Стандартга кўра тиббиёт ниқоблари қандай бўлади? Қўлда тикиб сотилаётган докали ниқоблар ишончлими?

Стандартга кўра тиббиёт ниқоблари қандай бўлади? Қўлда тикиб сотилаётган докали ниқоблар ишончлими?

Иқтисодчи ва фармацевт Аброрбек Дадамирзаев тиббиёт ниқобларини сотаётган ва сотиб олаётган ҳамюртларимизга ўз маслаҳатларини берди.

Экспертнинг маълум қилишича, стандарт, вирусдан ишончли ҳимоя хусусиятига эга бўлган бир марталик тиббиёт ниқоби қуйидагича бўлади:

3 қаватли, биринчи ва учинчи (яъни ташқи) қаватлари спанбонд “SMMS” мато бўлади. Бу мато жуда юмшоқ, аллергия қўзғаши кам ва бурунни шилмайди. Иккинчи (яъни ўрта фильр вазифасини бажарувчи) қавати “медблаун“ бўлади.

Медблаун — кўринишидан юмшоқ қоғозга ўхшаш, нотўқима, вирус ушлаш хусусиятига эга материал. Медблаунни синов учун ёқиб кўрсангиз, эримайди ёки ёнмайди, худди парлангандек йўқ бўлиб кетади.

Эсда тутинг: Кўринишидан “SMMS”га ўхшаган матолар кўп. Булар “S” ва“SS” спанбонд материалларидир (p/s: костьюмни ғилофи “S” ва “SS”дан тикилади). “Медблаун“, яъни фильтр қават ўрнига ҳам “S” материалнинг оқ ранглисини ёки нам салфетканинг материалини қўйиб тиббиёт ниқобини тикишмоқда. Бу каби тиббиёт ниқобларининг ҳимоя ҳусусияти жуда кам.

МАВЗУГА ДОИР: Тиббиёт ниқоблари тиббий буюмлар рўйхатидан чиқарилди

Илож борича дастгоҳ ёки конвейер усулда, санитария-гигиена талабларига жавоб берадиган шароитларда ишлаб чиқарилган тиббиёт ниқобларини тақинг, саломатлигингиз ўзингиз учун бебаҳо неъматдир. Қўлбола усулда, текширилмаган шароитларда, ҳар ким қўли билан ушлаб тиккан 1 ёки 2 қаватли фильтрсиз тиббиёт ниқобларини сотиб олишдан эҳтиёт бўлинг.

Стандарт талабларга жавоб берадиган тиббиёт ниқобларининг махсус бланкда чоп этилган ва муҳр босилган “санитар-эпидемиологик хулоса“си бўлади, шуни сўраб, текшириб олишга ҳаққингиз бор.

Эслатиб ўтамиз: 3 қаватли, ўртасида фильтри бор маска энг ишончлисидир. 

Стандарт тиббиёт ниқобларини сотувдан топа олмаган тақдирингизда, ўзингиз уй шароитида тиббий докадан камида 4 қават қилиб ниқоб тикиб, асептик усулда зарарсизлантириб таққанингиз маъқул.

Бошқалар тикиб сотаётган докали ниқобларга ҳам ишонманг, дейди фармацевт Аброрбек Дадамирзаев.