Арипов иштирокидаги сессияда Сўх тумани ҳокими алмашди

Арипов иштирокидаги сессияда Сўх тумани ҳокими алмашди

3 июн, чоршанба куни Фарғона вилояти Сўх туманида навбатдан ташқари сессия бўлиб ўтди.

Сессияда халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, Сўх тумани ҳокимининг ўринбосарлари, тумандаги давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, Фарғона вилояти ҳокимининг ӯринбосарлари, вилоят бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари, вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъуллари, Бош вазир ўринбосарлари, республика вазирлик ва идора раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Шунингдек, сессия ишида Ӯзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳам иштирок этди. 

2019 йилдан буён туман ички ишлар бўлими бошлиғи вазифасида ишлаб келаётган Сайидбаҳром Сайидмусаев Сўх тумани ҳокими этиб тайинланди.

Сайидбаҳром Сайидмусаев 1970 йилда Қўштепа туманида туғилган. Фарғона давлат университети, ИИВ академиясини тамомлаган. Қува, Бешариқ туман ҳамда Қўқон шаҳар ИИБ бошлиғи ҳамда вилоят ИИБ жиноят қидирув бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари вазифасида ишлаган.

Сайидбаҳром Сайидмусаев

Ҳозирда вазирликлар ва вилоят бошқармалар раҳбарлари Сўх туманида бўлиб, аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилиш, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида манзилли чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқди.

Эслатиб ўтамиз, 1 июн куни бош вазир Абдулла Арипов Фарғона вилояти Сўх туманига ташриф буюрган эди. Ташриф чоғи вазир халқ билан учрашган эди. Учрашувда халқ вакилларидан бири Ариповдан қатор муаммоларни санаб, улар қаторида туман ҳокимлигини алмаштиришни, жумладан Сайфиддинов деган одамни ҳоким қилишни сўраган эди.

Вакилнинг туман раҳбариятини алмаштириш ҳақидаги фикри ҳам, Сайфиддиновни ҳоким қилиш фикри ҳам йиғилган халқ томонидан олқишлар билан қаршиланган. 

"... Ҳар битта одамни лавозимга қўйишнинг қонун-қоидаси бор. Давлатчиликнинг ўзига яраша қонун-қоидаси бор. Албатта, у одамнинг ҳам номзодини кўриб чиқамиз", - дея Сайфиддиновнинг фамилиясини ёзиб олишни ёрдамчиларига буюрган эди бош вазир Абдулла Арипов.