҳаракат сифатида эътироф этилган. Бундан ташқари, банк ушбу раддиясида ОАВ вакилларини, журналистлар, Блогерлар ҳамда бошқа ижтимоий тармоқ фаолларини банк ва унинг фаолиятига тааллуқли бўлган ҳар қандай материалларни тайёрлашда ҳамда жамоатчилик эътиборига ҳавола қилишда холис бўлишга чақирган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси "ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида"ги Қонуннинг 11-моддасига мувофиқ, оммавий ахборот воситалари эълон қилинаётган ахборотнинг тўғрилигини текшириб кўришлари шартлиги ва улар ахборот берувчи билан биргаликда унинг тўғрилиги учун қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар эканлигини эслатиб ўтишган.
Шу ўринда икки оғиз сўз — биз юқоридаги мурожаатни эълон қилиш орқали қайсидир ташкилотни обрўсизлантириш ёки ишчанлик фаолиятига қандайдир жиҳатдан путур етказиш фикридан йироқмиз.
Бу ўша мақолада ҳам: “албатта, шу ўринда мурожаат қилган Ш. Деҳқоновани ёки Асакабанк аксиядорлик жамияти Андижон филиалини, ё бўлмаса бу тўғрида қарор чиқарган Андижон туманлараро судини қайсидир жиҳатдан оқлаш ёки қоралаш фикридан йироқмиз” дея қайд этилган.
Қолаверса, фикрлаш эркинлиги инсоннинг жамият, давлат ҳаёти ва ижтимоий – сиёсий муаммоларига доир фикр ва мулоҳазаларини эркин баён қилиш ҳуқуқидир. Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар ҳақидаги халқаро пактнинг (1966 й) 18-моддасида, “ҳар ким ўз фикрини эркин ифодалаш ҳуқуқига эга эканлиги, 19-моддасида эса ўз фикрига ҳеч қандай тўсиқсиз риоя қилиш белгиланган. Фикрлаш эркинлиги фуқаро томонидан шахсан ва жамоа тарзида сўз эркинлиги орқали, яъни уларни очиқ тарзда изҳор қилиш ва бошқа шахсларга етказиш орқали амалга оширилиши белгиланган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29-моддасида ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга эканлиги, ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.
Мақсадимиз ушбу мушкул вазиятга тушиб қолган фуқаронинг холини мутасаддиларга маълум қилиш ва бу орқали, агар имкони бўлса, яна бир имконият берилишига умид қилган эдик.
Қолаверса, мурожаатчининг иқтисодий қийин аҳволи инобатга олиниб, унга ҳомийлик ёки моддий кўмак берувчи саховатпешалар топилишидан умид қилган эдик.