Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Совитгич харид қилишда нималарга эътибор бериш керак?
29.01.2020 14:46,  
1106

Совитгич маиший техника воситалари орасида муҳим ўрин эгаллайди. У озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотларнинг сифатини сақлашда бизга беминнат ёрдам беради. Ҳаётимизда ҳеч бўлмаганда бир марта ҳар биримиз совитгич харид қилишимизга тўғри келади. Мазкур техникадан кундалик турмушимизда мунтазам фойдаланишимиз боис, ҳар тарафлама оптимал бўлган совитгични сотиб олиш, шубҳасиз, мақсадга мувофиқдир.

Қуйида совитгич харид қилаётганда эътибор қаратиш зарур бўлган жиҳатларни келтирдик.

Ҳажм ва ўлчам

Совитгични харид қилишдан олдин уни ўрнатадиган жойни белгилаб олиш керак. Шу билан бирга оиладаги инсонларнинг сонини ҳисобга олиш ҳам зарар қилмайди. Бугунги кунда совитгичлар турли хил шакл ва ўлчамларда ишлаб чиқарилмоқда. 160-200 см ушбу мослама учун ўртача баландлик ҳисобланади. Бунда унинг эни ва чуқурлиги 60 сантиметрдан кам бўлмаслиги керак, албатта. Одатда, мазкур ўлчамдаги икки камерали совитгичларнинг ҳажми 250-350 литрни ташкил қилади.

Шунингдек, совитгичларнинг кичик ўлчамли вариантлари ҳам сотилади. Бир камерали совутгичнинг ҳажми кўп ҳолларда 80-200 литрга тенг бўлади. 

Айниқса, кўп фарзандли оилалар ва умуман кўпчилик фойдаланадиган совитгичлардан Side-by-side шаклидагисини алоҳида айтиб ўтиш лозим. Икки эшикли бундай совитгичлар қўшимча опция ва технологиялар билан жиҳозланади. Бундай совитгичларнинг эни 120, баландлиги 180 ва чуқурлиги 70 сантиметргача етиши мумкин.

Совитгичнинг ўлчами ва ҳажмини фойдаланиш мақсади ва ўрнига қараб танлаган маъқул.

Материал ва ранги

Ошхонанинг дизайнидан келиб чиқиб, муайян рангдаги совитгичларни ҳам танлаш мумкин. Бироқ шуни ёдда сақлаш керакки, совитгични узоқ йиллар ишлатиш учун сотиб оласиз, ошхонанинг интерьери эса бир неча йилда ўзгартирилади. Шунинг учун мутахассислар оқ ва кулранг рангдаги совитгичларни тавсия этишади (Ўзбекистонда ҳам айнан мана шу ранглар анча харидоргир).

Бундан ташқари, совитгич сотиб олаётганда унинг корпуси қайси материалдан ишланганига аҳамият бериш керак. Кўпинча, совитгич учун полимер билан қопланган углеродли пўлатдан фойдаланишади. Бундай материални тозалаш ва профилактика қилиш бир мунча қулай. Яна бозорда зангламас пўлатдан қилинган совитгичларни ҳам учратиш мумкин. Бироқ уларнинг нархи сезиларли даражада қиммат бўлади. Устига-устак, бундай қопламани тозалаш осон эмас.

Камералар сони

Одатда, совитгичлар уч хил форм-факторда тақдим этилади. Бир камерали: бундай совитгичлар кичик оилалар, офис, дала-ҳовли ва талабалар учун жуда мос келади. Икки камерали: ушбу шаклдаги совитгичларда музхона билан совитиш блоки ажратилган бўлади. Ишлатиш бир мунча қулай. Маҳсулотларни музлатиш учун йирикроқ музлатиш камерасига эга икки камерали совитгич харид қилган афзал. Уч камерали совитгич: одатда бундай турдаги совитгичлар мева-сабзавот, кўкат, денгиз маҳсулотлари сақлашга мўлжалланган “нейтрал” секторга эга бўлади. Ушбу сектор ҳам кўпинча “нам” ва “қуруқ” сақлаш зоналарига ажралади. Англаганингиздай, уч камерали совитгичлар бошқа турдаги совитгичларга қараганда қимматроқ нархда сотилади.

Совитиш тизими

Замонавий совитгичларда бир нечта совитиш тизимлари мавжуд.

а) Статик совитиш тизими

Ушбу тизимнинг ишлаш механизми қуйидагича: компрессор фаол бўлган пайтда буғлатгич ҳам ишлайди. Бундай вақтда совитиш блокида ҳарорат пасайиб, бўлинма совитилади. Натижада орқа панелда конденсат ҳосил бўлади ва у бир муддатдан кейин эриб, махсус бўлимга тушади. Бундай тизимнинг фаолияти унча қулай эмас. Одатда, бунда музхонани қўлда эритишга тўғри келади. Шу билан бирга, статик тизимда ҳарорат бир текисда тақсимланмайди.

б) Динамик совитиш тизими

Динамик тизимнинг ишлаш механизми статик совитиш тизими билан деярли бир хил. Бироқ мазкур тизимда совитгич блоклари бўйлаб ҳарорат бир текисда тақсимланади ва маҳсулотларнинг узоқ сақланишини таъминлайди.

в) No-Frost тизими

Бундай тизимли совитгичларда ҳам буғлатиш механизми мавжуд, аммо у совитгичнинг бевосита совитиш блокида жойлаштирилади. Мажбурий вентиляция сабабли совитиш блокида қиров ҳосил бўлмайди.

Совитгични бошқариш

Ҳар бир совитгич бошқариш усули билан ажралиб туради. Арзонроқ совитгичлар электромеханик бошқариш элементлари билан жиҳозланган бўлиб, созламалар айланадиган регулятор ёрдамида ўрнатилади. Бундай турдаги бошқарув усули ток кучининг ўзгаришлари барқарор.

Совитгичнинг қимматроқ моделлари электрон бошқарув панелларига эга. Кўпинча бундай панеллар совитгич эшигига жойланади, дисплей ва такомиллашган бошқарув тизими билан таъминланади. Элементларни сенсор ёки механик тугмалар орқали созлаш мумкин.

Шу билан бирга сотувда масофадан бошқариладиган совитгичларга дуч келиш мумкин. Бундай совитгичларга Wi-Fi модуль ўрнатилиб, смартфон орқали уни дистанцион тарзда бошқариш имконияти мавжуд.

Энергия сарфлаш таснифи

Совитгич харид этаётганда, албатта, унинг энергия сарфлаш таснифи билан қизиқиб кўринг. Ишлаб чиқарувчилар қурилманинг эшигига, кўп ҳолларда, унинг энергия сарфлаш таснифини билдирадиган стикерларни ёпиштиришади. Мазкур таснифга биноан энергия сарфининг 7 хил даражаси мавжуд (A дан G гача). Бунда А энг кам энергия сарфини G эса энг кўп энергия сарфини билдиради. Совитгичнинг мунтазам ишлашини ҳисобга олсак, энергия истеъмолини тежаш мақсадида кам ток сарфлайдиган совитгични харид қилиш тавсия этилади.

Муҳитга оид таснифи

Бундай таснифда совитгичдан қандай ҳароратдаги муҳитда фойдаланиш кўрсатилган бўлади. Одатда, 4 та муҳит таснифи фарқланади:

  • Класс N (+16 °С до +32 °С);
  • Класс SN (+10 °С до +32 °С);
  • Класс ST (+18 °С до +38 °С намлик ҳолати билан);
  • Класс T (+18 °С до +43 °С).

Қўшимча функциялар

Таътил режими: бундай режимни совитгичдан узоқ муддат фойдаланмаганда қўллаш мумкин. Режимни фаоллаштиришдан олдин совитгичдан барча маҳсулотларни чиқариш талаб этилади. Ушбу режимда совитгич пассив ишлаш ҳолатига ўтади.

Бактерияга қарши қоплам: баъзи совитгичларни ички блокига ишлаб чиқарувчилар таркибида кумуш ионлари бўлган қопламларни ўрнатадилар. Бундай қопламлар микробларни ўлдириш билан бирга, нохуш ҳидларни ҳам бартараф этади.

Тезкор совитиш ва музлатиш режимлари: бундай режимлар маҳсулотларни тезда музлатиш ва совитишга хизмат қилади. Ушбу режимларда камералардаги ҳарорат кескин туширилади.

Муз генератори: муайян шаклдаги муз бўлакларини ҳосил қилишга мўлжалланган форма ва тизим. Айни вақтда арзон совитгичларда ҳам учратиш мумкин.

Овозли хабар: ушбу функция совитгич эшиги яхши ёпилмай қолганда асқатади. Шу билан бирга, баъзи моделларда ҳарорат созланган даражадан ошиб кетса овозли хабар янграйди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан