Сўнгги соатларда Украина ва Россиядаги вазият қандай? Сўнгги соат янгиликлари қуйидагича:
✔️АҚШ президенти Жо Байден Владимир Путинни ҳарбий жиноятчи деб атади ва рус ҳарбийлари томонидан Бучада тинч аҳолининг ўлдирилиши учун жавобгарликка тортилишига чақирди. Байденнинг сўзларига кўра, у Россия қўшинларининг Украина тинч аҳолисига нисбатан шафқатсизлиги учун Россияга қарши янги санкциялар жорий этишни таклиф қилди;
✔️The New York Times ўликларнинг жасадлари акс этган Буча кўчаларининг сунъий йўлдош суратларини таҳлил қилди ва улар у ерда уч ҳафтадан кўпроқ вақт давомида ётганига ишонч ҳосил қилди, яъни шаҳар руслар назорати остида бўлганида одамлар аскарлар томонидан ўлдирилган;
✔️Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Леен Европа Иттифоқи уруш жиноятларини ҳужжатлаштириш учун Украинага терговчилар гуруҳларини юборишга тайёрлигини айтди. Америкаликлар ҳам бу борада ёрдам бериш истагини билдирди;
✔️Украина президенти Владимир Зеленский Бучага ташриф буюриб, у ерда Россия Украинада уруш жиноятлари ва геноцид содир этганини айтди;
✔️Кремль ва унинг вакиллари уларнинг армияси Бучадаги қотилликларга алоқадорлиги ҳақидаги айбловларни рад этишда давом этмоқда. Энг сўнггиси Россиянинг БМТдаги элчиси Василий Небензя бўлиб, у «босқичма-босқич провокация» ҳақидаги сўзларни такрорлади ва бунинг учун Ғарбни айблади;
✔️100 мингдан ортиқ тинч аҳоли ҳамон Мариуполни тарк эта олмаяпти, деди мер Вадим Бойченко. Унинг сўзларига кўра, Россия шаҳар йўналишида ҳаракатланаётган барча гуманитар юкларни тўсиб қўйган;
✔️Литва Клайпедадаги Россия консуллигини ёпди ва Россия элчисига мамлакатни тарк этишни, шунингдек, Россиядан ўз элчисини чақириб олишни буюрган биринчи Европа Иттифоқи давлати бўлди;
✔️World of Tanks ўйинларини ишлаб чиқарувчи Wargaming компанияси Россия ва Беларусни тарк этишини эълон қилди.