"Кўксарой" қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг биринчи ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда.
Нуфузли анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.
Таъкидланганидек, қулай инвестиция муҳитини яратиш бўйича амалга оширган ислоҳотлар натижасида, сўнгги 5 йилда иқтисодиётимизга кириб келган хорижий инвестициялар ҳажми 10 баравар ошиб, қарийб 40 миллиард долларни ташкил этди.
–Биз 10 йил ичида ялпи ички маҳсулот ҳажмини ҳозиргидан икки баробарга оширишни мақсад қилганмиз. Бунга эришиш учун бизда хоҳиш-ирода ҳам, имконият ҳам етарли. Ўз олдимизга қўйган бундай юксак марралар учун сармоялар ҳажмини келгуси 5 йилда 120 миллиард долларга етказиш, жумладан, камида 70 миллиард доллар хорижий инвестициялар жалб қилишни ҳисоб-китоб қилганмиз,– деди давлатимиз раҳбари. Ушбу инвестицияларни, энг аввало, саноат соҳаларини модернизация ва трансформация қилиш, ишлаб чиқариш, коммунал ва транспорт инфратузилмасини жадал ривож-антиришга йўналтириш учун аниқ лойиҳалар ва дастурларимиз бор.

Шунингдек, таълим ва соғлиқни сақлаш каби давлат қарамоғидаги анъанавий соҳаларга ҳам хусусий инвестициялар жалб қилиш кун тартибида туради.
–Биз хорижий инвесторларни ўзаро манфаатли янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва биргаликда амалга оширишга чақирамиз. Сизларни ишонтириб айтаманки, Янги Ўзбекистонда инвесторлар ўзини эркин ҳис қилиши, эртанги кунга катта ишонч билан барқарор ишлаши учун барча имкониятларни яратиб берамиз.
Айнан шунинг учун, бизга яқин дўст, хайрихоҳ бўлган энг ишончли инвесторлар иштирокида янги Кенгашни ташкил этмоқдамиз. Сизлар билан узоқ муддатли, ўзаро манфаатли инвестицион ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишимизга аминман,– деди Шавкат Мирзиёев.