Сўх туманидаги вазият борасида

Сўх туманидаги вазият борасида

Фарғона вилоятининг Сўх туманида бир ҳафта ётиб, ишлаганман. 2000 йилда Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтида ишлардим. Ўша йили бутун Ўзбекистонни чегарадош ҳудудларини йил давомида ўрганганмиз. Ижтимоий кайфиятни ўрганиш учун Сўх туманида ҳам бир ҳафта ётиб ишлашимизга тўғри келган.

Сўх туманида меҳмонхоналар йўқ эди. Шу сабаб одамларнинг уйларида туришимизга тўғри келган. Сўх ниҳоятда чиройли тоғлар билан ўралган туман. Одамлари жуда хушмуомала, меҳмондўст, сахий ва самимий.

Кеча Сўхнинг чашмасида яна зиддият пайдо бўлди. Чашма – булоқ, Сўхнинг тепалик қисмида жойлашган. Битта булоқнинг ўзи каттагина сойга айланиб, пастга тушади. Йигирма йил олдин ҳам чегарадош қирғиз аҳолиси ушбу чашмани олиб қўйишни истар эди. Умуман, Сўх аҳолиси чегара муаммоларидан мисли кўрилмаган азоб чекиб келади. Ўша, биз борган 2000 йилни ўзида бир неча ҳомиладор аёллар Фарғона туғуруқхонасига келиш учун вақтида чегарадан ўтолмай, ўлган ҳолатлари бўлган. Табиий, қирғиз чегарачилари сунъий тўсиқлар қилишган, вақтида ўтказиб юборишмаган.

Сўх муаммоси икки давлат ҳукуматлари ўртасида кўп марта кўтарилган. Ҳар сафар келишувга эришилади, лекин қирғиз аҳолиси бу келишувларни инкор қилаверади. Бу муаммо ўз-ўзидан тинчиб кетишига ёки сиёсий-дипломатик йўллар билан ҳал бўлишига ишонмайман. Туркий ҳамжиҳатлик ғоясини инкор қилмайман. Лекин, туркий давлатлари ва халқларининг маданияти бир-биридан жиддий фарқ қилиши ҳам бор нарса.

Ўзбекистон дипломатия ва сиёсий келишувлар салоҳиятини парваришлаган ҳолда, Сўхда ҳамда қўшни республикадаги миллатдошлар билан ҳамкорлик ва ҳимоя тизимларини парваришлаб бориши лозим. Ўзбекистон ҳар қандай вазиятларга тайёр туриши, ҳар қандай зиддиятларда, ўз мавқеини кенгайтириш чоралари борасида лойиҳалар устида ўйланиши лозим.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.