Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Судлар тизимида «ягона дарча» тамойили жорий этилади
14.04.2022 21:30,  
97

Барчангизга маълум, йил бошида Президентимиз Фармони билан Тараққиёт стратегияси ҳамда унга асосланган жорий йил учун Давлат дастури тасдиқланди.

Шу қисқа муддатда, яъни икки ой ичида Давлат дастурини амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан муайян ишлар амалга оширилди.

Давлат дастурида Олий судга юклатилган жами 9 та банддаги чора-тадбирларнинг ижро муддатларига тўхталсак, уларнинг 4 таси йилнинг биринчи ярмида,  5 таси йилнинг иккинчи ярмида амалга оширилиши белгиланган.

Бу вазифаларни ўз вақтида сифатли ижро этиш учун соҳанинг малакали ва тажрибали мутахассисларидан иборат Ишчи гуруҳлар тузилиб, фаолият олиб бормоқда.

Давлат дастурининг 50, 52 ва 63-бандларида белгиланган, яъни, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш вазифалари бўйича амалга оширилаётган ишларга тухталсак.

Хабарингиз бор, мазкур масалалар юзасидан шу йил 29 январда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган 107-сонли Қарорга асосан маъмурий судлар иш юритувида янги процессуал тартиблар жорий этилиши белгиланди.

(“Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-107 Қарор)

Давлат дастури ва мазкур Қарорда белгиланган тадбирларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида Олий суд томонидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Қонун лойиҳаси айни пайтда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилиб, у норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари порталида жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди.  (regulation.gov.uz сайтида)

Порталда ҳар бир фуқаро лойиҳа юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини бериш имкониятига эга, улар албатта қонун лойиҳасида инобатга олинади.

Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантириш мақсадида юқоридаги қонун лойиҳаси билан 3 та кодекс ҳамда 2 та қонунга, яъни:

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги, Фуқаролик процессуал ва Иқтисодий процессуал кодексларига;

Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги ҳамда “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган.

Хусусан, қўйидаги процессуал нормалар таклиф қилинмоқда:

Биринчидан, маъмурий суд ишларини «суднинг фаол иштироки» тамойили асосида олиб бориш, яъни маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш масъулиятини юклатиш назарда тутилмоқда.

Бунда, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорга эса далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этишга шароит яратилади.

Маълумки, маъмурий судда низолашаётган иккита тараф бўлиб, бири ўзининг ҳуқуқлари бузилган деб ҳисоблаган фуқаро ёки тадбиркор бўлса, иккинчи тараф маъмурий орган ҳисобланади. Табиийки, низолашаётган икки тарафнинг имкониятлари ҳар доим ҳам тенг эмас.

Шу ўринда, мазкур тамойилнинг моҳияти, иш учун зарур бўлган далилларни йиғишда, ишнинг ҳақиқий ҳолатини аниқлаш учун фуқарода имконияти бўлмаган маълумотларни олишда кўмаклашишдан, ишнинг ҳақиқий ҳолатларини ўз ташаббуси билан аниқлаштиришдан иборат бўлади.

Иккинчидан, ҳуқуқи бузилган шахсларга оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқи белгиланмоқда.

Амалдаги тартибга кўра, маъмурий судлар томонидан маъмурий органларнинг қарорлари ёки ҳаракатлари қонунга хилоф деб топилганда, унинг оқибатида келиб чиққан зарарларни ундириш фуқаролик ва иқтисодий судларда ҳал этилади.

Эндиликда эса, тарафлар ўртасида вужудга келган низонинг оқибати юзасидан зарар ёки бой берилган фойдани ундириш масаласи ҳам тўлиқ маъмурий судлар томонидан кўриб ҳал этилади.

Бу фуқароларимизнинг судма-суд овора бўлишининг олдини олишга, бир иш доирасида барча ҳуқуқий оқибатларни бир суднинг ўзида ҳал қилишни таъминлашга хизмат қилади.

Учинчидан, маъмурий судларнинг ҳал қилув қарорлари ижро қилинмаган тақдирда, давлат органларининг мансабдор шахсларига нисбатан “ошиб борувчи” суд жарималарини қўллаш тартиби киритилмоқда.

Бунда, давлат органлари ёки ташкилотлари маъмурий суднинг ҳал қилув қарорини у қонуний кучга кирган кундан бошлаб белгиланган муддатда ижро қилиш ҳамда бу ҳақда маъмурий судга хабар бериши керак бўлади.

Қонуний суд қарори чиқарилгани билан, агар у ижро этилмаса, низо оҳиригача ҳал этилмаган ҳисобланади.

Шу сабабли, жарималарни қўлланилиши, суд қарорларининг ижро этилишида таъсирчан механизм сифатида, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ таъминлашга замин яратади.

Тўртинчидан, аҳолининг одил судловга эришиш даражасини ошириш, низони тарафлар ўртасида мақбул усулда ҳал қилинишини таъминлаш мақсадида оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмлари жорий қилинмоқда.

Яъни тарафларга, улар ўртасида вужудга келган низо бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда, келишув битимини тузиш ҳуқуқи берилади. Бу, тарафлар суд жараёнида келишувга эришгандан сўнг, улар ўртасидаги низо тўлиқ бартараф этилишига ҳамда кейинчалик шикоятларнинг кўпайишига барҳам беради.

Бешинчидан, хабарингиз бор, айрим ҳолларда ишларни судларда тааллуқлиги бўйича амалиётда муаммолар келиб чиқиб, фуқаролар ўз низосини ҳал қилиш учун қайси судга – фуқаролик ишлари бўйича судгами, иқтисодий ёки маъмурий судга мурожаат қилишида тушунмовчиликлар келиб чиқмоқда. Бу эса фуқароларнинг оворагарчиликларига сабаб бўлаётган эди.

Шу муносабат билан судлар тизимида «ягона дарча» тамойилини кенг жорий этиш, жумладан судлар томонидан даъво аризаси, ариза ҳамда шикоятни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли қабул қилишни рад этиш ёки иш бўйича иш юритишни тугатиш амалиётини тақиқлаш каби процессуал нормалар белгиланмоқда.

Бунда, даъво аризаси, ариза ёки шикоят, уларни кўриб чиқишга ваколатли судга ўтказилади. Натижада фуқароларнинг оворагарчиликлари олди олиниб, уларнинг низолари тааллуқли суд томонидан ўз вақтида кўриб чиқилади. Яъни, бунда фуқаролар эмас, ҳужжатлар суддан судга ҳаракатланади.

Ҳурматли анжуман иштирокчилари, юқоридагилар билан бирга, жорий йил 24 февралда Олий суд, Судьялар олий кенгаши ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда “Йўл харитаси” ҳам тасдиқланди.

Унга кўра, аҳолини маъмурий судлар фаолияти билан батафсил таништириш мақсадида “Фуқаро ва тадбиркорлар маъмурий суд ҳимоясида” рукни остида тарғибот ишлари амалга оширилмоқда.

Хусусан, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари биноларида фуқаролар қабули учун ажратилган жойларда, Халқ қабулхоналарида фуқароларга маъмурий судлар ҳақида маълумот берадиган баннерлар кўринарли қилиб жойлаштирилди.

Мазкур баннерларда фуқаролар қайси ҳолларда маъмурий судларга мурожаат қилиши мумкинлиги, ариза ёки шикоят беришнинг тартиби, шакли, асослари ҳақида оддий ва содда тилда тушунтиришлар берилган.

Бундан ташқари, Олий суд томонидан бошқа масъул идоралар билан биргаликда ҳамижрочи сифатида Давлат дастурида белгиланган тадбирларнинг ижросини таъминлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан:

суд процессида томонларнинг ҳақиқий тенглик ва тортишувлик тамойилларини рўёбга чиқариш,

судьялар корпусини шакллантиришда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш,

судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш,

судьяларнинг одил судловни амалга оширишдаги фаолиятини рағбатлантириш,

хусусий мулк дахлсизлиги ва ҳимояси кафолатларини кучайтириш,

суд ҳужжатларини ижро этишнинг самарали механизмларини жорий этиш масалалари бўйича суд амалиёти ўрганилиб ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларига таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Жумладан, Судьялар олий кенгаши томонидан “Ўзбекистон Республикаси судьялар ҳамжамияти органлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ушбу лойиҳада судьялар ҳамжамияти органларини ташкил этиш ва фаолиятини тартибга солиш масалалари акс эттирилган. Лойиҳа юзасидан судьялар корпусини шакллантиришда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибасидан келиб чиқиб, судьялар ҳамжамияти органларини такомиллаштириш бўйича Олий суд томонидан таклифлар берилди.

Шунингдек, ижро муддати ноябрь ойида белгиланган Давлат дастурининг 46-банди, яъни хусусий мулк дахлсизлиги ва ҳимояси кафолатларини кучайтириш бўйича Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳаси юзасидан таклифлар тайёрлаш мақсадида суд амалиёти ўрганилмоқда.

Мазкур қонун лойиҳаси доирасида мулкий, шу жумладан, ер участкасига бўлган ҳуқуқлар билан боғлиқ барча маъмурий ҳужжатларни қатъий равишда фақат суд тартибида бекор қилиш ёки ҳақиқий эмас деб топиш тартибининг ҳуқуқий асослари шакллантирилади.

Шунингдек, иқтисодий судларда мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги даъволар юзасидан регрессив (камайиб борувчи) давлат божи ставкаларини қўллаш назарда тутиляпти.

Айни пайтда ер участкаларида ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотларни бузиш билан боғлиқ ишлар таҳлил қилиниб, ягона амалиётни шакллантириш бўйича судларга зарурий тавсиялар ишлаб чиқилди.

Шунингдек, мулк ҳуқуқи эътироф этилмаган кўчмас мулк объектлари билан боғлиқ ҳолатларни батафсил ўрганиш ишлари ташкил этилиб, натижалари бўйича таклифлар тайёрланаяпти.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан