Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Сурхондарёда ўзига қабр қаздириб, тириклайин кўммоқчи бўлганларга суд ҳукми ўқилди
24.05.2019 11:27,  
31

Жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилояти Қизириқ туман судидаги очиқ суд мажлисида жиноий тил бириктирган айбдорлар Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан айбланди ва суд ҳукми ўқилди, дея хабар берди ЎзА.

Жарқўрғонлик Н.Ибрагимов, Н.Темиров ва Х.Ахмедов моддий наф кўриш мақсадида 2018 йил 1 сентябрь куни жиноий тил бириктириб, режа тузишган. Жиноий режага кўра, Жарқўрғон туманидаги «Чўлбеги чинор» фермер хўжалиги раҳбари Н.Ибрагимов «Обод барака сиймо» фермер хўжалигининг раиси А.Эшназаровни чақиртириб, Н.Темиров билан учраштириш вазифасини аъло даражада бажаради. Режанинг кейинги босқичида Н.Темиров ва Х.Аҳмедов А.Эшназаровга турли хил важларни баҳона қилиб, ундан товламачилик йўли билан пул олишни мақсад қилинган.

– Аввалига Н.Ибрагимов менга «Аваз ва Наврўз билан муаммонгиз бор экан. Бу муаммони ҳал қилиш керак», — деди. «Менинг муаммом бўлса, ўзим ҳал қиламан» дедим. Ундан кейин Нозим Темиров ва Ҳусниддин Аҳмедов билан «Узумзор» маҳалласи ҳудудидаги адирликка бордик. Ўз-ўзидан Нозим Ҳусниддинни қийнаб ура бошлади. Кейин машинадаги белкуракни менга бериб «Ерни ковла ўзингга гўр қазийсан» дегач, белкуракни олиб бир метрлар чуқур ковлаганимдан сўнг чуқурга тушишимни айтди. «Агар эллик миллион сўм берсанг, сенга тегинмайман. Бу воқеа ҳақида кимгадир айтиб қўйсанг, ўзингни ҳам, оилангдагиларни ҳам аяб ўтирмайман» пўписасидан қўрқиб кетдим. Унинг шартига рози эканлигимни айтганимдан сўнг қўлимга дафтар ручка бериб «Эллик миллион сўм Темиров Нозимдан қарз олдим» деб ёзиб қўл қўйишимни айтди. Ёзиб қўл қўйганимдан кейин Н.Темиров ва Х.Аҳмедов ҳам қўл қўйди. Ўзимга тегишли фермер хўжалигининг муҳрини босганимдан сўнг машинамни сотиш ҳаракатига тушдик. Бу орада Н.Темировнинг жияни С.Арапов ёнимга келиб «Олти миллион сўм берсанг, ёзган тилхатингни ва видеотасвир туширилган флешкани ўзим йўқ қиламан, булар ҳам сени тинч қўяди» деб тазйиқ ўтказган бўлса, Н.Темиров эса машинамни сотиб берган ўттиз етти миллион сўмга қаноат қилмасдан «Мана сени тилхатинг, телефонимда видеотасвиринг бор, агар бирор кишига айтсанг сени оиланг билан бирга ўлдириб юбораман. Қолган ўн уч миллион сўм қарзингни ҳам тезроқ қайтар» деб қилган иддаолари вилоят ИИБга мурожаат қилишга мажбур қилди.

Насимбек Ибрагимов «Жарқўрғон» туманидаги «Чўлбеги чинор» фермер хўжалигининг раиси бўлиб ишлайди. Бу жиноятга алоқаси йўқлигини таъкидлар экан, қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Алишер Эшназаров билан кўп йиллардан буён ҳамкорликда ишлаймиз. Фаолиятимиз бир-бирига ўхшаш бўлгани учун бир неча маротаба олди-берди ҳам қилганмиз. 2017 йил қарз сўраганида, ўзи раҳбарлик қилаётган «Обод барака сиймо» фермер хўжалиги ҳисоб рақамига 2017 йил йигирма миллион сўм пулни кўчириш йўли билан қарз сифатида ўтказгандим. Бироз вақт ўтиб, ушбу пуллардан ўн саккиз миллион сўмни қайтариб, қолган икки миллион сўмни кейинроқ беришини айтганди. Қарз берган бўлсам ҳам бирор марта А.Эшназаровга зўравонлик қилганим йўқ.

Н.Ибрагимов судда ёлғон кўрсатма берганлиги маълум бўлгач, фермер қўпчиликнинг олдида уятга қолди. Суриштирув давомида АТБ «Агробанк» Жарқўрғон филиалининг 2018 йил 18 ноябрдаги хатига кўра «Чўлбеги чинор» ва «Обод барака сиймо» фермер хўжаликлари ўртасида пул маблағлари яқин ўн йил ичида ўтказилмаганлиги аниқланди. Кредитга олган машинасини сотишга мажбурланди.

А.Эшназаров 2018 йил ёзининг илк кунларида яхши ниятлар билан банкдан турмуш ўртоғи Д.Хуррамованинг номига Cobalt русумли автомашинасини кредит асосида олиб, сентябрь ойигача автомашина кредитларини ўз вақтида тўлаб келган.

Уюшган жиноятчилар қармоғига тушиб қолиб, ўз жонини ҳимоя қилишга уринган А.Эшназаров кредит асосида олган машинаси уюшган жиноятчиларнинг қистови ва иштирокида деновлик харидорга тўқсон бир миллион сўмга сотишга келишган.

– Нозимни тазйиқи остида Денов туманида яшовчи З.Ашуровга кредитдаги машинамни тўқсон бир миллион сўмга сотдим. Пулнинг ўттиз етти миллион сўмини берган З.Ашуров қолган қирқ уч миллион беш юз минг сўмни автомашинанинг кредити учун ўзи тўлашига ва расмийлаштириш давомида яна ўн миллион беш юз минг сўмни беришига келишдик.

Аввалига Жарқўрғон тумани «Пахтаобод» маҳалласида жойлашган билярдхонасига олиб бориб қўйишни сўраган Нозим машинадан тушар экан Алишер Эшназаровга шу ерда кутиб туришини, бир жойга бориб келишини айтиб, ўзи билярдхонадан белкурак, оқ полиэтилен пакетда пичоқ ва арқон олиб чиқиб, А.Эшназаровга Жарқўрғон тумани, «Узумзор» маҳалласи ҳудудидаги адирликка олиб бориб қўйишни сўраган.

Cobalt автомашинасида айтилган жойга яқинлашганда Нозимнинг режасига кўра йўлга чиқиб турган Ҳусниддинни ҳам машинага миндириб олишди. Манзилга етган, ўз-ўзидан Ҳусниддинни уриб, уни ўлдиришга шайланган Нозимнинг важоҳатидан Алишер чўчиб кетди. А.Эшназаровнинг руҳий ҳолатига таъсир ўтказиш учун Ҳусниддиннинг қўлини арқон билан боғлаб қўйган Нозим Алишернинг қўлига белкуракни бериб, ерни қабр шаклида ковлашни буюрди. Алишер Нозимнинг топшириғи билан қабр шаклида қазилган чуқурликка тушишди. Энг даҳшатлиси, қўлларини ўзи билан олиб борган арқон билан боғлаб, бўйнига пичоқ тираб, ўлдиришга уринган.

– Тўғрисини айтсам, ўзимдан кўра оиламни, фарзандларимни йўқотишдан қўрқдим, – дейди А.Эшназаров. – Уларнинг талабига рози бўлдим. Шундан сўнг ўз машинамда яна билярхонага қайтаётганимизда Нозим танишларидан бирига машинамнинг 4та ғилдирагини ечиб бериб юборди. Шундан сўнг билярдхона ичкарисига мени қамаб қўйишди. Улар менга зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилишди. Қоронғу хонада Нозимдан жабр кўрганини, унга қарши чиқиб бўлмаслигини, керак бўлганда пул, бойлик учун отасини ҳам аямаслигини бот-бот такрорлаган Ҳусниддин ҳам аслида Нозим учун ишлаганини кейин билдим.

37 миллион пулни бўлиб олган шоввозлар 3 миллионини эҳсон қилишган Алишер Эшназаровнинг автомашинасини сотишдан тушган ўттиз етти миллион сўмни олган Нозим Темиров А.Эшназаровга яна ўн икки миллион сўм беришни айтиб, иддао қилган. Осонгина жиноий йўл билан олинган ўттиз етти миллион сўмни ўтган йилнинг 3 сентябрь куни кечки вақтда Н.Темиров, Н.Ибрагимов ва Х.Аҳмедов ўзаро бўлиб олиб, ушбу пулдан уч миллион сўмини Жарқўрғон туманидаги «Тўрахон ўғли Аҳмадхон» жомеъ масжидига эҳсон қилишган.

– Жарқўрғон тумани «Ободгузар» маҳалласидаги «Тўрахон ўғли Аҳмадхон» жомеъ масжидида қоровул бўлиб ишлайман, – дейди С.Аҳмедов.

– 3 сентябрь куни тахминан соат 22:00 ларда Ҳ.Аҳмедов ва Н.Темиров масжидга келиб, имомни сўрашди. У киши эртага эрталаб келишини айтганимда, «Бизни эртага келишга вақтимиз йўқ, ўзингиз бериб қўясиз» дея, уч миллион сўмни эҳсон сифатида бериб кетишди. Эртаси куни эрталаб масжид имоми О.Шоназаровга омонатни топширдим.

Н.Ибрагимов Н.Темиров ва Ҳ.Аҳмедов билан жиноий тил бириктириб, улар билан А.Эшназаровни қўрқитиб, ундан товламачилик йўли билан пул олишни ва бевосита ушбу ҳолатни амалга оширишни Н.Темиров ва Ҳ.Аҳмедовга юклатган. Н.Темиров ўзининг ташаббуси билан А.Эшназаровни ўлдириш билан қўрқитган ва ушбу ҳолатда Ҳ.Аҳмедов унга кўмаклашган, бундан ташқари Н.Ибрагимов воқеа жойида бўлмаган, А.Эшназаровни ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитмаган ҳамда уни зўрлик ишлатиб, ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилмаган, у фақатгина товламачилик жинояти содир этилишига ташкилотчилик қилган.

Судланувчи Н.Ибрагимов ва С.Арапов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-моддаси 2-қисми «в» бандида, судланувчи Н.Темиров ва Ҳ.Аҳмедов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 112-моддаси 1-қисми, 138-моддаси 1-қисми ва 165-моддаси 2-қисми «в» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этишган, – дейди Жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман суди раиси Бахтиёр Мамадаминов. – Судланувчи Н.Ибрагимов 4 (тўрт) йилга, Н.Темиров 5 (беш) йил 3 (уч) ой, Ҳ.Аҳмедов 3 (уч) йил 6 (олти) ой, С.Арапов 3 (уч) йил муддатга озодликдан маҳрум этилди

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан