«Спарк» ҳайдовчиси икки нафар ЙПХ ходимини уриб кетди

«Спарк» ҳайдовчиси икки нафар ЙПХ ходимини уриб кетди

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани Тошкент ҳалқа айланма йўли — Дўрмон йўли кўчалари чорраҳасида йўл-патруль хизмати инспектори “Спарк” ҳайдовчисига тўхташ ишорасини кўрсатган. Ҳайдовчи ходимнинг қонуний талабига бўйсунмай, уни уриб юбориб, воқеа жойидан кетиб қолган.

Шундан сўнг, ҳайдовчи Зиёлилар – Темир Малик кўчалари чорраҳасида уни тўхтатиш мақсадида олдига чиққан яна бир инспекторнинг қонуний талабига бўйсунмай, автомобилнинг ўнг олди томони билан уни ҳам уриб юборган. Сўнгра воқеа жойидан яширинган. Оқибатда инспектор олган тан жароҳати туфайли госпиталга ётқизилган.

Кўрилган тезкор чоралар натижасида ҳайдовчи Д.Ш. ушланган. Ҳайдовчининг ҳужжатлари текширилганда, унда транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномаси (техпаспорт) бўлмаган. У 1993 йилда туғилган, Сурхондарё вилояти Термиз туманида рўйхатда турувчи шахс бўлган.

Ички ишлар вазирлиги ахборот хизматининг хабарига кўра, ушбу ҳолатлар юзасидан ҳозирда прокуратура идоралари томонидан тергов олди текширув-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.