Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Солиқ қарзини мол-мулк ҳисобидан ундиришга қаратишнинг белгиланган муддати амалдаги 30 кундан 60 кунгача узайтирилмоқда
28.12.2022 21:07,  
26

2022 йилнинг 28 декабрь куни Тошкент шаҳрида Олий Мажлис Сенати мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўттиз бешинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.

Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.

Ялпи мажлиснинг иккинчи кунида сенаторлар иш жараёнини ҳудудларда олиб борган ўрганишлар натижасида аниқланган камчилик ва муаммоларни муҳокама қилдилар. Муҳокама якунида аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлган ҳолатларни бартараф этиш юзасидан тегишли вазирлик ва идораларнинг вазифалари белгилаб берилди.

Шундан сўнг сенаторлар томонидан “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2023 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Қонун билан амалдаги Божхона ва Солиқ кодексларига, “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги Қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Таъкидланганидек, Солиқ кодексига киритилаётган ўзгартиришларга мувофиқ қўшилган қиймат солиғи ставкаси (ҚҚС) 15 фоиздан 12 фоизга пасайтирилмоқда. Бу имтиёз натижасида тадбиркорларнинг ихтиёрида 14 трлн сўм миқдорда маблағ қолиб, ундан ўз фаолиятларини янада кенгайтиришда фойдаланишлари мумкин.

Айланмадан олинадиган солиқ ставкаларни, 4 фоизлик ягона ставкани сақлаб қолган ҳолда 14 та фаолият тури бўйича 4 фоиздан 25 фоизгача унификация қилинмоқда.

Шунингдек, айланмадан олинадиган солиқ тўловчиларга товар айланмаси 500 млн сўмгача бўлганда йилига 20 млн сўм, 500 млн сўмдан юқори бўлганда 30 млн сўм миқдорида қатъий белгиланган солиқни ҳар ойда тенг улушларда тўлашни танлаш ҳуқуқи берилмоқда. Бунда солиқ тўловчилар бухгалтерия ҳисобини мажбурий юритиш ва айрим ҳисоботларни топшириш ҳамда соф фойдасидан дивиденд солиғини тўлашдан озод этилади.

Қонунда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришни рағбатлантиришга қаратилган муҳим ўзгаришлар назарда тутилиб, товар айланмаси 1 млрд сўмдан ошган кичик бизнес тоифасига кирувчи тадбиркорлар учун 1 йил давомида фойда солиғи ставкасини 2 бараварга пасайтирилиши белгиланмоқда. Кичик бизнесдан ўрта бизнес тоифасига ўтган тадбиркорлар учун 2 йил давомида фойда солиғи ставкаси 2 бараварга пасайтирилмоқда.

Солиқ тўловчиларга қўшимча енгилликлар яратиш мақсадида 2023 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахслар ўз даромадларини ипотека кредитларини қоплашга йўналтирганда солиққа тортилмайдиган даромадлар миқдорини амалдаги 15 млн сўмдан 73,6 млн сўмгача оширилмоқда.

Экспорт қилишдан олинган даромадлар ҳажмининг улушидан қатъий назар (амалда даромаднинг 15 фоизидан кўпроғини ташкил этса), экспорт қилинган товарлар (хизматлар) қисмига нисбатан фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ солинмаслиги белгиланмоқда.

Солиқ қарзини мол-мулк ҳисобидан ундиришга қаратишнинг белгиланган муддати амалдаги 30 кундан 60 кунгача узайтирилмоқда.

Шунингдек, кичик ва ўрта бизнес тоифасига кирувчи тадбиркорлар учун солиқ тўловларини 6 ойга фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилмоқда.

Бундан ташқари, бюджет даромадлари барқарорлигини таъминлаш мақсадида жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи, cув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер солиғининг базавий ставкалари, акциз солиғи, айрим солиқлар бўйича ставкалар инфляция даражаси доирасида индексация қилинмоқда.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сўнгра ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони тасдиқланди.

Шунингдек, маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича белгиланган лойиҳалар юзасидан парламент назорати доирасида амалга оширилган ишлар қизғин муҳокама қилинди.

Маҳаллаларда инфратузилма билан боғлиқ ички йўллар, ичимлик суви, электр энергияси ва газ таъминотини яхшилаш, ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш масалалари бўйича ҳудудларда сенаторлар томонидан ўрганишлар олиб борилган.

Таъкидланганидек, 2022–2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича (Президентнинг 2022 йил 25 октябрдаги ПҚ–408-сонли қарори) 5 284 та маҳалладаги 6 007 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун 7 трлн сўмдан ортиқ маблағ режалаштирилган бўлиб, шундан 2,7 трлн cўм жорий йилда ажратилиши кўзда тутилган.

Қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга ошириладиган 6 007 та объект бўйича аксарият лойиҳаларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари экспертизадан ўтказилган, шунингдек, қурилиш-пудрат ташкилотларини аниқлаш юзасидан тендер (танлов) савдоларига эълон берилган.

Муҳокамалар давомида сенаторлар ҳудудларда олиб борилаётган ишларни янада кучайтириш зарурлигига эътибор қаратди.

Хусусан, 2022–2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар дастурларини амалга ошириш юзасидан ҳудудий ишчи гуруҳлар раҳбарларига маҳаллалар кесимида алоҳида режа-жадвалларни тасдиқлаб долзарб муаммолар ҳал этилаётганлиги юзасидан аҳолига батафсил тушунтириш ва ташвиқот ишларини ташкил этиш, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг ҳолатини тизимли ўрганиш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш вазифалари белгилаб берилди.

Шунингдек, масъул идораларга халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан биргаликда лойиҳаларни пухта ва чуқур ўрганиш, дастурларга киритилган ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизмати объектлари қурилиши учун ер ажратиш бўйича вилоят ҳокимлари қарорларининг қабул қилинишини тезлаштириш кўрсатиб ўтилди.

Мутасаддиларнинг 2022–2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш борасида амалга оширалаётган ишларни самарали ташкил этиш, йўл қўйилган хато-камчиликларнинг олдини олиш бўйича кўрилган чоралар бўйича ахбороти эшитилди.

Кўриб чиқилган масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Шу билан бирга, ялпи мажлисда 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясининг 2022 йилдаги ижроси ҳамда уни амалга ошириш бўйича 2023 йилга мўлжалланган чора-тадбирларни тасдиқлаш тўғрисидаги масала муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Стратегияни 2021–2022 йилларда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ижроси юзасидан муайян ишлар олиб борилган.

Хусусан, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашга қаратилган қонунчилик асосларини такомиллаштириш йўналишида 41 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган.

Гендерга оид аудит, унинг вазифалари, уни ўтказиш ва натижаларини кўриб чиқиш тартиби белгиланган.

Сайлов ҳуқуқларини амалга ошириш йўналишида сайловнинг барча босқичларида хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг асосда иштирок этишини кузатувчи 11 та индикатор ишлаб чиқилган. Мазкур индикаторлар 2021 йилда ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампаниясидан бошлаб амалиётга татбиқ қилинган.

Давлат бошқарувида хотин-қизлар фаоллигини ошириш дастури тасдиқланиб, турли соҳаларда бошқарувчилик салоҳиятига эга 25 055 нафар хотин-қизнинг кадрлар захираси шакллантирилган ҳамда уларни раҳбарликка тайёрлаш бўйича 3 та алоҳида ўқув дастури асосида жами 14 054 нафар хотин-қиз ўқитилган.

Ижтимоий-иқтисодий соҳаларда ишсиз, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган 17 930 нафар хотин-қизга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва ўзини ўзи банд қилиш учун субсидиялар ажратилган.

Шу билан бирга, сенаторларнинг билдиришича, Гендер тенгликка эришиш стратегиясини амалга оширишда қатор камчиликларга йўл қўйилган.   

Хусусан, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси Стратегиянинг мақсадли кўрсаткичларига эришиш бўйича фаолиятини самарали ташкил эта олмаганлиги сабабли 2022 йилда эришилиши режалаштирилган айрим мақсадли кўрсаткичлар бажарилмай қолинган.

Масалан, 2022 йилда вазир ва вазирга тенглаштирилган лавозимларда, маҳаллий ижроия ҳокимияти органларида раҳбарлик (ҳокимлар) лавозимида, сиёсий партияларнинг раҳбарлик лавозимларида ҳамда судьялар орасида хотин-қизларнинг улуши бўйича режалаштирилган кўрсаткичга эришилмаган.

Шунингдек, Гендер тенгликка эришиш стратегиясини 2021 – 2022 йилларда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар режасида белгиланган айрим вазифалар ҳам бажарилмасдан қолинган.

Жумладан, Халқаро меҳнат ташкилотининг гендер тенгликка эришишга қаратилган конвенцияларини ратификация қилиш, улардаги нормаларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш, шунингдек, иқтидорли талаба қизларни рағбатлантириб бориш мақсадида алоҳида стипендия таъсис этиш ишлари охирига етказилмаган.

Мажлис давомида Гендер тенгликка эришиш стратегиясини 2023 йилда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ҳам кўриб чиқилди.

Мазкур Дастурда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашга қаратилган қонунчилик асосларини такомиллаштириш, давлат хизмати, таълим, илм-фан, спорт, соғлиқни сақлаш, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар яратиш, тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, гендер жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда бюджетлаштириш, гендер статистикаси юритилишини такомиллаштириш каби устувор йўналишларни қамраб олинган.

Сенаторлар томонидан Гендер тенгликка эришиш стратегияси ва уни 2023 йилда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурида белгилаб олинган вазифалар, тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш ҳамда бу борадаги ишларни кучайтириш муҳимлиги борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Комплекс чора-тадбирлар дастури 2023 йилда бажарилишининг бориши Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ҳамда уларнинг жойлардаги ижроси маҳаллий вакиллик органлари томонидан доимий назорат қилиб борилиши белгиланди.

Мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Олий Мажлис Сенатининг ўттиз олтинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорлари ҳам тасдиқланди.

Ялпи мажлисда сенаторлар томонидан жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ва мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 14 та масала, шу жумладан 9 та қонун кўриб чиқилди.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўттиз олтинчи ялпи мажлиси якунланди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан