Жазони ижро этиш муассаси собиқ раҳбари суд залида ўзини отиб ўлдирди

Жазони ижро этиш муассаси собиқ раҳбари суд залида ўзини отиб ўлдирди

©️ ТАСС

Россия Федерацияси Жазони ижро этиш муассасаси (ЖИЭМ) бўлимларидан бирининг собиқ раҳбари Виктор Свиридов судда ўз жонига қасд қилди. Бу ҳақдаги ТAСС ахборотини суд матбуот хизмати тасдиқлади.

Суд ЖИЭМнинг собиқ раҳбари Виктор Свиридов саратон касаллигининг 4-босқичи билан касалланганига қарамай, уни уч йилга озодликдан маҳрум қилди.

Собиқ раҳбар 10 миллион рубл ($160.000) миқдорида таъмагирлик қилишда айбланган. У онкологияга чалинган, адвокатга қўшилиб жабрланган томон ҳам суддан муддатни енгиллаштиришни сўраган, аммо суд ҳукмни ўз кучида қолдириб, 3 йил қамоқ жазосини тайинлаган.

Бугун, суд ҳукми чиқарилганидан сўнг Свиридовни конвой ҳибсга олаётганида у қўйнидан мукофот тўппончасини олиб, суд залида ўзини отиб ўлдирди.

Хавфсизлик ходимлари жанговар тўппонча Чертанов судига қандай қилиб олиб келинганини текширмоқда.

ЖИЭМнинг собиқ раҳбари металл детектор ва кириш чекловига қарамай, мукофот тўппончасини суд залига олиб киришнинг уддасидан чиққан. 

Эҳтимол, саратон билан касалланган Свиридов унга қамоқ жазоси тайинланса, ўз жонига қасд қилиш ҳақида уйида қарор қилган.

У қариндошларидан ушбу суд ҳукмига келмасликни сўраган. Уч йиллик қамоқ муддати унинг қамоқхонадан тирик чиқиш имкониятини деярли йўққа чиқарган. Ҳозирда терговчилар суд биносида ўз жонига қасд қилган маҳкумнинг ишини синчковлик билан ўрганмоқда.