ССВ вакцина олган аёл ўлим ёқасида эканлиги айтилаётган видеомурожаат юзасидан муносабат билдирди

ССВ вакцина олган аёл ўлим ёқасида эканлиги айтилаётган видеомурожаат юзасидан муносабат билдирди

Ижтимоий тармоқларда Россияда фаолият олиб борувчи, ўзини Ўзбекистон фуқаросиман, деб таништирган шахс «Ўзбекистонда аёлим вакцина олиб, ўлим ёқасида!» деб айтган видеомурожаат тарқалди.  Соғлиқни сақлаш вазирлиги бунга муносабат билдирди.

Унда айтилишича, ушбу фуқаронинг мурожаати бўйича Наманган вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан вилоятнинг барча шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларида дастлабки ўрганишлар олиб борилмоқда. Айни дамда мурожаатчининг манзили ва шахси аниқ кўрсатилмаганлиги туфайли телефон орқали мурожаат бўлганлиги тасдиқланмаган.

Шунингдек, Наманган вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси беш ойдан бери давом этаётган вакцинация жараёнида эмланган фуқароларда бирор маротаба жиддий ножўя таъсир бўлмаганлигини маълум қилган.

«Бошқармага ҳеч бир фуқародан вакцина сабаб ножўя таъсирлар борасида мурожаат келиб тушмаган.

Сизлардан шуни сўраб қоламизки, мабодо юқоридаги каби ҳолатлар кузатилса, яшаш манзилингиз, ўзингиз ва яқинларингиз тўғрисида тўлиқ маълумот берсангиз, тезкорлик билан ўрганиб, ҳолат бўйича батафсил маълумот берамиз», — дейилади вазирлик хабарида.