Сурхондарё вилояти давлат солиқ бошқармаси 349 млн сўмга Equinox харид қилди. Молия вазирлиги бунга рухсат бермаганини билдирди

Сурхондарё вилояти давлат солиқ бошқармаси 349 млн сўмга Equinox харид қилди. Молия вазирлиги бунга рухсат бермаганини билдирди

Сурхондарё вилояти давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан амалга оширилган қарийб 3 млрд сўмлик давлат харидлари ҳақида маълумотлар тарқалди.

Унга кўра, Сурхондарё вилояти давлат солиқ бошқармаси 349 млн сўмга Equinox автомобилини харид қилган.

Давлат харидлари порталида жойлаштирилган ҳужжатларга кўра, Давлат солиқ бошқармасига ушбу русумдаги машинани сотиб олишга Молия вазирлиги рухсат берган.

Молия вазирлиги хабарига кўра, Сурхондарё вилоят Давлат солиқ бошқармаси томонидан бошқарма балансидаги, 2013 йилда ишлаб чиқарилган “Нексия-2” русумли автотранспорт воситаси бугунги кунда эскириб яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги сабабли унинг ўрнига белгиланган лимит доирасида бир дона хизмат автомашинаси харид қилишга рухсат сўраб, 2020 йил 2 октябрда вазирликка мурожаат қилинган.

Мазкур мурожаатга Молия вазирлигининг 2020 йил 9 октябрдаги жавоб хати билан юқоридаги автотранспорт воситасини ўрнатилган тартибда сотиш ҳамда унинг ўрнига белгиланган лимит доирасида Солиқ органларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан бир дона Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган “Нексия-3” русумли хизмат автомашинаси харид қилишга эътирози йўқлиги маълум қилинган.

“Бироқ, Бошқарма томонидан “Ўзавто” дилери “Авто-центр-Қашқадарё” билан Бошқарма ўртасида 2020 йил 30-сентябрда тузилган 3-250-2020-1563UA-сонли шартномага асосан Equinox русумли автотранспорт воситаси харид қилинган.

Молия вазирлиги томонидан ўтказилган хизмат суриштирувига асосан, ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган хат, хусусан, Сурхондарё вилоят Ғазначилигига тақдим этилган Молия вазирлигининг юқорида қайд этилган 2020 йил 9-октябрдаги ЕС 8724-сонли хати ўзгартирилганлиги, яъни ““Нексия-3” русумли” сўзлари чиқариб қалбакилаштирилганлиги аниқланди.

Қалбакилаштирилган хат

Юқоридагиларни инобатга олиб, ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига ваколати доирасида Молия вазирлигининг жавоб хатига ўзгартириш киритган мансабдор шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилиши юзасидан ўрнатилган тартибда Молия вазирлигининг мурожаати йўлланди”, - дейилади вазирлик изоҳида.

Ўз навбатида, Давлат солиқ қўмитаси муносабатида айтилишича, ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказиш тўғрисида қўмита раисининг буйруғи қабул қилинди.

“Хизмат текшируви давомида аниқланган маълумотлар қўшимча равишда эълон қилинади. Давлат солиқ қўмитаси ОАВ вакиллари ва блогерларга ушбу ҳолатга аниқлик киритилишида фаол иштироки учун ўз миннатдорлигини билдиради ҳамда жамият манфаати йўлида бу каби муҳокамалар учун доимо очиқ эканлигини маълум қилади”, - дейилади ДСҚ матбуот хизмати муносабатида.