Сурхондарё вилояти ҳокимлиги депутатликка номзодлар билан махфий суҳбат ўтказилгани ҳақидаги хабарларга жавоб берди

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги депутатликка номзодлар билан махфий суҳбат ўтказилгани ҳақидаги хабарларга жавоб берди

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ижтимоий тармоқларда депутатликка, маҳаллий кенгашларга раисликка номзодлар билан махфий тарзда суҳбат ўтказилгани ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан изоҳ берди.

«Маълумки, Президентнинг 2018 йил 4 октябрда қабул қилинган ‘Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида’ги қарори ҳамда 2019 йил 25 июнда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси билан миллий сайлов тизимига илгари қонунчилигимизда мавжуд бўлмаган мутлақо янги тартиб ва қоидалар киритилди. Олдимизда турган сайловлар нафақат қонунчилик нуқтаи назаридан, балки техник-технологик жиҳатдан ҳам мутлақо янгича форматда бўлиб ўтади.

Бу эса, бўлажак сайловларга тайёргарлик ишлари доирасида Сайлов комиссияси аъзоларини тизимли ўқитиш тартибини жорий қилиш ҳамда сайлов жараёнлари иштирокчиларининг ҳуқуқий маданиятини, сайлов комиссиялари фаолияти самарадорлигини оширишни тақазо этади.

Шу мақсадда, 2019 йилнинг 23 июлида Ўзбекистон Республикаси Марказий Сайлов комиссиясининг ‘Сайлов қонунчилиги ва замонавий ахборот технологиялари бўйича тизимли ўқитиш юзасидан чора-тадбирларни тасдиқлаш тўғрисида’ги қарори қабул қилиниб, ҳудудларда Сайлов комиссиялари аъзолигига номзодларнинг ўқишини ташкил этиш белгиланди.

Мамлакатимизда барча жабҳаларда амалга оширилаётган бу каби ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари, давлат дастурлари мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатламига етказишда эса халқ орасида обрў-эътиборга эга кишиларни жалб қилиш муҳим ўрин тутади»,— дейилади хабарда.

Хабарда айтилган суҳбат ҳам бўлғуси депутатликка, маҳаллий кенгашларга раисликка номзодлар билан эмас, балки турли соҳаларда намунали фаолият кўрсатиб келаётган вилоят фаоллари билан ўтказилган.

Суҳбат давомида вилоятда Мустақиллик байрамига бағишлаб ўтказиладиган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишларини самарали ташкил этиш, аҳолига Ҳаракатлар стратегияси, «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» давлат дастури, «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла», «Ҳар бир оила — тадбиркор», «Ёшлар — келажагимиз», «Беш ижобий ташаббус» каби муҳим дастур ва режалар доирасида олиб борилаётган туб ислоҳотлар мазмун-моҳиятини етказиш юзасидан фикр алмашилган.

4