Straus House раҳбари мижозлардан туяқуш учун олган пулларига тимсоҳ боқиб, терисини сотмоқчи бўлган

Straus House раҳбари мижозлардан туяқуш учун олган пулларига тимсоҳ боқиб, терисини сотмоқчи бўлган

Straus House МЧЖ мансабдорлари Ўзбекистон бўйлаб жисмоний ва юридик шахсларга Жанубий Африкадан ҳар бирининг нархи 1 миллион 800 минг сўмдан бўлган қора бўйин зотли жўжаларни 90 кун ичида етказиб беришни ваъда қилиб, шартномалар расмийлаштирган. Бу ҳақда 2 февраль куни Тошкент шаҳридаги Интерпол миллий марказий бюросида ИИВ Тергов департаменти томонидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар бермоқда “Дарё” мухбири Миролим Исажонов.

Аниқланишича, МЧЖ мансабдорлари жами 16,1 миллиард сўм миқдордаги тўловларни жамиятнинг банкдаги ҳисоб рақами орқали қабул қилган. Аммо белгиланган муддатда умумий 319 нафар шахсга туяқуш жўжаларини етказиб бермасдан 7,2 миллиард сўмни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

“Straus House МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида ҳужжатли тафтиш тайёрланган. Улар томонидан туяқуш жўжаси учун жалб қилинган маблағлар қаерга сарфланганлиги, албатта, бизни ҳам қизиқтирган. Чунки фуқароларга етказилган зарарнинг аксарият қисми қопланмаган.

Одамлар уларга туяқуш жўжаси учун пул тўлашган. Тадбиркор одамларга туяқуш жўжаси етказиб бериш мақсадида шартнома имзолаган. МЧЖ очилган вақтда ҳисоб рақамда пул бўлмаган. У фуқаролардан жалб қилган маблағларнинг кўпини ўз эҳтиёжига сарфлаб юборган.

Хусусан, 745 миллион сўмни ўзи муқаддам бошқа жиноят иши доирасида фуқароларни чет элга юбориш мақсадида ташкил этган фирмасидан жабр кўрганларнинг зарарини қоплаш учун ўтказиб берган.

Бундан ташқари, маҳалласига асфальт ётқизган, дабдабали тўй қилган, ўзи ва яқинларига автомашина харид қилган, Туркия, Таиланд каби бир қанча давлатларда дам олиб қайтган, Умра зиёратига борган.

100 минг долларни Таиланд Қироллигига тимсоҳ олиб келиш учун ўтказганлиги аниқланган. Туяқуш жўжаси олиш ниятида пул берган одамларнинг маблағини тимсоҳ учун сарфлашга кимнинг ҳақи бор? Шартномавий мажбурият бўйича туяқуш жўжасини олиб келиши керак эмасмиди? Ваҳоланки, у тимсоҳ болаларини Ўзбекистонга олиб кириш тақиқланганини яхши биларди. Нима эмиш, тимсоҳни катта қилиб, унинг терисини сотармиш.

Шунингдек, 180 минг долларни Покистонга қимматбаҳо тошлар билан шуғулланувчи фирмага ўтказиб берган. Биз бунга қизиққанимизда Покистонда ҳеч қандай туяқуш боқилмаслиги ойдинлашди. Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистонни Покистондаги элчихонаси ёрдами билан икки ойдан ортиқ муддатда олиб борилган музокаралар натижасида ўша пуллар юртимизга қайтарилди”, — деди ИИВ Тергов департаменти бошлиғи ўринбосари Ойбек Қулбеков.