Сурия можаросида турк-рус қарама-қаршилиги: олти соатлик суҳбатдан кейин тузилган сулҳ нимани англатади?

Сурия можаросида турк-рус қарама-қаршилиги: олти соатлик суҳбатдан кейин тузилган сулҳ нимани англатади?

©️ T.C.CUMHURBAŞKANLIĞI

Суриянинг Идлиб вилоятида сўнгги ҳафталарда юз берган кескин зиддиятлардан сўнг 2020 йил 5 март куни Москвада Россия президенти Владимир Путин ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ўртасида узоқ давом этган музокаралардан сўнг бир тўхтамга келинди: Идлибда 6 мартга ўтар кечаси 0:01 дан бошлаб ўт очиш тўхтатилди. 

Икки давлат раҳбари ўртасидаги музокара 5 соату 40 дақиқага чўзилди, ундан 3 соати ёпиқ эшиклар ортида, юзма-юз суҳбат шаклида ўтди

Охири натижа эълон қилинди: Идлиб вилоятидан ўтган М4 стратегик шоссесидан 6 км шимол ва жанубга чўзилган хавфсизлик йўлаги ташкил этилади, бу йўлак чегараларини Туркия ва Россия аскарлари қўриқлайди, Идлибда эса ўт очиш тўхтатилади. 

Сўнгги икки ҳафтадаги жанглар бошланишидан олдинги Суриядаги вазият

 

“Умид қиламанки, бу келишув Идлибдаги зиддиятлардан холи ҳудудда жанговар ҳаракатларга чек қўяди, тинч аҳолини безовта қилиш тўхтайди”, деди Владимир Путин журналистларга.

Музокаралар бошланишида Путин ушбу йиғилишга Идлибдаги жанглар асосий сабаб бўлганини айтди: бу ерда бир томондан Башар Асадга содиқ Сурия ҳукумат кучлари ва унга қарши исёнсилар урушяпти (Россия наздида уларнинг барчаси террорчи); айни пайтда, ҳудудда Россия ва Туркия ҳарбийлари ҳам бор ва улар юқоридаги икки қарама-қарши тарафни қўллаб-қувватлаяпти.  

Мавзуга доир: Туркия Идлибда кимни ва нима учун ҳимоя қиляпти?

Кремл фаол равишда қўллаб-қувватлайдиган Башар Асад армияси Идлибда минглаб тинч фуқаролар ўлимида айбланади. 2019 йил 1 декабрда бу вилоятни бомбардимон қилиш бошланганидан буён БМТнинг ҳисоб-китобларига кўра 950 000 яқин суриялик қочқин ҳудудни тарк этган. 

Идлибдаги тўқнашувлар шаҳарлар аҳолисини қочқинга айлантирди. /AFP

 

Орада бу вилоятда ҳарбий патрул сифатида жойлаштирилган турк ҳарбийлари ҳам ҳужумга учради: Сурия ҳукумат кучларининг ҳаво ва артиллериядан берган зарбалари оқибатидан олтмишга яқин Туркия ҳарбийси ҳалок бўлди. 

Яқин Шарқ бўйича таҳлилчиларнинг айтишича, Идлибда слуҳга эришиш Эрдўғоннинг мақсади эди ва у бунга эришди. 

Олти соатга яқин чўзилган музокаралар кетар экан, ўзаро келишувга эришилмаслиги ҳақидаги хабарлар ҳам янграб турди: Туркия ва Россия президенти учрашувдан кейин матбуот анжумани ўтказмаслиги ҳақида гаплар чиқди. Аммо Эрдўғон ва Путин аниқ тўхтамга кела олди ва буни намойиш қилиш учун матбуот анжумани ўтказди. 

Ражаб Тоййиб Эрдўғон Путинни Анқарага таклиф қилганини айтиб, Туркия бундан олдин ҳам Россия билан биргаликда Сурия бўйича бир қатор қарорларни қабул қилгани, хусусан, “минтақа барақарорлигини сақлаш учун” қўшимча кучлар жўнатилганини эслатиб ўтди.       

Шу билан бирга икки президент ҳам матбуот анжумани охирида ўзлари учун оғриқли бўлган мавзуларда гапиришга мажбур бўлди. Масалан, Владимир Путин Россиянинг “Ҳумаймим” ҳарбий базасига доимий равишда “радикаллар” ҳужум қилишини айтди, аммо “террорчилар” деган сўзни ишлатмади. Ўз навбатида Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳам турк ҳарбийлари Сурия ҳукумат армиясининг зарбаларига жавоб бериш ҳуқуқини сақлаб қолишини билдирди. 

Москвада эришилган сулҳга биноан кучлар нисбати шу тартибда жойлашади. Бунда қизил чизиқ Латакияни Ҳалаб билан боғловчи М4 стратегик трассаси, кўк штрих чизиқ эса унинг ҳар икки томонида 6 км, жами 12 км кенгликда ташкил этиладиган "хавфсизлик йўлаги" саналади. Қизил ранг билан белгиланган ҳудудлар Сурия ҳукумат кучлари назорати остида бўлиб, бу ерларда қолиб кетган Туркиянинг 12 та назорат кузатув нуқталари нима бўлиши яқин бир ҳафта ичида ҳал этилади

 

Матбуот анжуманида Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлут Човушўғли рус ва турк тилларида ҳарбий ҳаракатлар тўхталиши ҳақидаги келишув шартларини ўқиб эшиттирди. 

Сулҳ шартлари нималардан иборат?

1. 2020 йил 6 март, жума кунига ўтар кечаси, маҳаллий вақт билан 0:01 дан бошлаб Идлибда ўт очиш бутунлай тўхтатилади.

2. Суриянинг энг йирик денгиз порти Латакия (Лазиқия) ва иқтисодий пойтахти бўлган Ҳалабни боғлайдиган М4 стратегик йўлининг шимол ва жануб томонларига қараб 6 кмдан, жами 12 км кенгликдаги хавфсизлик йўлаги ташкил этилади.  

3. Айни йўлак хавфсизлигини Туркия-Россия қўшма патрули биргаликда қўриқлайди, бу қўриқлаш 15 мартдан бошланади.

Шартномада суриялик қочқинларга хавфсиз ҳудуд барпо этилиши ҳақида эслатилмаган. БМТ ҳисоб-китобларига кўра айни пайтда бир миллионга яқин киши бутунлай бошпанасиз қолган. Бу Суриядаги сўнгги тўққиз йиллик зиддиятлар асносида бирданига шунча кўп инсон қочқинга айланган биринчи ҳолатдир.

Шунингдек, Сурия ҳукумат кучлари сўнгги ҳафталарда эгаллаган ҳудудларидан чекиниши ҳақидаги Эрдўғоннинг талаби ҳам сулҳ шартномасига киритилмади.

Турк нашрлари нима дейди?

6 март куни эрталаб марказий турк нашрлари анча босиқ сарлавҳалар билан чиқди

 

Яқин Шарқ масалалари бўйича баъзи кузатувчилар Эрдўғон бу келишув ортидан мухолифатнинг катта босимига учраши ҳақида ёзган бир вақтда Туркиянинг марказий ахборот нашрлари воқеликка анча босиқ ёндошди. 6 март куни эрталаб турк газеталарининг бош саҳифаларида шундай сарлавҳаларни кўриш мумкин эди:

Akşam: “Биз ўт очишни тўхтатишга келишдик / Москвадаги тарихий келишув / Эрдўғон ва Путин 6 соатлик учрушувдан кейин ўт очишни тўхтатиш ва “хавфсизлик йўлаги”ни ташкил қилишга келишиб олди”.

Akit: “Идлибда ўт очишни тўхтатишга келишилди / Турк ҳарбийлари Идлибдан чиқиб кетмайди”.

Aydınlık: “АҚШнинг Идлибдаги тузоғи иш бермади”. 

BirGün: “Жанг майдонида уруш, Москвада саммит / Москвада учрашув ўтаётган вақтда Сурияда яна бир турк ҳарбийси ҳалок бўлди”. 

Cumhuriyet: “Мураккаб савдолашув / Путин ҳалок бўлган аскарлар учун ҳамдардлик билдирди, иккала раҳбар ҳам Суриянинг бирлиги сақланиб қолишини айтди”.

Сарлавҳа остида эса бошқача руҳдаги матн бор: унда “Москвада Эрдўғон ва Путин учрашув ўтказаётганида Истанбулда Идлиб мавзусида конференция ўтгани, АҚШ Давлат котиби Майк Помпео эса Вашингтондаги чиқишида Туркия Сурия ва Россияга қарши ўз чегараларини ҳимоя қилишда тўла ҳуқуққа эгалиги ҳақида баёнот бергани” айтилган.

Evrensel: “Россия келишуви” / сарлавҳа остида халқаро муносабатлар кафедрасининг уч профессори билан суҳбат ўтказилган, хулоса: “Эрдўғон чекинди”.

Hurriyet: “Идлибда сулҳ / Сурия режимини деб муносабатларимиз қурбон қилинмади”.

Karar: “Саммит ўзаро келишув билан якунланди / Путин ҳалок бўлганларга ҳамдардилк билдирди ва Асад режимини ҳимоя қилди”. 

MilliGazete: “Идлиб масаласи Москвада ҳал қилинди / Эрдўғон: Идлибда янги ҳолат бўлиши муқаррар”.

Эрдўғон-Путин учрашуви 6 соат давом этди. /GETTY IMAGES

 

Sabah: “Мураккаб саммит сулҳ билан якунланди / Путин: ҳар доим қийин вазиятлардан чиқишга муваффақ бўлганмиз, бугун ҳам шундай бўлди”.

Sözcü: “Идлиб саммити сулҳ билан якунланди / Путин: “Остона формати” бўйича ишлашни давом эттирамиз. Эрдўғон: агар режим ҳужум қилса, уларга зарба берамиз”.

Türkiye: “Эрдўғон сулҳга имзо чекди, режимни огоҳлантирди”.

YeniÇağ: “Москвада сулҳга келишишди / Путин ҳамдардлик билдирди ва турк ҳарбийлари ўрнашган жойни ҳеч ким билмаганини айтди”. 

YeniŞafak: “Барча йўллар Москвага элтади: энг мураккаб Идлиб саммити”. 

Буёғига нима бўлади?

2018 йил сентябр ойида Сочида имзоланган Туркия-Эрон-Россия шарномасига кўра Суриянинг Идлиб вилояти “зиддиятлардан холи ҳудуд” бўлиши, мамлакатнинг бошқа минтақаларидаги исёнчилар шу вилоятга кўчирилиб, қуролсизлантириши ва Туркия бу ерда назорат-ўтиш пунктларини ташкил этиб, қўриқчиликни ташкил этиши белгиланган эди. Шунга мувофиқ Туркия ўз ҳарбийларини бу вилоятга жойлаштириб, патрул постларини ўрнатди. 

Бироқ “Суриянинг бирлигини таъминлаш” учун 2019 йил 1 декабрдан ҳужум бошлаган Башар Асад кучлари нафақат Идлибдаги исёнчиларга, балки турк ҳарбийларига ҳам зарба бера бошлади. Бу зарбаларнинг энг ҳалокатлиси 2020 йил 27 феврал куни кечқурун юз берди – Асад артиллериясининг зарбаларидан 36 турк аскари ҳалок бўлди, яна 30 дан ортиғи жароҳатланди.

Мавзуга доир: Путиннинг Суриядаги жиноятларига қарши Европа Туркия билан туриши лозим – Жорж Сорос 

Сўнгги кунлардаги жанглар туфайли Туркиянинг Идлиб вилояти шарқидаги 12 та назорат-кузатув нуқтаси жойлашган ҳудуд Сурия армияси қўл остига ўтди. Бу ерда Суриянинг жанубидаги Даръани шимолидаги Ҳалаб билан боғловчи, Дамашқ, Ҳама ва Ҳимс шаҳарларидан ўтган M5 стратегик трассаси жойлашган. 

Баъзи ахборот манбаларининг айтишича, Ражаб Тоййиб Эрдўғон ўз самолётида Москвадан Анқарага қайтар экан, бортдаги журналистлар ундан айнан шу 12 та назорат нуқтасининг келажаги ҳақида сўраганида у “Туркия учун барча кузатув нуқталари муҳим. Уларнинг ҳолати ҳозиргача қандай бўлса, шундай сақланиб қолади. Айни пайтда бу борада ҳеч қандай ўзгариш йўқ”, деб жавоб берган.

Бу сулҳ Эрдўғоннинг ютуғими, мағлубиятими, вақт кўрсатади. /Mustafa Kamacı/AA

 

Аммо бу аниқ жавоб эмас. Москвада эълон қилинган сулҳ шартномасига кўра M4 трассасининг атрофида шимол ва жанубга қараб 6 кмлик “хавфсизлик йўлаги” ташкил этилади. Идлиб вилоятининг хавфсизлик йўлагидан жанубдаги, айни пайтда Сурия ҳукумат кучлари эгаллаб турган қисми яна қайтадан Туркия кузатувига берилиши эса бу шартномага киритилмаган. Демак, эртами-кечми Туркия ўзининг назорат нуқталарини бу ҳудуддан олиб чиқиб кетишга мажбур бўлиши мумкин. 

Бу сулҳдан ким ютди? Туркиями, Россиями, Башар Асадми? Идлибдаги қочқинлар тақдири энди қандай кечади? Буни энди сулҳнинг амалий натижаларига қараб хулоса қилишимиз мумкин бўлади.