Сурхондарёда 13 ва 16 ёшли бола "Камаз"да рул алмашиб ғишт ташиб юргани аниқланди

Сурхондарёда 13 ва 16 ёшли бола

Сурхондарё вилояти Қизириқ туманида тўхтатилган «Камаз» русумли юк автомобили бошқарувидан 13 яшар бола тушиб келди.

Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ хабар берди.

Маълум қилинишича, давлат рақами белгисиз "Камаз" русумли юк машинасини давлат аҳамиятига эга бўлган 4Р-103 автомобиль йўлининг Қизириқ туманидан ўтган 17-километрида тўхтатилганида, уни мактаб ўқувчиси бошқариб кетаётгани аниқланган.

"Ҳайдовчи" ўзини 13 ёш эканлиги, "Камаз"ни ҳайдашни билиши, ўзи Шерободдаги 72-мактаб ўқувчиси эканлиги, бу йил 7-синфга ўтиши, ҳозирда таътилда эканлигини айтган.

Салонда унинг 16 ёшли шериги ҳам борлиги, улар биргаликда "Камаз"да Қизириқ туманига ғишт ташиб кетишаётгани маълум бўлди.

Болалар уларга юк машинасини ҳайдовчининг ўзи берганини айтишди.

Қоидабузарларга тегишли тушунтиришлар берилди ва ота-онаси иштирокида профилактик суҳбат ўтказилиши билдирилди. 

"Камаз" вақтинча жарима майдончасига қўйилди. Ҳайдовчига тегишли чоралар кўрилади.