ССВ: Коронавируснинг янги “АY.4.2” штамми пайдо бўлиши ҳам вакцинация жараёнларига эътиборли бўлишга чорловдир

ССВ: Коронавируснинг янги “АY.4.2” штамми пайдо бўлиши ҳам вакцинация жараёнларига эътиборли бўлишга чорловдир

Коронавируснинг янги “АY.4.2” штамми аҳолиси 1 миллиарддан ортиқ бўлган Ҳиндистонда аниқланиб, ҳозирча 17 нафар бемор рўйхатга олингани  ҳақида хабарлар тарқалди. Бу штаммнинг юртимизга кириб келиши ва аҳоли орасида тарқалиш хавфи борми? Унга қарши курашиш учун бизда қандай имониятлар бор? 

Шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида ССВ Матбуот хизмати Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғининг ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Нурмат АТАБЕКОВга мурожаат қилди:

—  COVID-19нинг қўзғатувчиси бўлган SARS-CoV-2  вируси вақт ўтиши билан янгиланиб, атроф-муҳитга мослашиб бормоқда.  Унинг янги штаммлари SARS-CoV-2нинг мутацияга учраши оқибатида пайдо бўлади. Яъни вирус ўзини сақлаб қолиш учун қайта-қайта янгиланишга уриняпти.

Аслида табиатда учрайдиган барча вируслар ўзгарувчанликка мойил. Баъзи тадқиқотчилар SARS-CoV-2нинг 5000 тадан 7000 тагача бўлган мутацияга учраган шакли борлигини даъво қилишади. 

Шу пайтгача одам организмига мослашишга уриниш натижасида коронавируснинг баъзи бир штаммлари пайдо бўлганини дунё олимларининг фикрлари исботлаб турибди. Вирус штаммларининг ўзига хослигига қараб “альфа”, “бетта”, “гамма”, “йота”, “лямбда”, “дельта”, “дельта плюс” каби штаммлари алоҳида ажратилган. 

Биз вирусларнинг у ёки бу тури аниқланган жойга қараб ҳам ном бериб келяпмиз. Масалан, “британча” штамм деб номлаганимиз, аслида "альфа" штамми, “африканча” деб атаганимиз "бетта" штаммидир. "Дельта" штамми Ҳиндистонда аниқланган бўлиб, ҳозир сўз юритаётганимиз "АY.4.2" штамми ҳам Ҳиндистонда аниқлангани таъкидланмоқда.

ЖССТ ҳам коронавируснинг кўплаб штаммлари орасидан юқоридагиларни анчайин хавфли, деб эътироф этиб, уларга эътиборли бўлиш шартлигини таъкидлаб келмоқда.

Унутмаслик керакки, дунёда пайдо бўлган вирусларнинг яшаш учун кураши табиий жараён. Орамизда “менга вирус юқмайди”, “мен ўтган йили касалланганман”, "энди касал бўлмайман", деб юрганлар янги, кучли, одам организмига мослашган штаммларга йўлиқиши эҳтимоли бор. 

Янги штаммларга қарши курашиш ҳақида гапирсак, дунё олимлари томонидан яратилаётган вакциналар вирус штаммларининг асосида турган SARS-CoV-2га қарши ишлайди. Вирус мутацияга учраган тақдирда ҳам, вакцинанинг ҳимояловчи хусусияти сақланиб қолади.

Коронавируснинг қайси штаммига қарши курашишдан қатъи назар, оммавий иммунитет шакллантирилса, касалликни енгиб ўтиш мумкин. Биз хасталик қўзғатувчисини биламиз. Унинг профилактикасидан хабардормиз. Энг асосийси, бизда вирусга қарши асосий қурол бўлган вакциналарнинг бир неча турлари захираси шакллантирилган. Шундай экан, аҳолимиздан бирдамлик билан вакцинация жараёнларига эътиборли бўлишни сўраб қоламиз.