Сурхондарёда мактаб ўқувчилари 13 миллиондан ортиқ пул ва ҳужжатларни ўғирлади

Сурхондарёда мактаб ўқувчилари 13 миллиондан ортиқ пул ва ҳужжатларни ўғирлади

31 май куни Сурхондарё вилоятининг Ангор тумани «Наврўз» маҳалласида яшовчи Х.С. исмли аёл туман ИИБга ариза билан мурожаат қилган. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, аризада 30 май куни, номаълум шахслар яшаш уйидан фуқаролик паспорти, уйининг кадастр ҳужжатлари, қизининг туғилганлик гувоҳномаси, 8.400.000 (саккиз миллион тўрт юз минг) сўмлик тилло занжирини, 4.550.000 (тўрт миллион беш юз эллик минг) сўмлик 3 дона тилло узукларини ва 700.000 (етти юз минг) сўмлик бир жуфт тилло зирагини ўғирлаб кетишганини билдирган.

Ички ишлар органлари ходимлари томонидан кўрилган тезкор чоралар натижасида ушбу жиноятни туманнинг «Наврўз» маҳалласида доимий рўйхатда туриб, Тошкент шаҳрида яшовчи мактаб ўқувчиси Х.Я. ва туманнинг «Гулистон» маҳалласида яшовчи мактаб ўқувчиси Х.А.лар содир этишганлиги аниқланиб ушланган ва ашёвий далиллар олинган.

2020 йилнинг 1 июнь куни Х.Я. ва Х.А.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми «в,г» банди билан жиноят иши қўзғатилган.